20 октябрь санасига боғлиқ диққатга сазовор воқеалар қаторидан Россияда 66 кишининг ўлимига сабаб бўлган футбол учрашуви, АҚШ халқининг нафратига сазовор бўлган собиқ биринчи хоним Жаклин Кеннеди ва Ливия етакчиси Муаммар Каддафининг ўлдирилишига оид фактлар ўрин олган.
«Стадионнинг қора сири» — 66 кишининг ўлимига сабаб бўлган футбол учрашуви
Бундан 40 йил олдин 20 октябрь куни «Лужники» стадионида УЕФА кубогининг 1/16 доирасида «Спартак Москва» (СССР) ва «Харлем» (Нидерландия) ўртасида ўйин ўтказилган. Бир кун олдин қор ёғган, ўйин Цельсий бўйича -10 даража совуқда ўтказилиши керак эди. Шу боис 82 мингта чиптанинг фақатгина 16 мингтаси сотилган, холос.Трибуналарни қор қоплаган, ўйин аввалида мухлислар учун уларнинг иккитасини — «C» (шарқий) ва «А» (ғарбий) қисмларидагини тозалаб, очишга улгуришган. Улар ўзига 50 минг кишини сиғдира олган, шу боис жой ҳаммага етган. Футбол ишқибозларининг аксарияти, 12 мингга яқини метрога яқин бўлган «C» трибунасини маъқул кўришган.
Ўйин соат 19:00 да бошланган, биринчи гол 16-дақиқада «Харлем» дарвозасига урилган. Ўйин охирига бориб, мухлисларнинг катта қисми якуний ҳисоб ойдинлашиб қолгани боис стадионни тарк этишга тушган. Оломон ўша метрога яқин трибунанинг битта зинаси орқали пастга ҳаракатланган.
Ўйин якунланишига 20 сония қолганида «Спартак» футболчиси «Харлем» дарвозасига яна битта гол урган. Шу вақтда трибуна остида тиқилинч бошланиб, совет ва Россия спорти тарихидаги энг фожиавий ҳолатга айланган.
66 киши, асосан, ўсмирлар оёқ остида қолиб кетиб, ҳалок бўлган. Яна шунча одам жароҳат олган. Кенг тарқалган версияга кўра, ҳодиса иккинчи урилган голга билдирилган ҳис-ҳаяжонлар оқибатида юз берган — ишқибозларнинг бир қисми ортга қайтишга тушган ва тиқилинч юзага келган.
«Эҳ, шу голни урмасам бўларди!..», — деган футболчи Сергей Швецов орадан йиллар ўтгач журналистлар билан суҳбатда. Бироқ тергов фожиа голга боғлиқ бўлмаганини, ундан олдинроқ бошланганини аниқлаган.
Гувоҳларнинг сўзларига кўра, зинага бир қиз йиқилиб тушган, бир неча киши унга ёрдам бериш учун кўтарилган, аммо орқадан келаётганлар уларни итариб, оёқости қилган. Уларга бошқа одамлар туртиниб, йиқилган. Зинадан ўта олмай қолган мухлислар бетон полга йиқилишни бошлаган.
Швецовнинг голи, аксинча, вазиятни яхшилаган — эндигина тушишга ҳаракат қилган мухлисларнинг аксарияти ортга қайтиб, босимни камайтирган. Ҳукумат фожиа кўламини яширишга уринган. Эртаси куни «Тунги Москва» газетасида икки қатор хабар чиққан: «20 октябрь куни Ленин номидаги Марказий стадионда бўлиб ўтган футбол ўйинидан чиқиш вақтида ҳаракатланиш тартибини бузган одамлар ўртасида бахтсиз ҳодиса содир бўлди. Жабрланганлар бор. Ҳолат бўйича тергов олиб борилмоқда».
