Саудия Арабистонининг “Ан-Насср” клуби Англиянинг “Вест Ҳэм” жамоасида тўп сураётган 24 ёшли қанот ҳужумчиси Муҳаммад Қуддусни харид қилиш ниятида. Бу ҳақда журналист Бен Жейкобс Х тармоғидаги саҳифасида (собиқ Twitter) хабар берди.

Манбага кўра, Қуддуснинг шартномасида Саудия Арабистони клублари учун мўлжалланган 120 миллион фунт стерлинг (тахминан 140,5 миллион евро) миқдоридаги махсус товон пули банди мавжуд. Бу рақам Англия Премер Лигаси клублари учун белгиланган 85 миллион фунт стерлинг (99,5 миллион евро) миқдоридан анча юқорироқ.
Шунга қарамай, “Ан-Насср” раҳбарияти ҳозирча Қуддуснинг Саудия Арабистони чемпионатига ўтишга тайёрлигига тўлиқ ишонч ҳосил қилмаган. Бироқ улар “Вест Ҳэм” футболчини шартномадаги махсус бандда кўрсатилган нархдан арзонроқ суммага сотишига ишонмоқда. Мазкур банд 1 июлдан 10 июлгача амал қилади.
Жорий мавсумда Муҳаммад Қуддус “Вест Ҳэм” сафида барча мусобақаларда 30 та ўйинда майдонга тушиб, ўз ҳисобига 3 та гол ва 3 та голли узатма ёздириб қўйган. Унинг клуб билан тузган амалдаги шартномаси 2028 йил ёзигача амал қилади. Transfermarkt портали футболчининг қийматини 50 миллион еврога баҳоламоқда.
Изоҳ (0)