Мазкур минисериалларнинг ўзига хос жиҳати шундаки, қисмлар сони олдиндан маълум бўлиб, ҳар бирининг давомийлиги одатда бир соатдан ошмайди.
Совға (2019-2021)
Netflix учун яратилган турк мистик сериали Атие (Берен Саат) исмли рассом аёл ҳақида бўлиб, у тўсатдан ўзида дунё ҳақидаги қадимий билимларни сақлаб келаётганини англаб қолади.
Воқеалар унинг биринчи санъат кўргазмаси очилишидан бошланади. Унда ҳар бир асари у 8 ёшидан бери чизиб келаётган рамзнинг турли кўринишларидан иборат эди. Атие тобора кўпроқ уни ваҳимага соладиган тушлар кўра бошлайди.
Бир куни кечаси Атие Гебекли тепа харобалари қазилмалари пайтида топилган қадимий буюм ҳақидаги янгиликни кўради. Янгилик лавҳасида у 8 ёшидан бери чизиб келаётган рамзнинг айнан ўша иероглифлари акс эттирилган эди. Бу Атиени ўша қадимий буюмни ўз кўзи билан кўриш учун Гебекли тепага боришга ундайди.
Йўлда у пешонасида юлдуз шаклидаги белгиси бор қизни учратади. Қазилмаларда у оилавий ишни давом эттираётган археология профессори Эрхон (Меҳмет Гунсур) билан танишади. Эрхон Атияга янги кашфиётга яқинлашишга рухсат бермайди, аммо кечаси сирли юлдузли қиз Атияни қазилмаларга бошлаб боради.
Бу саёҳат Атиянинг саволларига жавоб бермайди, шу боис у ортга қайтишга мажбур бўлади. Саёҳатдан сўнг яқинлари Атияни психиатрга кўриниши керак деб ҳисоблашади. Кутилмаганда Эрхон юзига тату чизилган кекса аёл билан пайдо бўлади, бу аёл Атиянинг бувиси бўлиши мумкин деб тахмин қилинади. Улар биргаликда саргузаштга отланишади, кўплаб сирларни очиш устида ишлайдилар ва ўзлари ҳамда оилалари ўртасидаги боғлиқликни аниқлай бошлайдилар.
“Тикувчи” (2023)
Психологик драма жанри тобора оммалашиб бормоқда. Аксарият ҳолларда бу жанрдаги муваффақиятли сериаллар психотерапевт Гулсерен Будайижиўғлуга тегишли. Унинг ҳикоялари асосида “Туғилган уйинг — тақдиринг”, “Қизил хона”, “Ойна ортидаги қиз” ва бошқа кўплаб сериалларни томоша қилиш имконига эга бўлдик.
“Тикувчи” сериалининг сюжети ҳам машҳур турк психотерапевтининг ҳикояларидан бирига асосланган.
Сюжет бўйича, Пеями бобосидан истеъдод ва муваффақиятли бизнесни мерос қилиб олган ёш ва машҳур моделер. Бобоси вафот этгач, унга йиллар давомида азоб берган катта оилавий сирни яшириш тобора қийинлашиб боради. Пеями руҳий хаста отасини Истанбулга кўчириб келишга ва унга ғамхўрлик қилишга мажбур бўлади.
Айни пайтда Пеями энг яқин дўсти Димитрийнинг қаллиғи Эсвет (Шифанур Гул) билан танишади.
“Тикувчи” сериали қаҳрамонларни чуқур ўрганишни, уларнинг янги қирраларини аста-секин кашф этишни, хатти-ҳаракатларига тушунтиришлар излашни ёқтирадиганларга манзур бўлади.
“Орзулар ва ҳаёт” (2022)
2022 йилнинг энг кўп муҳокама қилинган сериалларидан бири — “Орзулар ва ҳаёт”. Премьерадан олдин ҳам мелодрама ўзининг машҳур актёрлар таркиби билан эътиборни тортган эди. Бош ролларда: Ўзге Гурел, Юсуф Чим, Айбуке Пусат, Экин Мерт Даймаз, Серкан Тутунжу ва бошқалар.
