Нидерландия тинч ва хавфсиз ҳаёт кечириш имкониятига эга бўлиши учун “тиш-тирноғигача қуролланиши” керак. Бу ҳақда мамлакат қироли Виллем-Александр хабар берди.

Қирол тегишли баёнотни Лимбургдаги ҳарбий базадаги чиқишида айтди ва урушга тайёргарлик кўришга чақирди.
Бизда ҳар доим эркинлик ва тинчлик бўлади, деб ўйлагандирмиз. Афсуски, Украина ва бошқа можаролар бундай эмаслигини исботламоқда. Биз ҳақиқатан ҳам тайёргарлик кўришимиз керак, деди Виллем-Александр.
У мамлакат армиясини қайта қуроллантириш учун мудофаа саноатини ҳам қайта қуриш кераклигини қайд этди.
Биз ишлаб чиқаришни тиклаш имкониятига эга бўлишимиз керак, деди Нидерландия қироли.
Мамлакат мудофаа ва хавфсизликка 1,1 миллиард евродан ортиқ сармоя киритишни режалаштирмоқда. 2024 йил ноябрь ойида Нидерландия мудофаа вазири Рубен Брекелманс ҳокимият таҳдидлар кучайиб бораётгани сабабли мудофаага қўшимча 716 миллион евро ажратишини айтганди.
Шу билан бирга, Нидерландия Европа Комиссиясининг 800 миллиард евролик қайта қуролланиш режаларига қарши чиққан. Расмийлар дастурда иштирок этиш давлат қарзининг ошишига олиб келишидан қўрқмоқда. Чунки Еврокомиссия мамлакатларга бюджет қоидаларидан чекинишга рухсат берилишини эълон қилган.
Март ойи охирида Нидерландия мудофаа вазири Киевга ташриф буюрган эди. Ўшанда Украинага 2025 йилда ҳарбий ёрдам сифатида 2 миллиард евро ажратишга қарор қилинган.
Изоҳ (0)