«Дарё» 26 июль ФҚБ ташкил топгани муносабати билан АҚШ ва дунёнинг энг кучли жиноят қидирув ва суриштирув органларидан бири бўлган ФҚБнинг 112 йиллик тарихи, унинг ютуқлари ва мағлубиятлари, Германия, СССР билан боғлиқ жосуслик воқеалари ҳақида ҳикоя қилади.
ФҚБнинг ҳақиқий тарихи
1908 йилнинг 26 июль санасида АҚШда федерал даражадаги хавфли жиноятларни тергов қилиш, аниқлаш мақсадида Қидирув бюроси ташкил қилинди. Бироқ янги ташкил қилинган бюронинг дастлабки 16 йиллик тарихи сиёсатчиларнинг бир-бирига нисбатан компромат йиғиши, ҳукумат билан келишувга боришга тайёр бўлган «қўли кир» сиёсатчиларнинг Қидирув бюроси маълумотларидан ички интригаларни яратиш учун хизмат қилиш билан ўтди. АҚШнинг 29-президенти Уильям Гардинг даврида Қидирув бюроси ҳаттоки коррупцияга алоқадор сиёсий жанжалларга ҳам аралашиб қолди. Бу бюро тарихидаги тартибсизликнинг авж нуқтаси эди.Муаммо шундаки, президент Гардинг маъмуриятидаги сиёсатчиларнинг аксари пул ва ҳокимиятга худога сиғингандек сиғинар, қонун устуворлигидан зарар кўрадигандек иш кўрар ва халқ олдидаги мажбуриятларини бажармасди. Ички ишлар вазири Альберт Фол йирик нефть корчалонларидан 300 минг доллар миқдорида пора олгани ҳақидаги тафсилотлар оммага ошкор бўлиб қолган бўлса-да, Адлия вазирлиги бўйсунувидаги Қидирув бюроси бу борада қўлини совуқ сувга ҳам урмаслигини намойиш қилади.
Кейинчалик эса президент Гардингни покер ўйинларида ҳамроҳлик қилувчи дўсти Чарльз Форбс пудратчи ташкилотлардан олган миллион доллар миқдоридаги «откат»ларни олиб семириб ётган бўлса-да, Қидирув бюроси терговни бекор қилган ҳолатлар бўлганди. АҚШ жамияти жирканч саҳна ортидаги ўйинлар бўхронида қолиб кетганида 1923 йилда президент Уильям Гардинг тўсатдан вафот этди. Вице-президент Калвин Кулиж АҚШ президенти вазифасини бажара бошлайди.
Қидирув бюроси ислоҳоти
Фермер оиласида вояга етган Калвин Кулиж табиатан камсуқум, давомли маънисиз суҳбатлардан безийдиган, ўзини омма олдида кўз-кўз қилишни мутлақо ёқтирмайдиган, лўнда нутқни хуш кўрадиган президент сифатида собиқ президентдан бир қатор АҚШ жамиятидаги муаммоларни «мерос» қилиб олди. Бу «мерос» жамиятдаги порахўрлик, «dry law» (спиртли ичимликлар ишлаб чиқариш ёки сотишга қарши қонун) билан боғлиқ уюшган жиноятчилик, Линч судлари уюштираётган «Ку-клукс-клан» махфий ташкилотининг фаоллашган пайтига келди.Шунга қарамасдан АҚШ иқтисодиётида ўсиш сезиларли даражада эди. АҚШнинг туб аҳолиси президент Калвин Кулиж даврида АҚШнинг тўла ҳуқуқли фуқаролари сифатида эътироф этилган бўлса-да, жамиятда ҳануз афроамерикалилар билан боғлиқ вазият мураккаблигича қолаверди. Президент Кулиж ваъдалар бериш ўрнига, жамиятни тузатиш, энг аввало, амаллар билан исботланишига ишонарди. Шу боисдан у «Мен АҚШда коррупцияни йўқ қиламан», дея ваъда беришдан тийилди ва мавжуд муаммога қарши кураш бошлади. Ваъдалар берилган тақдирда ҳам америкаликлар бу ваъдага ишонмасликлари тайин эди.
Шу сабабли у АҚШ бош прокурорлигига ўзи ишонган дўсти, машҳур юрист Харлан Фиске Стоунни тайинлади. Навбатдаги иш эса коррупцияга қарши курашиш учун адолатпарвар Эттли Померан ва Оуэн Робертсни махсус прокурорлар қилиб тайинлади. Померан ва Робертс Кулижнинг коррупцияга қарши курашдаги ишончли одамлари эди. Бу эса Калвин Кулижга АҚШда коррупцияга, уюшган жиноятчиликка қарши ҳақиқий кураш олиб бориш ва тизимни ислоҳ қилиш имконини берди.
