Жуда кўп воқеаларга бой бўлган 2022 йил ҳам ўз ниҳоясига етиб бормоқда. Барча соҳаларда бўлгани каби, спортда ҳам йил сарҳисоби қиладиган вақт келди. Жорий йил ўзбек спортида ҳам эсда қоларли воқеаларга бой бўлди. 2022 йил давомида ўзбек спортида содир бўлган муҳим ҳодисаларни «Дарё» бир саҳифага тўплади.
Ўзбекистон ёшлари Осиё Кубоги финалида
U-23 Осиё Кубогига Ўзбекистон мезбонлик қилди. Унда иштирок этган Ўзбекистон олимпиячилари гуруҳда Туркманистон, Эрон ва Қатарни ортда қолдирган ҳолда, биринчи ўрин билан чорак финалга йўл олди. Драматик ўйинда Ироқни енгган мезбонлар ярим финалда Японияга имкон қолдирмади.Мусобақа финалида Ўзбекистон ва Саудия Арабистони ёшлари ўзаро тўқнаш келди. Унда тажрибалироқ бўлган арабларнинг қўли баланд келди.
25 минг сўмлик чипта «қўлда» 200 минг, марказий жойлар — 500 минг сўм
Ушбу финал яна бир воқеа билан ёдда қолди. Ўзбекистон — Саудия Арабистони учрашувига чипталар 17 июнь куни «Бунёдкор» стадиони кассаларида сотувга чиқди. Чиптахона атрофида минглаб мухлислар тўпланган эди. Кассаларда фақат дарвоза орти секторларига чипталар сотилган. Нарх — 25 минг сўм. Ҳар бир кишига кўпи билан бешта чипта сотилган.Кўплаб чипталар «қўлга» чиқиб кетган. Кассада 25 минг сўмлик чипталар «қўлда» 100—150 минг, ҳатто 200 минг сўмдан сотилган. Яна бир чайқовчи марказий сектордаги чиптани 500 минг сўмга баҳолаган.
«Пахтакор» — «Навбаҳор» ўйинидаги машмашалар
Қизиқарли ўтган Суперлига мавсуми можаролардан ҳоли бўлмади. Жанжаллардан бири турнир 4-тури доирасида кечган «Пахтакор» — «Навбаҳор» учрашувида (1:0) содир бўлди.Учрашувнинг сўнгги дақиқаларида «Пахтакор» фан-клуби етакчиси Жавоҳир Зокиров техник зонада пайдо бўлган ва майдондан чиқиб кетган тўпни қасддан тепиб юборган. Унинг ҳаракатлари мухлислар, рақиб жамоа аъзолари ва расмийлари норозилигига сабаб бўлган. Ўйиндан кейин «Навбаҳор» дарвозабони Ўткир Юсупов Зокиров билан муштлашиб кетган ва унга зарба берган. Бу ҳолат бўйича Зокиров ва Юсуповга жарима интизом чораси қўлланилган. «Навбаҳор» мураббийи Григорий Колосовский юқоридаги вазият сабаб тинчлана олмаган.
ЎФА тартиб-интизом қўмитаси Колосовскийни 3 та ўйинга дисквалификация қилди ва молиявий жарима интизом чораси қўллади. Шунингдек, «Пахтакор» матбуот котиби Беҳзод Назаров, клуб катта менежери Илҳом Яквалхўжаев ҳам жаримага тортилган.
«Навбаҳор» жамоаси ўйин якунлангач, кийиниш хонасининг ички ва ташқи деворларига зарар етказиб, уни таъмирталаб ҳолга келтиргани боис клуб жаримага тортилган.
Қиморга аралашган «Локомотив» футболчиси
«Локомотив» клуби ва жамоа сардори Кахи Махарадзе келишилган ўйинларда иштирок этгани иддао қилинган хабар тарқалди. Сентябрь ойида футбол соҳасидаги барча ташкилот ва шахсларнинг почтасига бир хат келиб тушган.Ўзини букмекерлик компанияси инспектори деб таништирган шахс «Локомотив» клуби футболчиларининг келишилган ўйинларда қатнашганини иддао қилган. Ушбу хатда «Локомотив» футболчиси Кахи Махарадзенинг келишилган ўйинларда қатнашгани борасидаги далиллар қўшимча қилинган.
Ўзбекистон футбол ассоциацияси (ЎФА) Этика қўмитаси «Локомотив» ярим ҳимоячиси Кахи Махарадзени 5 йилга футболга оид фаолиятдан четлатди ва унга нисбатан 100 миллион сўм жарима қўлланилган.
Осиё Кубоги—2023 саралашида 100 фоизлик натижа
Ўзбекистон терма жамоаси Осиё Кубоги—2023 саралаши доирасида Шри-Ланка, Мальдив ороллари ва Таиланд билан бирга C гуруҳидан жой олди. Сречко Катанец шогирдлари 1-турда Шри-Ланка, 2-турда эса Мальдив оролларини мағлуб этишнинг уддасидан чиқди. 3-турда эса Таиланд ҳам таслим этилди.Йил якуни. Суперлигада «Пахтакор» яна чемпион, «Навбаҳор» кумуш медалига эга чиқди, «Насаф» эса Ўзбекистон Кубоги соҳиби
Тошкентнинг «Пахтакор» жамоаси 54 очко жамғариб, Суперлига чемпионига айланди. «Шерлар»дан 1 очко кам жамғарган «Навбаҳор» кумуш медалга эга чиқди. Сўнгги 2 турда мағлубиятга учраган «Насаф» эса аламли тарзда 3-ўринга тушиб кетди.