Суд содир бўлган тиқилинчга стадион директори В.Кокришев, унинг ўринбосари К.Лижин, бош комендант Ю.Панчихин ва трибунадаги тартибни сақлашга масъул милиция бўлинмаси раҳбари С.Корягинни айбдор деб топган. Директор ўринбосари бўлган Иккинчи жаҳон уруши фахрийси инфаркт билан шифохонага тушиб қолган, милиция бўлинмаси командири тиқилинчни тўхтатаман деб қаттиқ жароҳат олган, шу сабабли уларга нисбатан тўпланган материаллар алоҳида юритувга олинган.
Ҳодиса ҳақидаги биринчи мақола 1989 йилда пайдо бўлган. «Совет спорти» газетаси «Лужникининг қора сири» номли мақолани эълон қилган. «Фожиадан хабардор ва бехабар эдик. Ишониб, ишонмасдир», — дейилади мақолада.
1992 йилда «Лужники»нинг ғарбий трибунасидаги фожиага 10 йил тўлиши муносабати билан «Дунё стадионида ҳалок бўлганлар хотирасига» номли ёдгорлик ўрнатилган. 2007 йилда эса ҳодисанинг 25 йиллигига «Лужники»да «Спартак» ва «Харлем» фахрийлари ўртасида ўйин ўтказилган. Шунингдек, Нидерландияда фожиага бағишланган «Драма ин ҳет Ленин-стадион» номли китоб чоп этилган.
Америка халқининг нафратига сабабчи бўлган Жаклин Кеннеди
1953 йилда Жаклин Буве Жон Кеннедига турмушга чиққанида АҚШнинг энг севимли инсонига айланган эди. У турмушдан хурсанд бўлмаса-да, биринчи хоним учун идеал намуна ҳисобланган. Афсуски, жуфтликнинг ҳаёти фожиавий якун топган — Кеннеди ўлдирилган. Аммо турмуш ўртоғи, АҚШнинг собиқ президенти ўлимидан беш йил ўтиб, 1968 йилда Жаклин Кеннеди грециялик миллиардер Аристотел Онассисга турмушга чиққан. Бутун Америка аёлнинг бу ишини «хоинлик» деб баҳолаган.Жаклин Кеннеди Аристотел Онассис билан синглиси Керолайн Ли сабаб танишиб қолган, у миллиардер билан бир мунча муддат гаплашиб юрган. Кеннедилар оиласининг ўғли Патрик туғилган кунидан икки кун ўтиб вафот этганидан кейин, Жаклин чуқур депрессияга тушиб қолган. Керолайн унга ёрдам бериш мақсадида опасини Онассиснинг яхтасида Ўрта Ер денгизига саёҳатга олиб кетган. Президентга бу таклиф ёқмаган, аммо аёлига фойда бўлишини ўйлаб, розилик берган.
Таътилда Жаклин ва Аристотел ўртасида муҳаббат учқунлари пайдо бўлган. Сафар охирида Онассис опа-сингилларга қимматбаҳо тақинчоқлар совға қилган. Жаклинга берилган совға синглисиникидан анча қиммат эди.
Учрашувдан бир ой ўтгач, Жон Кеннеди ўлдирилган. 34 ёшга тўлган Жаклин икки боласи билан бева қолган. 57 ёшли Онассис оғир дақиқаларда унга ёрдамга келиб, ёнида бўлган. Қанчадир вақт давомида улар ўз муносабатларини сир тутиб келган.
1968 йилда Жон Кеннедининг укаси Роберт президентлик кампаниясида иштирок этган. Сайловлар 5 ноябрда бўлиб ўтиши керак эди. Бироқ унинг Онассис билан тўйи Робертнинг репутациясига таъсир кўрсатиши ва ғалабасига тўсқинлик қилиши мумкинлигини билган Жаклин (америкаликларнинг аксариятига собиқ биринчи хонимнинг грециялик магнатга турмушга чиқиши ёқмаган) маросимни сайловлардан кейинга қолдиришга қарор қилган.
Жаклин доимо яхши муносабатда бўлган Роберт ўлдирилганида шокка тушган. У эндигина эрининг ўлдирилишини унутаётганди: Кеннеди ўзи ва фарзандларининг ҳаётидан хавотирга тушиб қолган.
