Шимолий Кореяда янги кўп мақсадли “Чхве Хён” эсминецининг қуроллари синовдан ўтказилди. Жараённи Ким Чен Ин ва унинг қизи кузатди. Бу ҳақда KCNA хабар берди.

Эсминец қурол тизимларининг биринчи синови 28 ва 29 апрель кунлари бўлиб ўтди. Ким Чен Ин флотни ядровий жиҳатдан мустаҳкамлаш “давлат суверенитетини ҳимоя қилишда муҳим” эканини таъкидлади. Синовлар доирасида қуйидаги қурол турлари ишлатилган:
- юқори тезликдаги қанотли ракеталар;
- стратегик қанотли ракеталар;
- зенит (ҳаво ҳужумидан мудофаа) ракеталари.

Шунингдек, 127 миллиметрли палубали автоматик замбаракдан ҳам ўқ отилди. Бундан ташқари, кемага қарши тактик бошқариладиган қуроллар, автоматик, тутун чиқарувчи тўплар самарадорлиги текширилди.

Ким Чен Ин эсминецнинг синовларга тез тайёргарлик кўраётганини таъкидлаб, буни “қатъий режа асосида” бажариш ва қурол-яроғ тизимларини биргаликда қўллашга тайёргарликни иложи борича қисқа муддатда такомиллаштириш зарурлигини айтди.

Шунингдек, у кеманинг ўт очиш тизимларини юқори баҳолади — бу тизимлар энг кучли зарба берувчи қуролларни, жумладан, юқори тезликдаги қанотли ракеталар ва стратегик қанотли ракеталарни умумий мудофаа тизимлари билан самарали уйғунлаштира олади.



Изоҳ (0)