Тошкент шаҳрининг Учтепа туманида 1985 йилда туғилган фуқаро гиёҳвандлик воситалари савдоси билан шуғулланувчи Telegram канал рекламасини девор ва устунларга ёпиштириб юрган вақтида ушланди. Бу ҳақда пойтахт ИИББ матбуот хизмати хабар берди.

Ўтказилган суриштирувларда ҳақиқатанам гиёҳвандлик моддалари тарқатилиши аниқланган. Фуқаро билан суҳбатлашилганда ҳар бир рекламаси учун 2 минг сўмдан пул олаётгани маълум бўлди.
“Бу ишни бошлаганимга 4 кун бўлди. Тўртинчи куни ИИБ ходимлари мени ушлаб олишди. QR код орқали кирилса, бу гиёҳвандлик воситалари савдоси канали эканлигини тушунтиришди. Бу ишни билиб-билмасдан қилиб қўймоқдамиз”, дейди айбланувчи.
Ушбу ҳолат жиноят ишлари бўйича Учтепа тумани судида кўриб чиқилди ва фуқаро МЖтКнинг 56-прим 4-моддаси (гиёҳвандлик воситаларини, уларнинг аналогларини ёки психотроп моддаларни тарғиб қилувчи маҳсулотни тайёрлаш, тарқатиш, реклама қилиш, намойиш этиш) асосан айбли деб топилди.
Фуқарога нисбатан БҲМнинг 100 баравари (37,5 млн сўм) миқдорида жарима қўлланилди.
Гиёҳванд моддалар савдоси:
Март ойи ўрталарида ДХХ Чегара қўшинлари ва Наманган вилояти бўйича бошқармаси ҳарбий хизматчилари томонидан олиб борилган тезкор-қидирув тадбирларида катта миқдордаги наркотик моддаларнинг ўзбек—қирғиз давлат чегарасидан ноқонуний ўтказилган ҳолати аниқланганди.
Шунингдек, Навоий вилоятида наркотик моддалар савдоси билан шуғулланувчи жиноий гуруҳ қўлга олингани, Тошкентда гиёҳванд моддалар савдоси билан шуғулланган талабалар ушлангани, Самарқанддаги тунги клубда 10 минг АҚШ доллари эвазига гиёҳванд модда сотишга уринганлар қўлга тушгани тўғрисида хабар берилганди.
Апрель ойи охирида Тошкент вилоятида наркокурерлик билан шуғулланган коллеж талабаси ушланганди.
Октябрь ойининг 10 куни давомида гиёҳвандлик воситаларини яшириш йўли билан (“закладка”) тарқатган ва шундай ноқонуний фаолият билан шуғулланган 32 нафар шахс ушланган.
Изоҳ (0)