Жаклин Робертнинг ўлдирилиши боис тўйни нафақат кечиктирмаган, балки уни октябрга кўчирган. «Онассис унинг хавфсизлигини таъминлаган. Миллиардернинг Скорпиоси — Грецияда шахсий ороли, 75 кишидан иборат армияси ва авиакомпанияси бор эди. У аёл истаган барча нарсани муҳайё қилишга қодир бўлган», — деб ёзади О Пол Брандус.
Онассис севгилисига тўй совғаси сифатида 2 миллион доллар берган. Жуфтликнинг тўйи куёвнинг Грециядаги шахсий оролида бўлиб ўтган. Янги турмуш ўртоғига «розиман» жавобини берган Жаклин мухбирларга Аристотел билан жуда бахтли эканини маълум қилган. Шундан кейин улар Грэйс Келли ва Монако князининг асал ойи ўтган «Кристина» яхтасига кўтарилган.
Жамоатчиликнинг танқидларига қарамай, кейинроқ собиқ биринчи хоним Аристотел Онассис «ҳаётини зулматдан» чиқариб олганини айтади. Шунга қарамай, Жаклин тўйдан кейин болалари билан асосан Нью-Йоркда яшаган, турмуш ўртоғи эса Европада қолиб, саёҳатларини давом эттирган. Онассис жуда сахий бўлган ва Жаклин ҳам унинг пулларини сарфлашга тортинмаган. Миллиардер ҳар ой унга 30 минг доллар бериб турганига қарамай, аёл доим лимитни ошириб келган. Турмушининг биринчи йилида АҚШнинг собиқ биринчи хоними кийим-кечакнинг ўзига ҳозирги эквивалентда 1,25 миллион доллар сарфлаган.
Жуфтлик бахтли ҳаёт кечирмагани ҳақида кўплаб далиллар бор — эр-хотин асосан бир-биридан алоҳида яшаган ва уларнинг умумий жиҳати бўлмаган. Брандуснинг сўзларига кўра, Онассис аёлининг яланғоч суратини тарқатиб, шу орқали Hustler порнографик журналида чоп этилишига сабабчи бўлган. Шу билан бирга, миллиардер рафиқасининг болалари билан яхши чиқишган, улар ҳам Онассисни яхши кўрган. Бироқ Онассиснинг биринчи хотинидан туғилган фарзандлари — Александр ва Кристина Жаклинни шу қадар ёмон кўрганидан уни оиласига қабул қилмаган. Улар Кеннеди отасига фақат пул учун тегган деб ҳисоблаган.
Жаклин ва Аристотелнинг муносабатлари бузилгач, бизнесмен оммага опера қўшиқчиси Мария Каллас билан кўриниш бера бошлаган ва билан узоқ вақт алоқада бўлган. У Жаклин билан ажрашишни истаган, бироқ бойликларини бўлишиш ниятида бўлмаган. Шу сабабли детективларни ёллаб, аёлга қарши далиллар, уни хиёнатда айбловчи маълумотлар тўплашга киришган. Унинг бахтига қарши, Жаклин ҳеч ким билан муносабатда бўлмаган.
Онассиснинг ўлимидан кейин бойлигининг катта қисми қизи Кристинага ўтган. Жаклин эса деярли ҳеч нарсасиз қолган. Ўшанда Кристина Жаклинга Онассислар оиласини тинч қўйиб, бошқа ҳеч нарсага даъвогарлик қилмаслиги учун 26 миллион доллар тўлаган.
Ливия етакчисининг ўлдирилиши
2011 йилнинг 20 октябрь куни Сиртда қуролли исёнчилардан қочишга уринган Ливия етакчиси Муаммар Каддафи ўлдирилган эди. Муаммар Каддафи 1942 йил 7 июнь куни Ливиянинг Сирт шаҳри яқинидаги «Қасри Абу-Ҳодий» қишлоғида, араблашган бадавий барбар оиласида дунёга келган. Муаммар олтинчи фарзанд бўлиб, оиладаги ягона ўғил эди. Унинг отаси кўчманчи чорвачилик билан шуғулланган. Тўққиз ёшида мактабга қатнашни бошлаган Муаммар кейинчалик мактабни уч бор ўзгартирган. Сабаби унинг оиласи кўчманчи ҳаёт тарзида яшаган ва серҳосил жойларни топиш учун тез-тез кўчиб туришган.Ливияда монархияга қарши тўнтаришга тайёргарлик 1964 йилда бошланган. Шу йили Каддафи бошчилигида «Озод социалист офицерлар иттифоқи» ҳарбий ташкилоти тузилган. Ташкилотга курсантлар пухта саралаб олинган, бунда уларнинг характери ва монархияга қарши кайфияти ўрганиб чиқилган.