Қидирув бюроси самарали ишлаши учун Харлан Стоун 1924 йилнинг 10 май санасида 29 ёшли Эдгар Гуверни раҳбар лавозимига таклиф қилади. Эдгар Гувер қатъияти, сотилмаслиги, жамиятнинг умумманфаатлари учун хизмат қилишга бел боғлагани Стоунни бефарқ қолдирмаган бўлса, ажаб эмас. Сал аввалроқ Гувер сиёсий доираларда коммунистларга қарши курашган шахс сифатида яхши таассурот уйғотган, унинг ташаббуси билан АҚШдаги сўл радикалчиларнинг аксарлари фош қилинган эди. Кулиж қарорига мувофиқ, унга Қидирув бюросида катта ваколатлар берилади ва АҚШ қонунларига қатъий бўйсунган ҳолда иш кўриш талаби қўйилади.
- Стоун Гуверга муҳим ваколатни тапширар экан, қуйидаги сўзлари эътиборга молик: «Махфий полиция ташкилоти демократик бошқарув ва демократик институтлар фаолияти учун таҳдид бўлиши мумкин, шу сабабдан ҳам бундай ташкилот ҳокимиятни суиистеъмол қилиши мумкин. Буни қисқа фурсатда англаб олиш учун эса вақт талаб қилинади. Қидирув бюросига берилаётган кенг ваколатлар, албатта, қонунни ишлатиш учун берилмоқда ва бу ваколатлар албатта фуқаролик, жиноят ва федерал қонунчиликни ҳурмат қилган ҳолда амалиётга татбиқ қилиниши керак. Шу сабабдан бюро ходимлари қонун доирасида иш кўриши ва қонунни четлаб ўтмаслиги керак, акс ҳолда улар мансаб ваколатларини суиистеъмўл қилган бўлади».
Аммо шунга қарамасдан орадан беш йил ўтиб, АҚШ тарихида илк маротаба собиқ ишки ишлар вазири Альберт Фол коррупцияда айбдор деб топилди ва бир йил озодликдан маҳрум қилиш ҳамда 100 минг доллар миқдорида жарима тўлашга ҳукм қилинди. Нефть бизнеси вакили Гарри Синклер собиқ вазирга қарши кўрсатма беришдан бош тортгани учун олти ой қамоқ жазоси ва 100 минг доллар миқдоридаги жаримага тортилди. Кулиж сиёсати натижа бера бошлаган эди. Гувер эса ўз ваколатини сидқидилдан жамият манфаати учун қаратганди.
ФҚБ номининг пайдо бўлиши
Айнан Эдгар Гувер даврида — 1935 йилда Қидирув бюроси номи Федерал қидирув бюроси номига ўзгарди. Эдгар Гувер янги номда ташкил топган ФҚБнинг биринчи раҳбари сифатида тарихда қолди. Гувер ҳаётининг кейинг 37 йилини ФҚБнинг директори сифатида ўтказди. Гувер вафотидан кейин АҚШ конгресси ФҚБ раҳбарлари мазкур лавозимда 10 йилдан ортиқ қола олмаслиги борасида қонун лойиҳасини қабул қилди.Эдгар Гувер раҳбарлиги остида ФҚБ бир қатор муваффақиятли махфий амалиётлар ўтказди. Гувер раҳбарлигида ФҚБ Жон Диллинжер, «Кичкинтой» Нелсон, Элвин Карпис, «Автомат» Жорж Келли, «Ёқимтой» Флойд каби жиноят оламининг кўзга кўринган вакиллари ва махфий ирқчилик ташкилоти ҳисобланган «Ку-Клукс-Клан»нинг линч судларига қарши самарали фаолият олиб борди. Гувер раҳнамолиги остида 1932 йилда ФҚБнинг замонавий криминалистика лабораторияси ташкил қилинди. Мазкур лабораториянинг ташкил қилинишини Эдгар Гувер ўзининг энг катта ютуғи сифатида тилга олади.
1930—1940 йиллардаги нацистларнинг «Абвер» ҳаракатининг фош қилиниши
Абвер немис тилида «Abhwer» — мудофаа ёки ҳужумни қайтариш номини беради. Мазкур ташкилот дастлаб Германия империясининг айғоқчилик ва контрразведка бўлинмаси сифатида юзага келади ва вақт ўтиши билан Учинчи рейх сифатида номланган Гитлер ҳукуматининг манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида ҳаракат қила бошлайди.1927 йилда Нью-Йорк соҳилларига асл исми Уильям Ланковски бўлган Вильгельм Шнайдер қадам қўяди. Унинг мақсади эса АҚШда немис жосуслик хизмати тармоғини йўлга қўйиш эди. 1930 йиллар ўрталаридан бошлаб АҚШда немис «ҳудудлари» пайдо бўла бошлайди. «Абвер» ҳар бир миллати немис бўлганларни махсус синовлардан ўтказиб, уларни АҚШнинг муҳим саноат тармоқларига ишга жойлай бошлайди. Шу тариқа АҚШдаги ҳар бир қурол заводида, портларида «Абвер» жосуслари пайдо бўлади. Натижада, Германия АҚШда ишлаб чиқарилаётган ҳар бир учоқ, танк, ҳарбий кемалардан тортиб давлат юқори органларида муҳокама қилинаётган маълумотларни ҳам билиш имконига эга бўлади.
