Украина президенти Владимир Зеленский Россияга халқаро чекловларни четлаб ўтишга ёрдам берадиган тузилмалар ва воситачиларга қарши Украина санкциялар тайёрлаётганини айтди. Бу ҳақда “РБК Украина” хабар берди.

Бу масалани биз ҳамкорларимиз билан муҳокама қилдик. Улар бизни эшитишди. Энди ҳаракатга ўтамиз. Россияга санкцияларни четлаб ўтишда ёрдам бераётган учинчи давлатлардаги субъект ва схемаларга қарши санкция пакетларини тайёрламоқдамиз, деди сиёсатчи.
Шунингдек, у Украина мудофаасини кучайтиришни давом эттираётгани, яқин орада ҳамкорлардан муҳим ҳарбий ёрдам ва кейинги ҳамкорлик қарорларини кутаётганини айтди.
Уруш даврида ҳам, ундан кейинги даврда ҳам муҳим давлатлар билан ҳамкорликни давом эттирамиз. Қайта тикланиш учун жиддий асослар яратмоқдамиз, деди у.
Сиёсатчи агар Россия “кўзгудаги каби” ҳаракат қилса ва камида 30 кун давомида тўлиқ тинчликни таъминласа, Украина дарҳол ўт очишни тўхтатишга тайёр эканини билдирди.
Биз имкон қадар тезроқ, ҳатто бугундан бошлаб ўт очишни тўхтатишга тайёрмиз, агар Россия ҳам худди шундай қадамларга — тўлиқ сукунатга, камида 30 кунлик узоқ муддатли тинчликка рози бўлса. Бу кейинги қадамларни тайёрлаш учун етарли ва адолатли муддат. Россия урушни, ҳужумларни ва бомбардимонларни тўхтатиши лозим, дея таъкидлади Зеленский.
Бундан аввалроқ Россия етакчиси Владимир Путин Ғалабанинг 80 йиллиги муносабати билан уч кунлик вақтинчалик сулҳ эълон қилган эди. У 7 майдан 8 майга ўтар кечаси соат 00:00 дан 10 майдан 11 майга ўтар кечаси соат 00:00 гача амал қилади. Зеленский мазкур сулҳни рад этган ва буни “манипуляция” деб атаган.
Изоҳ (0)