1969 йилда инқилоб бошланган. Турли сабабларга кўра инқилобни ўтказиш санаси уч марта ўзгартирилган ва ниҳоят 1 сентябрь куни белгиланган. Ҳарбийлар тез орада Триполи, Бенғози ва бошқа йирик шаҳарларда оммавий митинглар ўтказиб, уларни ўз қўлига олган. Шу куни бутун Ливия аҳолиси жонли эфир орқали Каддафининг «шафқатсиз ва маданиятсиз режим қулагани» ҳақидаги нутқини эшитган.
Монархия тугатилади, ҳокимият Инқилобий қўмондонлик кенгаши қўлига ўтган. Мамлакат номи Ливия Араб Республикаси деб ўзгартирилган. Муаммар Каддафи полковник унвонини олган ва Қуролли кучлар бош қўмондони этиб тайинланган.
1970 йилдаёқ Каддафи Инқилобий қўмондонлик кенгаши раислигига сайланган. Шу билан бирга, у Ливия бош вазири ва мудофаа вазири лавозимларини ҳам эгаллаган. 1979 йилга келиб мамлакатда шариат қонунлари тўла ўрнатилган. Каддафи ўзининг сиёсий-ижтимоий ва иқтисодий қарашларини дунёда ҳукмрон икки ғояга қарши шакллантира бошлаган. Унинг «Яшил китоби»да ёритилган «Учинчи дунё назарияси» ғояси ислом аҳкомлари, рус анархистлари А.Куропаткин ва М.Бакунин ғоялари қоришмасидан ташкил топган эди.
Каддафи ҳукуматни ўз қўлига олгач, панараб сиёсатини юргизади. У Ливияни бошқа араб давлатлари билан бирлаштирмоқчи эди. Хусусан, 1969 йил 27 декабрь куни Ливия пойтахти Триполида Миср президенти Жамол Абдул Носир, Судан бош вазири Жафар Нимейри ва Каддафи учрашуви ўтказилиб, уч давлатни бирлаштиришни назарда тутувчи «Триполи хартияси» имзоланади. Кейинги йил 8 ноябрда Миср, Судан ва Ливияни ўз ичига олувчи Араб Республикалари Федерацияси ташкил топгани ҳақидаги «Қоҳира декларацияси» қабул қилинади. Шу йили Каддафи Тунисга икки мамлакатни бирлаштиришни таклиф қилади, аммо президент Ҳабиб Бурғиба бу таклифни рад этади. 1972 йилда у мусулмон давлатларини Фаластинни озод қилиш учун АҚШ ва Буюк Британияга қарши курашишга чақиради.
АҚШ билан анча илиқ алоқаларни йўлга қўйган Миср, СССР билан сиёсий иттифоқчига айланган Ливияни ўз ички ишларига аралашишда айблай бошлаган. Ўз навбатида Миср президенти Анвар Садатнинг Исроил билан дипломатик алоқаларни йўлга қўйиши кўплаб араб давлатлари қатори Ливиянинг ҳам норозилигига сабаб бўлади. 1976 йил Миср, ундан кейин Судан ва Тунис Ливияни ўзларнинг ички ишларига аралашишда айблади. Август ойида Миср қўшини Ливия чегарасида тўплана бошлади.
