Таиланд Қироллиги Мьянмадаги фирибгарлик қурбони бўлган тўққиз нафар МДҲ мамлакатлари фуқаросига ўз ватанига қайтишда кўмаклашди. Бу ҳақда Ташқи ишлар вазирлиги ҳафталик брифингида маълум қилинди, дея хабар бермоқда ТАСС агентлиги.

“МДҲга тегишли қуйидаги мамлакатлар фуқаролари аллақачон ватанига қайтарилди: Ўзбекистон – 2 нафар, Қирғизистон - 2 нафар, Қозоғистон - 4 нафар, Россия - 1 нафар”, деди вазирлик вакили.
Таиланд ТИВ ахборот департаменти бош директори ва матбуот котиби Никондет Палангкун маълум қилишича, 29 апрель ҳолатига кўра, Таиланд томони Мьянмадан камида 9237 нафар қутқарилган чет эл фуқаросини қабул қилган, улардан 7520 нафари аллақачон ватанига қайтарилган.
“Энг катта гуруҳ - 5,4 мингдан ортиқ киши Хитой фуқароларидан иборат. Одам савдоси қурбонлари орасида Индонезия, Ҳиндистон, Ветнам, Малайзия, Лаос, Филиппин, Руанда, Уганда, Жазоир, Малави ва Зимбабве фуқаролари ҳам бор”, дейди Палангкун.
Матбуот котибининг сўзларига кўра, яқин келажакда яна тахминан 20 мамлакат вакиллари бўлган 1,7 минг киши Мьянмадан Таиландга келиши кутилмоқда.
“Ташқи ишлар вазирлиги репатриация жараёнини осонлаштириш учун тегишли элчихоналар ва консулликлар билан ҳамкорликни давом эттирмоқда”, дея қўшимча қилди у.
Таиланд февраль ойида Мьянманинг фирибгарлик қўнғироқ марказлари жойлашган бешта чегара ҳудудида электр таъминотини тўхтатди. Қироллик ҳукумати вакиллари таъкидлашича, телефон ва интернет фирибгарлиги муаммоси мамлакатга жиддий зарар етказган - 2022-2024 йилларда 500 мингдан ортиқ таиландлик жиноятчилар қурбонига айланган. Зарар 60 миллиард батдан ортиқ (1,8 миллиард доллар) деб баҳоланмоқда.
Интернет фирибгарлиги билан шуғулланувчи Мьянма қўнғироқ марказларида, одатда, чет элликлар ишлайди. Улар фирибгарлар томонидан алданиб, ишлашга мажбур қилинганликларини таъкидлашади. Мьянманинг Карен штати чегара қўшинлари аввалроқ Таиланд билан чегара яқинида жойлашган фирибгарлик қўнғироқ марказлари билан боғлиқ 10 мингга яқин кишини Таиландга депортация қилишга тайёрланаётганини маълум қилган эди.
Ўзбекистоннинг Бангкок шаҳридаги Бош консулхонаси Мьянмада одам савдоси қурбони бўлган Ўзбекистон фуқароларини ўз оиласи бағрига қайтишида амалий ёрдам кўрсатгани хабар қилинганди.
Шунингдек, Таиланднинг Паттая шаҳрида оғир касалликка чалинган ўзбекистонлик фуқаро ватанга қайтарилганди.
Изоҳ (0)