Ўзбекистонда жорий йил қарийб 30 минг гектар майдонда саноатлашган интенсив боғ ва токзорлар барпо этиш режалаштирилган. Бу ҳақда Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Агросаноатни ривожлантириш агентлиги директори Нурали Абдуллаев маълум қилди, дея хабар беради “Дарё” мухбири Азизбек Абдувалиев.

Фото: Ҳамдам Мамадалиев
2024 йили бу кўрсаткич 14 минг гектарни ташкил этган.
“Ушбу 43,3 минг гектардан 21,8 минги тоғ олди ва қир-адирликларда, 21,4 минг гектари эса самарасиз боғ ва токзорлар ўрнида қад ростлайди. Икки йилда жами 33,1 минг гектар мевали боғ ва 10,1 минг гектар токзор барпо этиш режалаштирилган”, дейди агентлик директори Наманганда бўлиб ўтган пресс-тур давомида.
Айни пайтда агентлик томонидан саноатлашган интенсив мевали боғ ва токзорлар барпо этиш бўйича лойиҳалар ишлаб чиқилиб, ҳудудларда амалга оширилмоқда. Бу борада хорижлик, хусусан, туркиялик экспертлар яқиндан ёрдам бермоқда.

Фото: Ҳамдам Мамадалиев
Боғларнинг молиялаштирилиши агентлик томонидан субсидия ёрдамида амалга оширилади. Ҳозиргача 1600 та тадбиркорлик субъекти томонидан кўчатлар экиб бўлинди, уларнинг ҳолати йил давомида агентлик мутахассислари томонидан мониторинг қилиб борилади. Ҳолат қониқарли баҳоланса, ушбу майдонлар янги эгаларида қолдирилади.

Фото: Ҳамдам Мамадалиев
“Яратилаётган боғларда асосан Европадан олиб келинган, иқлим шароитларимизга мослашган, ҳосилдорлиги юқори ўрик, гилос, шафтоли сингари мевали дарахт кўчатлари экилмоқда. Янги интенсив боғлар томчилатиб суғориш технологияси асосида суғорилади, бу эса сувдан фойдаланиш самарадорлигини 5 баробарга оширади. Шу мақсадда йирик сиғимга эга замонавий сув сақлаш ҳовузлари барпо этилмоқда. Дастлабки босқичда улардан бир нечтаси фойдаланишга топширилди”, дейди Нурали Абдуллаев.
Изоҳ (0)