Тошкент шаҳрида 440,9 млн сўмлик табиий газдан ноқонуний фойдаланган иссиқхона фош этилди, деб хабар бермоқда “Ўзэнергоинспекция”.

Унга кўра, ҳолат “Ўзэнергоинспекция” Тошкент шаҳар ҳудудий бошқармаси, шаҳар прокуратураси ва газ таъминоти корхонаси ҳамкорлигида ўтказилган назорат тадбирида аниқланган. Сергели тумани “Қумариқ” МФЙда истиқомат қилувчи фуқаро Р.Ғ. га қарашли хонадонда ташкил қилинган иссиқхона ҳеч қандай ҳужжатларсиз, тўғридан тўғри газ тармоғига уланиб, табиий газдан ноқонуний фойдаланган.
Ушбу қоидабузарликлар натижасида дастлабки ҳисоб-китобларга кўра газ таъминоти корхонасига 440,9 миллион сўмлик зарар етказгани маълум бўлди.
Мазкур ҳолат юзасидан тегишли ҳужжатлар расмийлаштирилиб, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга юборилди.
Газ ўғирлаётган оҳак цехлари
Март ойида Самарқанд вилоятининг Пахтачи туманида 4 млрд сўмлик табиий газдан ноқонуний фойдаланган яширин оҳак цехи фош этилган эди. Апрелда эса Фарғонада 69,4 млн сўмлик табиий газдан ноқонуний фойдаланган оҳак цехи аниқланган.
Май ойида эса яна Фарғонада 289 млн сўмлик табиий газдан ноқонуний фойдаланиб, оҳак цехи ташкил этилганлиги аниқланган эди. Август ойида Самарқандда 3,3 млрд сўмлик табиий газдан ноқонуний фойдаланиб, оҳак цехи ташкил этган шахс ушланганди.
Сентябрда Фарғонада газдан ноқонуний фойдаланган оҳак цехи масъуллари давлатга 5,5 млрд сўмдан зиёд зарар етказди. Шу билан бирга, айнан Фарғона шаҳрида ноқонуний оҳак ишлаб чиқариш цехи ташкил қилиб, 544,6 млн сўмлик табиий газни ўғирлаганлар қўлга тушган эди.
Изоҳ (0)