“Реал Мадрид” ёзги трансфер ойнасида ҳимоя чизиғини кучайтиришни режалаштирган, аммо бу йўлда ортиқча харажат қилишни истамаяпти.

Аввалроқ “қаймоқранглилар” “Борнмут” ҳимоячиси Милош Керкеш ва “Бенфика” футболчиси Альваро Фернандешга қизиқаётгани ҳақида хабарлар чиққан эди. Бироқ клуб бу икки чап қанот ҳимоячисига белгиланган нархлардан норози бўлди. Шу боис ушбу трансфердан воз кечади.
Маълумотларга кўра, 21 ёшли Керкеш учун 55 миллион евродан кўпроқ, 22 ёшли Фернандеш учун эса 50 миллион евро сўралмоқда. Журналист Марио Кортежананинг хабар беришича, “Реал” бу вариантлардан воз кечиши ва эътиборни “Жирона” футболчиси Мигел Гутерресга қаратиши мумкин.
23 ёшли Гутеррес — “Реал” академияси тарбияланувчиси. Клуб аввалроқ уни “Жирона”га сотиб юборган, аммо ўшанда “Реал” раҳбарияти шартномага футболчини белгиланган нархда қайтариб олиш ҳуқуқини киритган. Ҳозирда “қаймоқранглилар” битимдаги шу бандни фаоллаштириб, Мигелни ортга қайтариш ҳақида ўйламоқда. Айни пайтда Гутерреснинг трансфер нархи атиги 8 миллион еврони ташкил қилмоқда.
Изоҳ (0)