Украинадаги низо Россия мағлубиятга учраган тақдирда тугайди, деди Германия канцлери Олаф Шольц Давосдаги Жаҳон иқтисодиёт форумида нутқ сўзлаётиб.
«Уруш тугаши учун Россия ютқазиши керак. Мана шунинг учун ҳам шериклар билан маслаҳатлашувлар ўтказган ҳолда Украинага доимий равишда кўп қурол-яроғ етказиб беряпмиз», — деди у.
Канцлер Россиянинг Украинада ғалаба қозонишига йўл қўймаслик кераклиги ҳақида аввал ҳам айтиб ўтганди. «Россия бу урушда ютиб чиқмаслиги керак. Халқаро ҳуқуқнинг қўли баланд келиши керак», — деган эди у 2022 йил апрелида. Чегараларнинг бутунлиги ва давлат ҳудудининг яхлитлиги Европа хавфсизлигининг асосий тамойиллари бўлиб қолмоқда, деган эди канцлер Москва томонидан «тиқиштирилаётган» ярашувни номақбул деб атаб.
Шу билан бирга, Германия ҳукумати раҳбари Россия ва НАТОнинг тўқнашувига йўл қўймасликка чақирганди. Декабрда канцлер Москва ва Ғарб ўртасида Украина бўйича зиддиятлар бўлса-да, Россия билан музокаралар бўйича имкониятни йўққа чиқармасликни ёқлаб чиққанди.
18 январь куни Россия президенти Владимир Путин Украинадаги махсус операцияда Россия ғалаба қозониши муқаррар эканини айтди. Песков Украинага қурол-яроғ етказиб берилиши низони дипломатик йўл билан тартибга солишда ёрдам бермаслигини, аммо махсус операция мақсадларига эришишда ҳам халал бермаслигини айтганди.
Изоҳ (0)