1977 йилда Каддафи Ливиядаги 220 мингдан ортиқ мисрликларга мамлакатдан чиқиб кетишни, акс ҳолда қамоққа олинишини билдиради. Шу йилнинг 20 июль куни Ливия қўшинлари Мисрга артиллерия ҳужумини уюштиради. Кейинги куни Миср қўшинлари Ливияга бостириб киради, тўрт кунлик жанг давомида ҳарбий ҳаракатларда самолёт ва танклар қатнашади.
Жазоир ва Фаластинни озод қилиш ташкилоти воситачилиги натижасида жанговар ҳаракатлар 25 июлгача тўхтатилади. Каддафининг сиёсий режими тобора халқаро жамиятдан узоқлаша бошлайди. 1978 йилда расмий таклиф билан Триполига келган Ливан шиалар жамияти етакчиси икки ҳамроҳи билан сирли равишда йўқолиб қолади. Ливан ҳукумати Каддафини Ливан шиалари маънавий етакчисини ўғирлаш ва ноқонуний қамоққа олишда айблаб уни ҳибсга олишни талаб қилади.
АҚШ президенти Роналд Рейган Каддафини «Яқин Шарқнинг қутурган ити» дея атаб, Ливияни бомбардимон қилиш тўғрисида буйруқ беради. Триполи ва Бенғози шаҳарлари бир неча кун давомида бомбардимон қилинади. АҚШга қарши қўлловга эришиш учун Каддафи СССРга уч маротаба ташриф буюриб, Брежнов ва Горбачёвлар билан учрашади.
Муаммар Каддафи даврида Ливия анча катта иқтисодий тараққиётга эришди. Каддафи ҳокимият тепасига келгунга қадар аҳолининг саводлилик даражаси 27 фоизни ташкил қилган бўлса, кўплаб кутубхоналар ва таълим муассасалари очилгач, бу кўрсаткич 51 фоизга етади.
Каддафи сиёсий партиялар фаолиятини тақиқлайди ва матбуот устидан цензура ўрнатади. Талаба ва ишчиларга иш ташлаш тақиқланади. Кўплаб сиёсий мухолифлар қамоққа олинади ёки ўлдириб юборилади. Аммо Муаммар Каддафи баъзида мухолифларига жуда юмшоқ муомалада ҳам бўлади. Масалан, унинг шахсан ўзи «Абу Садим» қамоқхонаси дарвозасини бульдозер билан бузиб, 400 юз маҳбусни озод қилган. 2001—2005 йилларда Ливия инфляция даражаси пастлиги бўйича (-3,1 фоиз) Гиннеснинг рекордлар китобига киритилди.
2011 йил 27 февраль куни Бенғози шаҳрида Каддафи режимига қарши кучлар собиқ адлия вазири Мустафо Муҳаммад Абдулжалил бошчилигида Ўтиш даври Миллий Кенгашини тузади. Уруш бир неча ой давом этади, ҳал қилувчи ролни АҚШ ва Франция бошчилигидаги коалиция кучлари ўйнади. НАТО кучлари исёнчиларни ҳаво орқали қўллаб, Каддафи тарафдорлари кучларига қаттиқ зарба беради.
2011 йил 20 октябрь эрта тонгда қўзғолончилар Каддафи кучлари назорати остидаги сўнгги шаҳар Сиртага ҳужумни бошлайди. Муаммар Каддафи шаҳардан қочиб кетишга уринган пайтда НАТО ҳарбий ҳаво кучлари зарбаси натижасида қўлга олинади.
Яраланган Каддафини қўлга олган исёнчилар «самосуд» орқали буюк лидерни ўлдиради. Унинг танаси Триполидаги савдо марказида сабзавот солинадиган музлаткичда ҳамма кўриши учун бир неча кунга қолдирилади. Кейинроқ у ва ўғлининг жасади Ливия чўлларига кўмиб юборилади. Шу тариқа полковник Каддафининг 42 йиллик ҳукмронлиги ва у 1969 йилда амалга оширган инқилоб ҳам якунланади.
«Кун хронологияси» лойиҳаси доирасида ҳар куни эрталаб соат 09:30 да ушбу санага боғлиқ энг муҳим ва қизиқарли воқеалар ёритиб борилади.
Изоҳ (0)