Америкаликлар ҳам бефаросатликдан йироқ, шу сабабдан 1935 йилнинг 25 сентябрида Германияга сузиб кетишга чиққан кема назорат пунктида техник чизмалар ва бир қатор суратларни кўтариб олган йўловчини қўлга олади ва бу ҳақида ФҚБга маълум қилинади. ФҚБ дарҳол йўловчининг буюмларини олиб қўйишни ва ўзини эртасига терговга юборишларини буюради. Қўлга тушган жосус Ланковски бўлиб, у эртаси куни ФҚБга бормай, Канадага «суриб» юборади ва бамайлахотир Бременга келиб олади. Бу эса ФҚБ ўз тарихида дуч келган ягона воқеа эмас эди.
1940 йилга келиб ФҚБ анча тажрибага эга бўлиб қолган, жосусларга қандай тузоқ қўйишни яхши ўзлаштирган тузилмага айланганди. Келиб чиқиши немис бўлган калифорниялик Уильям Себольд Нью-Йорк шаҳрида муҳандис маслаҳатчи сифатида фирма очади. Радиограмма узатиш, Морзе алифбосини, махфий хабарлар юборишни пухта ўзлаштирган Уильям Себольд ортидан ФҚБ кузатув олиб бора бошлайди. ФҚБ Себольд офисига тингловчи «қўнғиз»лар ўрнатиб қўяди ва Себольд учрашган ҳар бир мижоз билан бўлган суҳбатни эшитиш имконига эга бўлади. Керакли маълумотлар қўлга киритилгач, Эдгар Гувер 1940 йилнинг 28 июнь санасида ўз ходимларига Себольд ва унинг офисида бўлган ҳар бир шахсни ушлаш ҳақида топшириқ беради.
Натижада 29 июнь санасида АҚШдаги барча радиостанциялар мамлакат тарихида энг катта жосуслик резидентураси аъзолари қўлга тушгани ҳақида хабар тарқатади. Махфий амалиёт натижасида ФҚБ фашистларнинг 33 жосусини ва беш жосуслик марказини фош қилишга эришганди. Германия жосусларининг барчаси қўлга тушмаган бўлса-да, президент Рузвельт радио орқали барча жосусларга мамлакатни тарк этиш ҳақида огоҳлантириш беради. Нацист Германиясининг АҚШдаги «саргузаштлари» ниҳоясига етади.
ФҚБ ва Совет Иттифоқи
Совет Иттифоқи ва Давлат хавфсизлик қўмитаси дастлаб АҚШнинг 35-президенти Жон Кеннедига уюштирилган суиқасд ортида радикаллашган ўнглар турганини ва улар АҚШ ва СССР ўртасидаги муносабатларни таранглаштириш ортидан ядро уруши бошланишига умид қилгани ҳақида ФҚБ маълумот беради. ФҚБ ошкор қилган маълумотларда агарда президентсиз қолган мамлакатда қандайдир бир генерал ҳокимият тепасига келгудек бўлса, Совет Иттифоқига қарши ядро бошланишидан хавотирга тушгани ҳам айтилади. Аслида эса Жон Кеннедининг ўлимида Совет Иттифоқини айбдор қилиш бу конспирациядан бошқа нарса эмасди.Роберт (Бобби) Жеймс Фишер АҚШда ўз тенгдошлари орасида шахмат бўйича чемпион. 1958 йилда Роберт Фишер АҚШ тарихидаги энг ёш шахмат чемпиони номига сазовор бўлди. Натижада шу йилнинг ўзида Югославияда ўтказилган шахмат чемпионатида иштирок этиш ҳуқуқини қўлга киритди. Турнир давомида АҚШ шахмат федерацияси ёш шахматчи билан Борис Спасский ва Евгений Васюков билан турнир ўтказиш таклифини беради.
