Давлат раҳбари мамлакатда ишлаб чиқарилаётган вагонлар ва Урганч-Хива электрлаштирилган темир йўлини кўздан кечирди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.

Бугунги кунда Бухоро—Урганч—Хива темир йўли электрлаштирилиб, 960 километрлик ҳимоя тўсиқлари ўрнатилди ва сунъий иншоотлар қурилди.
Бу йўналиш учун Жанубий Кореянинг Hyundai Rotem компаниясидан юқори тезликдаги 6 та электропоезд харид қилиниб, келгуси йилдан “Жалолиддин Мангуберди” номи остида Тошкент—Хива йўналишига қўйилади.

Натижада йилига 3 миллиондан ортиқ йўловчига хизмат кўрсатилади. Ҳозирда Тошкентдан Хивага 14 соатда етиб борадиган поезд мазкур йўналишда ҳаракатга қўйиладиган электропоезд имкониятлари туфайли 7 соат 40 дақиқада етиб боради.
Шунингдек, юк поездлари ўтказувчанлиги қарийб 6 миллион тоннага етади. Ҳозир бу кўрсаткич 1 миллион тонна.

Президентнинг 2023 йил 10 октябрдаги темир йўл транспорти соҳасини тубдан ислоҳ қилиш тўғрисидаги қарори асосида вагонсозлик тармоғи ҳам мустаҳкамланмоқда. Жумладан, Тикланиш ва тараққиёт жамғармасидан 50 миллион доллари йўловчи вагонлари ишлаб чиқариш учун йўналтирилган. Жорий йил биринчи чоракда дастлабки 10 та йўловчи вагони қуриб битказилди.
Давлат раҳбари улардаги қулайликларни кўздан кечирди.

Келгуси икки йилда йўловчи вагонлари сони 70 тага кўпайтирилиб, эски турдагиларидан босқичма-босқич воз кечилади. Натижада йилига бир миллион нафардан ортиқ қўшимча йўловчини ташиш имконияти яратилади.
Президент ушбу янги поездда жамоатчилик билан бирга Урганчдан Хивага борди. Йўл бўйлаб жойлардаги ободончилик, дала четларида экилган кўчатларни кузатиб борди.

Вилоятда ўтган йили “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида қарийб 10 миллион туп дарахт ва бута кўчатлари экилган. Йирик саноат корхоналари томонидан “яшил белбоғ”лар барпо этилган.

Бу йил эрта баҳорда ҳам зироатчилик кўлами кенгайди. Вилоятдаги 1 минг 100 гектардан зиёд дала четлари ва каналлар атрофидаги майдонларга даромадли маҳсулотлар экилди. Уларни кафолатли харид қилишга тадбиркорлар бириктирилган. “Агрокўмакчи” мобил иловаси орқали дала четлари ҳақидаги маълумотлар жамоатчиликка етказилмоқда.
Изоҳ (0)