Америкалик оила музли кўлга қулаб тушган самолётнинг қанотида 12 соат ўтириб, авиаҳалокатдан омон қолди. Бу ҳақда New York Post хабар бермоқда.

Гувоҳлар ва қутқарувчиларнинг сўзларига кўра, Аляскадаги Тустумен кўли ўртасида 38 ёшли учувчи ва унинг икки қизи Piper PA-12 Super Cruiser самолётининг қанотида омон қолишган. Уларни кўнгилли учувчи Терри Годес топишга муваффақ бўлган. У изланишлар давомида фақат самолёт парчалари қолганини кўриш умидида бўлганини тан олди ва тирик қолган оилани кўриб хурсанд бўлганини айтган.
“Буни кўриб, юрагим эзилиб кетди. Лекин яқинлашиб, пастга тушганимда, самолёт қанотида уч киши борлигини кўрдим. Яқинлашаётганимда уларни тирик кўриш мақсадида дуолар қилаётганимда, уларнинг қўлларини силкитаётганини кўрдим”, деди у Associated Press агентлигига берган интервьюсида.

Годес бошқа кўнгилли учувчиларга топилма ҳақида хабар берган ва ҳамкасби, авиатор Дейл Эйхерни Аляска штат полицияси билан боғланишга ундаган.
Кенай ярим ороли бўйлаб саёҳатга чиққан оила ҳалокат жойидан Аляска Миллий гвардияси вертолёти ёрдамида қутқарилиб, хавфсиз жойга олиб кетилган.
207-авиация полки қўмондони, подполковник Брендон Холбрукнинг сўзларига кўра, қизлар нисбатан қуруқроқ бўлган, учувчини эса бир оз совуқ еган.
Расмий маълумотларга кўра, уч кишидан ҳеч бири ҳаёт учун хавфли жароҳат олмаган.
Изоҳ (0)