Сенатнинг 30 апрелдаги ялпи мажлисида ер ва сув ресурсларини муҳофаза қилишнинг ҳуқуқий асосларини такомиллаштиришга қаратилган қонун маъқулланди.

Мажлисда қайд этилишича, ҳозирги вақтда бўш турган ерларни ҳисобга олиш, қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерларни ер фондининг бошқа тоифасига ўтказиш механизмларини такомиллаштириш, ҳуқуқ эгаларининг ер участкаларини олганлик учун ҳақ тўлашни амалга ошириш юзасидан масъулиятини кучайтириш зарурати туғилмоқда.
Шунингдек, ер ости сувларини ерларни суғориш ва бошқа мақсадлар учун олиш кескин ўсгани, шунингдек қудуқларни рухсатсиз бурғилаш ва сувлардан назоратсиз, ҳисобга олмасдан фойдаланиш ҳоллари давом этаётганлиги сабабли ерости сув ресурсларини муҳофаза қилиш чораларини кучайтириш зарур.
Қонун билан Ер кодексига давлат мулкидаги бўш турган ерларнинг ҳисобга олинишини ташкил этишни, қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ер участкаларида рухсат этилган фойдаланишнинг асосий турига мос бўлган объектларни жойлаштиришни, ер участкаларини олганлик учун ҳақ белгиланган муддатларда тўланмаганда ер участкаларига бўлган ҳуқуқни бекор қилишни назарда тутувчи қўшимча ва ўзгартиришлар киритилмоқда.
Шунингдек, қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерларнинг турларига аниқлик киритилмоқда, суғориладиган ерларни ер фондининг бошқа тоифасига ёки суғорилмайдиган ерлар тоифасига ўтказиш бўйича аниқ талаблар белгиланмоқда, қишлоқ хўжалиги ва ўрмон хўжалиги ишлаб чиқаришининг нобудгарчиликлари ўрнини қоплаш зарур бўлган ҳоллар кенгайтирилмоқда.
“Лицензиялаш, рухсат бериш ва хабардор қилиш тартиб-таомиллари тўғрисида”ги қонунга ерости сувларига қудуқни бурғилаш учун рухсатнома бериш ўрнига ер ости сувларига қудуқларни бурғилаш фаолиятига рухсатнома бериш тартибини жорий этиш белгиланмоқда. Жумладан, Солиқ кодексида ерости сувларидан фойдаланувчилар томонидан сувни ҳисобга олиш воситаларисиз сув олинганида солиқ тўловини белгиланган солиқ ставкасининг беш баравари миқдорида ундириш назарда тутилмоқда.
“Ўзбекистон Республикасининг маъмурий-ҳудудий тузилиши тўғрисида”ги қонунга маъмурий-ҳудудий бирликларнинг давлат реестрида объектни маъмурий-ҳудудий белгилашнинг тизимли коди тўғрисидаги ахборот акс эттирилишига қаратилган ўзгартиришлар киритилмоқда.
Сенаторларнинг таъкидлашича, қонуннинг қабул қилиниши ерларни муҳофаза қилиш ва ер участкаларидан фойдаланиш самарадорлигини оширишга, Маъмурий-ҳудудий бирликлар давлат реестрининг ахборот тизимини такомиллаштиришга, шунингдек ерости сувларидан қонунга хилоф равишда фойдаланишнинг олдини олишга хизмат қилади.
Ўзбекистонда ерости сувларидан фойдаланиш
Ўзбекистонда 2024 йил 1 январдан сув ҳисоблагичсиз ер ости сув олиш иншоотларидан фойдаланиш тақиқланган. Республиканинг 7 та вилояти 21 та туманида ерости сувлари сатҳининг 5 метр ва ундан ортиқ пасайиб кетаётган ҳолатлари қайд этилиб, мазкур ҳудудларда сувга қудуқ бурғилаш ва улардан фойдаланиш бўйича мораторий жорий этилди.
Ерости сувлари сатҳнинг ўртача кўп йиллик сатҳга нисбатан 5 метрдан ортиқ пасайиб кетган ҳудудларда ерости сувларидан фақат ичимлик мақсадларида фойдаланиш мумкин. Бунда ерларни суғориш ва ишлаб чиқариш мақсадларига гидрогеологик хулоса бериш, ерости сувларига қудуқларни бурғилаш ҳамда мавжуд қудуқлардан ерларни сув тежовчи технологияларсиз суғориш тақиқланади.
Масъуллар ҳам бу ўзгаришга изоҳ бериб, аҳоли фойдаланадиган “качалка” ёки бошқа усулда хонадон истеъмоли учун ер остидан сув олинса, бунга ҳеч қандай тўлов олинмаслиги, фақат катта майдонларни суғориш учун амал қилишини ва сув солиғи сифатида олинишини билдирганди.
Изоҳ (0)