АҚШ Мудофаа вазирлиги маълумотлари сизиб чиқиши билан боғлиқ яна бир можаро юз берди. Бу сафар Пентагон раҳбари рафиқаси ва укаси бўлган чатда ҳусийларга зарба беришни муҳокама қилди. Бу ҳақда The New York Times хабар берди.
-ltLRLUzY.avif)
Манбаларга кўра, мудофаа вазири Пит Хегсет унинг рафиқаси, укаси ва шахсий адвокати бўлган ёпиқ гуруҳ чатида Яманга бўлажак зарбалар ҳақида батафсил маълумот берган. Муҳокамалар 15 март куни Signal мессенжерида олиб борилган.
Хегсет ҳусийларга зарба бераётган F/А-18 Hornet қирувчи самолётларининг парвозлар жадвалини юборган. Бу аввалроқ вазирнинг адашиб The Atlantic журналисти бор гуруҳга юборган маълумоти билан бир хил.
Вазирнинг рафиқаси Женифер Fox News телеканали собиқ продюсери ҳисобланади. У Мудофаа вазирлиги ходими бўлмаса-да, эри билан бир неча бор хорижга саёҳат қилган. Шунингдек, чет эл раҳбарлари билан махфий учрашувларга бирга борган, бунинг учун эр-хотин танқидга учраган.
Хегсетнинг укаси Фил ва шахсий адвокати Тим Парлаторе эса Пентагонда ишлайди. Бироқ уларнинг нега Ямандаги ҳусийларга бўлажак зарбалардан хабардор бўлиши кераклиги тушунарсиз, дея таъкидлайди нашр.
Чат Хегсет томонидан унинг шахсий рақамидан яратилган. Ушбу чатда Хегсетнинг рафиқаси, укаси ва адвокатидан ташқари, унинг шахсий ёки профессионал доирасидан яна 10 дан ортиқ одам бор. Хегсет бу одамларнинг барчаси билан вазир лавозимига тайинланишидан олдин таниш бўлган, дейилади хабарда.
Ҳолат юзасидан ҳозирча расмий изоҳ берилмаган. Бу АҚШ мудофаа вазирининг махфий маълумотлардан эҳтиётсизлик билан фойдаланишига оид иккинчи ҳолат. Март ойи охирида АҚШ президенти маъмурияти тасодифан Атлантиc нашри муҳарририни онлайн-чатга қўшиб қўйганди. Мазкур чатда АҚШ мудофаа вазири ва бошқа етакчи амалдорлар Ямандаги ҳусийларга қарши махфий зарбаларни муҳокама қилган.
Шундан сўнг демократлар мудофаа вазири ва президентнинг миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчисини истеъфога чиқишга чақирган. Оқибатда ҳодиса учун жавобгарликни Трампнинг хавфсизлик бўйича маслаҳатчиси Майк Уолц ўз зиммасига олган.
Мен бу гуруҳни яратдим ва ҳамма нарса мувофиқлаштирилганига ишонч ҳосил қилишим керак эди, деган у.
Изоҳ (0)