Тошкентда 26 февралга ўтар кечаси қор ёғганидан сўнг пойтахтнинг қатор ҳудудларида дарахтлар қулади. Оқибатда автомобиль ва симёғочларга зарар етди.

Ижтимоий тармоқларда қор оғирлигидан дарахтлар қулашига уларнинг нотўғри, “пальма” қилиб кесилгани сабаб қилиб кўрсатилди. Пойтахт ҳокимлиги бунга муносабат билдириб, дарахтлар ва уларнинг шохлари қулаб тушишига бир нечта омиллар сабаб бўлганини изоҳлади.
Унга кўра:
- кучли ёмғир дарахт шохларининг ивиб, шишишига ва ёғоч тузилмасининг заифлашишига олиб келди;
- ёмғирдан сўнг ҳароратнинг 2 даража совуққача кескин пасайиши шохларни мўрт қилиб қўйди;
- дарахтлардаги муз ва қор уларнинг оғирлигини оширди, бу эса шохларнинг синиши ва шикастланишига сабаб бўлди.
Ҳокимлик хабарида қайд этилишича, шаҳардаги барча дарахтлар Экология вазирлиги реестрида ҳисобга олинган ва шаҳар экология бошқармаси назорати остида.
Дарахтларга нисбатан пальма атамаси қўлланиши нотўғри, чунки шаҳардаги қулаб тушган дарахтларнинг бирортаси ҳам бу тушунчага мос келмайди. Шох-шаббаларни кесиш қатъий тасдиқланган қоидаларга мувофиқ амалга оширилади ва дарахтларнинг умрини узайтиради, дейилади муносабатда.
Пойтахт ҳокимлиги коммунал хизматлар оқибатларини тезкор бартараф этаётганини билдириб, пиёдалар ва ҳайдовчиларни эҳтиёткор бўлишга чақирди.
“Ўзгидромет” қатор ҳудудларда, шу жумладан, 26 февраль куни қор ёғишини прогноз қилганди.
Изоҳ (0)