Туркиянинг Истанбул шаҳрида 23 апрель куни 6,2 магнитудали зилзила содир бўлди. Ер силкинишлари 10 сония давом этди. Бу ҳақда Yeni Şafak агентлиги хабар берди.
Маълум қилинишича, зилзила ўчоғи 10 километр чуқурликда жойлашган. Ер силкинишлари соат 12:49 да қайд этилган. Бундан 36 дақиқа олдин эса Мармара денгизи акваториясида 3,9 магнитудали зилзила кузатилган.
Истанбулдаги кучли ер силкинишларидан сўнг такрорий 4,4 магнитудали зилзила қайд этилган. Ҳодиса юз берган пайт янгиликлар бошловчисининг реакцияси жонли эфирга узатилган:
Расмийлар Истанбул аҳолисини зилзиладан зарар кўрган уйларга кирмасликка чақирди. Ўзбекистоннинг Истанбул шаҳридаги Бош консулхонаси эса барча ўзбекистонликларни осойишта бўлишга, расмий манбалар орқали тарқатилаётган маълумотларни кузатиб боришга ҳамда хавфсизлик чораларига риоя қилишга чақирмоқда.
Туркияда 2023 йил 6 февраль куни Қаҳрамонмараш вилоятида 7,7 ва 7,6 магнитудали зилзилалар тўққиз соат фарқ билан содир бўлганди. Туркия ҳукумати зилзилаларни “аср фалокати” деб атаган. Зилзила оқибатида 53 мингдан ортиқ одам ҳалок бўлган, 107 мингдан ортиқ киши жароҳат олган. Туркиялик етакчи сейсмолог Нажи Герюр Истанбулда 7 ва ундан юқори магнитудали зилзила эҳтимоли 60 фоиздан ошишини айтганди.
Изоҳ (0)