Арманистон бош вазири Никол Пашинян Усмонли империясида арманлар геноцидининг 110 йиллиги арафасида Ереванда ўтказилган машъала юришида Туркия ва Озарбайжон байроқларининг ёқиб юборилишини қоралади. Бу ҳақда News Armenia нашри хабар бермоқда.

Маълум қилинишича, Арманистон пойтахти Ереванда “арманлар геноциди” деб аталган воқеанинг йиллигига бағишланган машъала юриши ўтказилган. Республика майдонидан бошланган намойиш олдидан иштирокчилар Озарбайжон ва Туркия байроқларини ёқиб юборишган.
Сўнгра қўлларида машъала тутган одамлар шаҳарнинг марказий кўчалари бўйлаб юриш бошлаган.
Арманистон бош вазири матбуот котиби Назели Багдасаряннинг маълум қилишича, Никол Пашинян ушбу ҳолат юзасидан муносабат билдириб, Туркия ва Озарбайжон байроқларининг ёқиб юборилишини қоралаган.
“Бош вазир Пашинян бундай хатти-ҳаракатни масъулиятсиз ва номақбул деб ҳисоблаб, қаттиқ қоралайди. Халқаро миқёсда тан олинган давлатнинг, айниқса, қўшни давлатларнинг байроқларини ёқиш давлат раҳбари томонидан бошқача баҳоланиши мумкин эмас. Бу провокацион ва иғвогарона хатти-ҳаракатдир”, деди Багдасарян.
Қўшимча қилинишича, шу билан бирга Бош вазир Пашинян Озарбайжон қуролли кучлари томонидан Сюник вилоятининг Хознавар қишлоғидаги турар жой биноси ўққа тутилишини, Озарбайжон қуролли кучлари томонидан ўт очишни тўхтатиш тартибининг бузилишини қоралаб, Озарбайжон ҳукуматини ушбу ҳодисаларни текшириш ва тушунтириш беришга чақирган.
Изоҳ (0)