Сериал сценарий муаллифлари бир ҳикояда романтика, детектив, аёллар дўстлиги ва ўзини англаш қадриятларини уйғунлаштиришга қарор қилишди. Сериалда 4 та қаҳрамон аёл бор, уларнинг ҳар бири ўзига хос шахсиятга эга ва ўз орзуси ортидан қувади. Дикле, Гунеш, Сетенай ва Мелике бутунлай турли хил аёллар, лекин улар дўстликни қадрлайдиган ва ҳар қандай вазиятда бир-бирига ёрдам беришга интилувчи инсонлардир.
Биринчи мавсум тугагандан сўнг, давомини суратга олиш режалаштирилган эди, аммо актрисаларнинг иш жадвалларини мослаштиришнинг имкони бўлмагани сабабли бекор қилинди.
“Эртанги кун келмайдигандек” (2024)
“Эртанги кун келмайдигандек” Нидерландиянинг “Интервью” (2003) фильмининг қайта ишланган варианти ҳисобланади.
Сериал ёш актриса Манола ва тажрибали журналист Ҳакан ҳақида ҳикоя қилади. Улар биринчи бор интервью учун учрашишлари керак. Бу учрашув уларнинг бахтли якунланиш эҳтимоли жуда паст бўлган мураккаб муносабатларининг бошланиши бўлади.
Ҳакан сиёсатга ихтисослашган журналист, бироқ таҳририят кутилмаганда уни нафақат роллари, балки жанжаллари билан ҳам машҳур бўлган актриса Манолиядан интервью олишга юборади. У парламент мунозараларини таҳлил қилишга ўрганган журналист бундай топшириқдан очиқчасига ғазабланади. Манола эса унинг кибор оҳангини дарҳол пайқайди ва у билан хавфли ўйин ўйнашга аҳд қилади.
“Раҳмат, кейингиси!” (2024 йил)
Лайло (Серенай Сарикая) — иқтидорли адвокат, севгилиси билан оғир ажралишни бошдан кечирмоқда. Шахсий муаммоларидан чалғиш мақсадида у янги иш олади: эри Жем билан ажрашаётган нуфузли тадбиркор аёл Тубанинг манфаатларини ҳимоя қилиш. Бироқ Лайло ўз вазифасини бажариш ўрнига кутилмаганда мураккаб руҳий ўйинга аралашиб қолади.
Жем — харизматик, зиддиятли эркак бўлиб, собиқ хотинлари уни манипулятор ва ўзига бино қўйган шахс деб аташади. Аммо Лайло у билан қанчалик кўп мулоқот қилса, шунчалик кўп шубҳага боради: у ҳақиқатан ҳам тасвирланганидай одамми? Шу билан бирга, унинг ҳаётига кириб келган янги танишлар вазиятни янада чигаллаштиради, бу эса унинг ҳис-туйғуларини баттар аралаштириб юборади.
“Пера Палас меҳмонхонасидаги тун” (2022-2024)
Ҳозирги замон ва ўтмиш ўзаро чамбарчас боғланган ҳаяжонли сериал. Мелодрамада бош ролларни Ҳазал Кая ва Селаҳаттин Пашали ижро этишган.
Чарльз Кингнинг танқидчилар томонидан эътироф этилган романи асосида суратга олинган ушбу сериалда замонавий Туркия, хусусан, шаҳарни бугунги кунда биз кўраётган ажойиб масканга айлантиришга ҳисса қўшган инсонлар ҳақида ҳикоя қилинади.
Эсра нашриёт учун қизиқарли воқеа излаётган журналист. У бой тарихи ва сирли ғайритабиий ҳодисалари билан машҳур бўлган Истанбулдаги нуфузли меҳмонхона — Пера саройига ташриф буюради. Бир тақдирли тунда Эсра тўсатдан ўтмишга, 1919 йилга тушиб қолади. У ерда ўтмишнинг кўплаб муҳим шахслари, жумладан, жаноб Халит билан учрашади. Жаноб Халит нафақат Эсранинг ҳозирги замонга қайтиши калити, балки Туркиянинг биринчи президенти Мустафо Камолнинг сайланишининг ҳам калитидир.
Изоҳ (0)