Совет Иттифоқи шахмат федерацияси мазкур таклифни қабул қилади ва ёш шахматчи умрида биринчи ва сўнгги бор Москвага ташриф буюради. Мазкур воқеани эса АҚШнинг нуфузли Associated Press янгиликлар нашри бутун АҚШга ёйган. ФҚБ эса Фишер ва унинг оиласини Москвага келишидан олдин кузатувга олган ва уларни коммунистик мафкуранинг тарғиботчилари сифатида баҳолаётган эди. Бироқ ФҚБ Бобби Фишер ва унинг оиласи борасидаги гумонларини 1972 йилда ўзгартиришга тўғри келади. Чунки 1972 йилда Фишер шахмат мусобақасида Борис Спасскийни мағлуб қилиб, «Совуқ уруш»нинг қаҳрамонига айланганди.
2016 йилги сайлов: Россия АҚШдаги сайловларга аралашганми?
2016 йил республикачилар номзоди Дональд Трамп ва демократик партия номзоди Ҳиллари Клинтон орасида президентлик учун мусобақа авж олган бир пайтда хакерлар демократик партия штаб квартирасидаги электрон ёзишмаларга бузиб киргани ҳақида сиёсий жанжал пайдо бўлди. Ҳиллари Клинтон дарҳол мазкур воқеада Россиянинг «қўли» борлигини иддао қилди ва бу билан Россияга Трампни қўллаб-қувватлагани учун «ташаккур» билдирди.ФҚБ директори ўзи масъул бўлган ташкилотда йиғилиш ўтказиб, Россиянинг АҚШдаги президентлик сайловларига аралашиш масаласини тергов қилиш топшириғини берди. Тергов суриштирув жараёнлари АҚШ матбуотида кенг ёйилди. Ҳукумат тепасига келган ҳали қасамёд қабул қилишга улгурмаган 45-президент Дональд Трамп 11 январь санасида ўзининг Twitter’даги аккаунтида «Россия ҳеч қачон менга босим ўтказишга ҳаракат қилмаган. Россиядан кўрадиган манфаатларим — ҳеч қандай битимларим, қарзларим йўқ», деб изоҳ қолдирди.
Шунга қарамасдан Трамп атрофидаги русларнинг унинг ҳокимиятга келишида ёрдам кўрсатгани борасидаги муҳокамалар бутун АҚШ жамиятини диққат марказига айланганди. Суриштирувлар натижасида президент Трамп 90 йилларда Москва билан ҳамкорликни йўлга қўйишга ҳаракат қилгани, 2000 йилга бориб эса москвалик бизнес ҳамкорлар орттиргани ва ҳаттоки 2013 йилда Москвага «Дунё гўзали» халқаро танловини ўтказиш учун боргани ошкор бўлиб қолди.
Бундай маълумотлар эса Америка жамоатчилигида наҳотки 2016 йилги АҚШ президентлиги сайловларида расмий Кремлнинг қўли бўлса, деган саволларни уйғотиши табиий эди. Устига-устак тергов жараёнига тортилган Трамп маслаҳатчиси сифатида бир ой ҳам ишламай лавозимдан кетган Майкл Флиннинг рус элчиси билан АҚШнинг Россияга нисбатан жорий қилган санкцияларини муҳокама қилиши Трамп учун дард устига чипқон эди. 2017 йилда Майкл Флинн ФҚБга ўзининг рус ҳамкорлари ҳақида ёлғон маълумот берганини тан олади. ФҚБ эса тергов жараёнларини давом эттиради.
Бироқ Дональд Трамп Жеймс Комини ўзининг эгаллаб турган лавозимига мос эмаслигида айблайди ва ишдан олиб ташлайди. Бу эса оммавий ахборот воситаларида Трамп терговни тўхтатишни истагани учун ҳам Жеймс Комини ишдан олиб ташлади, деган хабарларнинг урчиб кетишига олиб келади. Ҳаттоки 2019 йилда Сенат Трампга импичмент эълон қилиш ҳақида баҳс юрита бошлайди, аммо махсус прокурор Роберт Мюллернинг икки йил давом этган тергови Трампни сиёсий можарога ҳеч қандай алоқаси йўқлигини исботлаб беради. Президент ўз вазифасини бажаришда давом этади.
Сўнг сўз ўрнида
Бугун ФҚБ дунё махсус хизматларининг энг замонавий технологиялари билан жиҳозланган муассасаси. ФҚБда 30 мингдан ортиқ махсус агентлар, таҳлилчилар, криминалистлар, тиббий суд экспертлари фаолият юритади. ФҚБ АҚШ халқини терроризм, жосуслик, кибер ҳужумлар, жиноий таҳдидлардан ҳимоя қилиш учун фаолият юритиб келади. Шунингдек, ФҚБ ҳамкор давлатларнинг махсус хизматлари ходимлари учун турли малака ўқув семинарлари ташкил қилади, улар билан тажриба алмашиб, хавфсиз жамият қуриш учун АҚШ ҳукуматига ёрдам беради.Жаҳонгир Эргашев тайёрлади.
Изоҳ (0)