Исроил Сурия президент Аҳмад аш-Шаръа саройи яқинига зарба берди. Бу ҳақда бош вазир Биньямин Нетаньяху ва мудофаа вазири Исраэл Кацга таяниб, The Times of Israel хабар берди.

Бу Сурия режими учун аниқ сигнал. Биз Дамашқ жанубига қўшин юборилишига ёки друзлар жамоасига қандайдир таҳдид солинишига йўл қўймаймиз, дейилади қўшма баёнотда.
Исроил мудофаа армияси авиаҳужумда қирувчи самолётлардан фойдаланилганини маълум қилди. 30 апрель куни Сурия ҳукумат кучларининг қуролли отрядлари ва друзлар ўртасида тўқнашувлар бошланди. Можаро Дамашқ жанубида асосан друзлар яшайдиган Саҳная шаҳрида юз берди.
Суриядаги друзлар жамоасининг учта диний раҳбарларидан бири бўлган Ҳикмат ал-Ҳижрий друзларни ҳимоя қилиш учун зудлик билан халқаро кучларни жалб қилишга чақирди. Ал-Ҳижрийнинг сўзларига кўра, Саҳнай ва Жараманда содир бўлган тўқнашувлардан сўнг друзлар жамоаси Дамашқдаги ҳукуматга ишончини йўқотга. Шу билан бирга, Сурия ҳукумати хавфсизлик кучлари тартиб ўрнатиш учун юборилганини таъкидлади.
Сурияда ҳокимият алмашганидан сўнг, Исроил друзларни ҳимоя қилишга содиқлигини бир неча бор эълон қилган. Шу билан бирга, оммавий ахборот воситалари тўқнашувлар бўлиб ўтган Дамашқ чеккасидаги Жараман шаҳридаги Друз жамоаси вакиллари ва Сурия ҳукумати ўртасида келишувга эришилгани ҳақида хабар берди.
Ушбу келишувга кўра, друзлар қўлида мавжуд оғир қуролларни ҳукуматга топширади ва барқарорликни мустаҳкамлаш учун шаҳарда умумий хавфсизлик кучлари жойлаштирилади.
Изоҳ (0)