Марказий банк бошқаруви 24 апрелдаги йиғилишида асосий ставкани йиллик 14 фоиз даражасида ўзгаришсиз қолдирди.

Қайд этилишича, сўнгги ойларда шаклланган умумий ва базавий инфляция кўрсаткичлари инфляцион жараёнлар ва вазиятнинг муаллақ ҳолатда қолаётганини кўрсатмоқда. Ялпи талаб ва таклиф ўртасидаги номутаносибликлар ҳамда ташқи ноаниқликларнинг кучайиб бориши билан боғлиқ хатарлар пул-кредит шароитларини нисбатан қатъий, жорий даражасида сақлаб қолишни тақозо этмоқда.
Ушбу қарор инфляция кўрсаткичлари ва кутилмаларини барқарор пасайиш трендига қайтаришга ва ўрта муддатли истиқболда 5 фоизлик таргетга эришиш учун етарли шароит яратишга хизмат қилади.
Инфляция даражаси
Йил бошидан умумий инфляция даражаси ўсувчи трендга ўтиб, март ойида йиллик 10,3 фоизни ташкил этди. Айни пайтда, базавий инфляция ҳам тезлашишда давом этиб, йиллик 8,1 фоизга етди. Бу, ўз навбатида, нархларга таклиф омиллари билан бир қаторда талаб омиллари ҳам оширувчи таъсир кўрсатаётганини акс эттирмоқда. Ёқилғи ва энергия таъминоти яхшиланиши ҳамда алмашув курсининг нисбатан барқарор шаклланиши таъсирида аҳоли ва тадбиркорларнинг инфляцион кутилмалари март ойида пасайган бўлса-да, жорий инфляция кўрсаткичларидан юқори даражада қолмоқда.
2024 йилдаги энергия нархлари эркинлаштирилишининг бирламчи таъсири II чорак якунида тугаб, умумий инфлясия учун пасайтирувчи таъсирга эга бўлади. Бундан ташқари, халқаро савдо шароитларининг ёмонлашиши глобал истеъмол нархлари билан бир қаторда ишлаб чиқариш харажатларининг ортиши ва ташқи инфляцион босимларнинг кучайиши хавфини оширмоқда.
Янгиланган прогнозларга кўра, 2025 йил якунига қадар умумий инфляция кўрсаткичи 7-8 фоизлик прогноз коридорининг юқори чегарасига яқин даражада шаклланиши кутилмоқда.
Иқтисодий ўсиш тезлашди
Биринчи чоракда ялпи истеъмол ва инвестицион фаолликнинг ошиши ҳисобига иқтисодий ўсиш 6,8 фоизгача тезлашди. Трансчегаравий пул ўтказмалари ҳажмининг юқори ўсиши ҳамда кредитлаш суръатларининг тезлашиши ҳам ялпи талабни қўллаб-қувватламоқда.
2025 йилда юқори иқтисодий фаоллик ҳисобига ялпи ички маҳсулот ўсиши тенденцияси давом этиб, йил якунида 6 фоиз атрофида шаклланиши прогноз қилинмоқда. Бунда хусусий инвестисиялар иқтисодий ўсишни қўллаб-қувватловчи омил бўлиб, товар ва хизматлар таклифининг ортишига хизмат қилади.
2025 йил бошидан асосий савдо ҳамкорлар валюта курсларининг мустаҳкамланиши ҳамда сўм алмашув курсининг савдо ҳамкор давлатлар валюта курсларига нисбатан барқарорлиги фонида реал самарали алмашув курси ўзининг ўрта муддатли тренди доирасида шаклланмоқда.
Пул-кредит шароитлари жорий қатъийлик даражасининг сақлаб қолиниши келгусида кредитлаш ҳажми ўсишининг мўтадиллашуви ва депозитларнинг юқори ўсиш суръатлари давом этишини таъминлаб ялпи талабни мувозанатлаштирувчи ва монетар омилларнинг инфлясияга таъсирини камайтирувчи хусусиятга эга бўлади.
Май ойида пул-кредит шароитлари қайта кўриб чиқилиши мумкин
Юқорида келтирилган омилларни ҳисобга олиб, ўрта муддатли истиқболда нархлар барқарорлигини таъминлаш мақсадида Марказий банк бошқаруви асосий ставкани ўзгаришсиз, 14,0 фоиз даражасида қолдириш тўғрисида қарор қабул қилди.
Май ойида кутилаётган энергия нархлари эркинлаштирилишининг навбатдаги босқичи инфляция ва инфляцион кутилмаларга иккиламчи таъсирларидан келиб чиққан ҳолда пул-кредит шароитлари қайта кўриб чиқилиши мумкин.
2024 йил 25 июль куни асосий ставка йиллик 0,5 фоиз бандга пасайтирилиб, йиллик 13,5 фоиз даражасида белгиланганди. Асосий ставка етти йил ичида биринчи марта 14 фоиздан пастга тушганди. Шундан буён асосий ставка миқдори ўзгармай келаётганди. 20 мартдаги йиғилишида Марказий банк бошқаруви асосий ставкани 0,5 фоиз бандга ошириб, 14 фоиз даражасида белгилади.
Изоҳ (0)