Ярим аср олдин “Буратинонинг саргузаштлари” номли икки қисмли фильм экранларга чиққанди. Энди мазкур фильм қайта суратга олинмоқда: қаҳрамонлар ўша-ўша, лекин уларни ижро этган актёрлар янги.
Буратино
Болаликдан таниш бўлган фильмда ёғочдан ясалган тиниб-тинчимас болакай ролини Дмитрий Иосифов ижро этган. Бироқ қаҳрамонга актриса Татьяна Канаева овоз берган.
Янги фильмда Буратинони жонлантиришда компьютер графикаси ёрдам беради. Ҳаракатлар махсус кийим кийган ҳолда тасвирга тушиш майдонида ишлаётган актриса Вита Корниенкодан ёзиб олинади.
Карло ота
1975 йилги фильмда кекса шарманкачи Карло ролини Николай Гринко ижро этган. Бу актёр “Электроникнинг саргузаштлари” фильмида профессор Громов ролини ҳам ижро этган. Громов фаннинг энг сўнгги ютуқлари ёрдамида яратилган бошқа бир тиниб-тинчимас болакайнинг “отаси” ҳисобланади.
Янги фильмда Карло ота ролини Александр Яценко ижро этади. Кўпчилик уни шов-шувга сабаб бўлган “Сени ким ўлдирганини биламан” сериалидаги Герман роли билан эслаб қолган.
Карабас Барабас
Эски фильмда қўғирчоқ театри эгаси ва қўғирчоқ фанлари доктори, синёр Карабас-Барабасни буюк актёр Владимир Этуш маҳорат билан ижро этган. Карабас ижро этган қўшиқ мусиқасини Алексей Рибников басталаган, аммо шеърлар турли ижодкорлар қаламига мансуб эди. Маккор Карабаснинг қўшиғини эса Булат Окужава ёзган.
Янги “Буратино” фильмида эртаклардаги ёвуз қаҳрамоннинг қалин мўйлови ва соқоли ортида таниқли актёрни ҳар ким ҳам таний олмайди. Карабас ролини Фёдор Бондарчук ўз зиммасига олди. Актёрнинг гримига ҳар сафар 3-4 соат вақт кетарди.
Малвина
Малвина ролини ёш Таня Проценко ижро этганди. У фильмдаги энг ёш актриса эди — қизалоқ атиги 6 ёшида суратга тушган. Янги фильмда эса бу рол ёши каттароқ актриса — Валентина Тализинанининг набираси Анастасияга насиб этди. Анастасия аллақачон “Ватанпарвар” сериали, “Кентавр” ва “Ҳаво” фильмларида истеъдодини намоён қилишга улгурган.
Тошбақа Тортила
Донишманд тошбақа ролига Фаина Раневскаянинг ўзини таклиф этишган, бироқ буюк актриса ёши ўтиб қолганини айтиб, ўрнига Рина Зеленаяни тавсия қилган.
Бироқ янги фильмда бу рол миллионлаб томошабинларга таниш ва севимли бўлган актриса — Светлана Немоляевага насиб этди.
Дуремар
Зулук сотувчи, пасткаш Дуремар образи Владимир Басовнинг фильмографиясидаги энг ёрқин роллардан бирига айланган. Актёр бу ролни оғир касалликдан атиги бир йил ўтиб, ўрнидан туролмай қолиб, ҳасса билан юришга мажбур бўлганидан кейин ижро этганди.
Замонавий “Буратино”да Дуремар роли Лев Зулқарнаевга насиб этди. Актёр “Йигит сўзи” сериалидаги Зима роли орқали кўпчиликка таниш. У аллақачон ёш А.С. Пушкин ва композитор Рахманиновни, шунингдек, “У жуда ажойиб” сериалидаги оддий йигит Леняни ўйнашга муваффақ бўлган.
Перо
Ғамгин ошиқ Перони Роман Столкарц ижро этганди.
Янги фильмда шоир ва романтик Перо ролини “Муз 3” ва “Ойпарастлар” фильмларидаги роллари билан танилган Степан Белозеров ижро этади.
Тулки Алиса
Айёр тулки Алиса ролини Елена Санаева шундай маҳорат билан ижро этганки, у узоқ вақт давомида режиссёрлар учун комедия жанрининг етакчи актрисасига айланди.
Янги “Буратино”да бу ролни Виктория Исакова ижро этади. Актрисанинг фильмографиясида кўплаб муваффақиятли роллар мавжуд. Яқинда у “Юз йил олдин” фильмида Кира Селезнёва образини гавдалантирди.
Мушук Базилио
1975 йилдаги фильмда сохта кўр мушук ролини Ролан Биков ижро этган. У бу ролни ўзига хос ёрқинлик, истеъдод ва маҳорат билан бажарган. Янги фильмда эса кўплаб томошабинларнинг севимли актёри бўлган Александр Петров шу ролни ўйнайди.
Изоҳ (0)