Ерга яқин кунларда оғирлиги қарийб ярим тонна келадиган совет планеталараро космик аппарати қулаб тушади. Бу ҳақда BBC хабар берди.

Космик аппарат 1972 йилда Венерага учирилган “Космос-482” станциясининг қўниш модули ҳисобланади. У ўша вақтдан бери Ер орбитасида қолган. Қурилма айнан қачон сайёра юзасига тушиши номаълум, аммо бу, тахминан, май ойининг биринчи ярмида содир бўлади.
Экспертлардан бирига кўра, унинг турар жой ҳудудларига тушиш хавфи мавжуд. Венера станцияси 1972 йил 31 март куни тонгда Бойқўнғир космодромидан учирилган. У бошқа бир станциянинг захира нусхаси эди. Иккала аппарат ҳам техник хусусиятлари жиҳатидан бир хил бўлган ва “Венера-8” дастури доирасида учирилган.
Бундай такрорий учиришлар сайёралараро тадқиқотлар пайтида муваффақиятга эришиш эҳтимолини ошириш учун қўлланган. Улар “Союз” билан бир оилага мансуб “Молния М” ракеталарида учирилган, бироқ оғирроқ аппаратларни юқорироқ орбиталарга олиб чиқиш учун бир поғона катталаштирилган.
“Венера-8” аппарати 4 кун олдин учирилган ва белгиланган жойга етиб борган. У ўз тадқиқот дастурини тўлиқ бажарган. Аммо “Космос-482” техник носозлик туфайли Венерага етиб бормаган ва Ер орбитасида қолиб кетган.
НАСА сайтининг ушбу қурилмага бағишланган саҳифасида ёзилишича, у тўрт қисмга бўлинган: уларнинг иккитаси пастки Ер атрофидаги орбитада қолиб, 48 соат ичида атмосферада ёниб кетган. Қолган иккита қисми — қўниш модули ва двигатель блоки — юқорироқ эллиптик орбитага чиқиб кетган.
Қайси ҳудудларга қулаб тушиши мумкин?
Orbitал параметрлар асосида ҳисоб-китобларга кўра, эҳтимолий қулаш ҳудуди асосан қуруқлик устидан ўтади, хусусан, Миср, Сурия, Туркия ва Озарбайжон ҳудудлари устидан. Шу сабабли аппаратнинг яшаш ҳудудларига тушиш хавфи мавжуд.
Агар қурилмага тўлиқ шикаст етмаса, ҳисобланган 242 км/соат тезликда Ерга урилса, зарба энергияси тахминан 1,1-1,2 мегажоулни ташкил қилади, бу юзлаб грамм тротил портлашига тенг, деди у.
“Космос-482” қулаши, турли ҳисоб-китобларга кўра, 8—14 май кунлари содир бўлади.
Изоҳ (0)