Фарғона вилоятида 511 млн сўмлик табиий газдан ноқонуний фойдаланиш ҳолати фош этилди, деб хабар берди “Ҳудудгазтаъминот” АЖ матбуот хизмати.
Маълум қилинишича, Тошлоқ туманининг “Аҳшак” МФЙда жойлашган Ш.Р. хусусий корхонасига қарашли умумий овқатланиш масканида тегишли лойиҳа-техник ҳужжатларисиз тармоққа ўзбошимчалик билан уланган.
Ҳолат юзасидан далолатнома тузилиб, сарфланган табиий газ ҳажми қонунчиликда белгиланган тартибда қайта ҳисоб-китоб қилинди. Истеъмолчи томонидан 511 миллион сўмлик зарар етказилгани маълум бўлди.
Барча ҳужжатлар ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга топширилади.
Бундай ҳолатлар сони ортиб бормоқда
Аввалроқ Самарқанд вилоятидаги корхоналардан бири 553 миллион сўмлик электрдан ноқонуний фойдалангани аниқланганди. Шу билан бирга, Қашқадарёда 177 млн сўмлик газ ва “свет”дан ноқонуний фойдаланган шахслар ушлангани хабар қилинганди.
Шунингдек, Қашқадарёда электрдан ноқонуний фойдаланган корхона давлатга 1 млрд сўмдан зиёд зарар етказган. Бундан ташқари, Тошкент, Самарқанд ва Қашқадарё вилоятларида энергия ресурсларига ноқонуний уланиш ҳолатлари фош этилганди. Шунингдек:
- Бухорода 1,2 млрд сўмлик электрдан ноқонуний фойдаланилгани аниқланди
- Қорақалпоғистоннинг учта ҳудудида 845 млн сўмлик газдан ноқонуний фойдаланилди
- Бухоро ва Жиззахда электрдан ноқонуний фойдаланганлар 360 млн сўмдан зиёд зарар етказди
- Учта вилоятда қарийб ярим млрд сўмлик газдан ноқонуний фойдаланилди
Изоҳ (0)