Суперлиганинг 2022 йилги мавсумида иштирок этган 14 та жамоадан учтаси мусобақани тарк этди. «Қўқон-1912» ҳамда «Динамо» 13 ва 14-ўринни эгаллади. Тошкентнинг «Локомотив» клуби эса 12-ўринни олиб, Про-Лигада 3-ўринни олган «Турон» жамоаси билан «ўтиш ўйини»да иштирок этди. Ушбу баҳс 2:1 ҳисобида «Турон»нинг ғалабаси билан якунланди.
Шунингдек, Про-Лигадан «Андижон» ва «Бухоро» жамоалари Суперлига йўлланмасини қўлга киритди.
30 октябрь куни Ўзбекистон Кубогининг финалида «Навбаҳор» ва «Насаф» жамоалари ўзаро тўқнаш келди. Қўшимча бўлимларгача борган ўйинда «Насаф» ўз тарихида учинчи марта Ўзбекистон Кубоги ғолибига айланди.«Насаф» ўз тарихида илк бор ОЧЛ плей-офф босқичида иштирок этади
Футбол бўйича Осиё Чемпионлар Лигаси E гуруҳида қаршиликлар 9 очко жамғариб, 2-ўринни эгаллаганди.
ОФК 2022 йилги мавсумдан бошлаб мусобақани куз-баҳор тизимига ўтказишни бошлади. Шу боис баҳордаёқ плей-офф йўлланмасини қўлга киритган Қарши жамоаси нимчорак финал ўйинини қарийб 10 ойдан сўнг ўтказадиган бўлди.
«Насаф» нимчорак финалда Саудиянинг «Аш-Шабоб» клуби билан баҳс олиб боради. 1/8 финал баҳслари 2023 йилнинг 19-20 февраль саналарида бўлиб ўтади. Чорак финал баҳслари 23 февраль, ярим финал эса 26 февралда бўлиб ўтиши кўзда тутилган. Плей-офф баҳслари марказлашган тизимда ўтказилади.
ЖЧ—2022 иштирокчиларига муносиб қаршилик кўрсатган Ўзбекистон терма жамоаси
Ўзбекистон миллий терма жамоаси январь ойида БААнинг «Ал-Ваҳда» жамоаси, шунингдек, Жанубий Судан билан назорат ўйинларида иштирок этди. Ҳар иккала ўйинда ҳам Сречко Катанец шогирдларининг қўли баланд келди.
Сентябрь ойида эса Ўзбекистон Камерун ва Коста-Рика терма жамоаларига қарши халқаро ўртоқлик ўйинини ўтказди. Катанец жамоаси Камерун устидан 2:0 ҳисобида зафар қучган бўлса, Коста-Рикага қарши баҳсда 1:2 ҳисобида имкониятни бой берди.
Ноябрь ойида эса Қозоғистон ва Россия терма жамоалари Ўзбекистоннинг рақиби бўлди. Терма жамоа дербида қўшнисини 2:0 ҳисобида мағлуб этди. Россия билан эса нурсиз дуранг қайд этилди.
Шунингдек, Сречко Катанец шогирдлари март ойида Navruz Cup—2022 турнирида иштирок этди. Ярим финалда Қирғизистон 3:1 ҳисобида таслим этилди. Финалда эса Угандага ҳеч қандай имкон қолдирилмади.Ўзбекистонга келган Италия А Серияси фахрийлари
Ўзбекистон футболининг 110 йиллиги, шунингдек, қатор ўзбек футболи афсоналарининг хайрлашув ўйини ўзига хос байрамга айланди. Тошкентга Италия А Серияси афсоналари ташриф буюрди.
Уларнинг рўйхати қуйидагича бўлди: Кристиан Аббиати, Дарио Шимич, Лука Антонини, Кристиан Заккардо, Кристиан Зенони, Эдуардо, Алдаир, Венсан Кандела, Луижи ди Бяджо, Анжело Карбоне, Марек Янкуловский, Сержиньо, Людовик Жюли, Робсон Толедо, Альберто Жилардинё, Даниэле Массаро, Винченцо Яквинта.
Равшан Эрматов бошқариб борган учрашувда ўзбек футболи афсоналари 3:2 ҳисобидаги ғалабани қўлга киритди.
Ўзбекистон ампутантлар терма жамоаси Жаҳон чемпионатининг бронза медалига эга чиқди
Футбол бўйича Ўзбекистон ногирон-ампутантлар терма жамоаси Туркияда бўлиб ўтган Жаҳон чемпионатининг бронза медалига эга чиқди.Гуруҳ босқичида ўзбекистонликлар Польшани 3:1 ҳисобида, Испанияни 3:0 ҳисобида, Танзанияни эса 2:0 ҳисобида таслим этиб, плей-офф босқичига чиқди. Нимчорак финалда Колумбия терма жамоаси устидан 4:1 ҳисобида таслим этилди. Чорак финалда эса Италия 4:0 ҳисобида мағлуб этилди. Ярим финалда терма жамоа Туркияга 0:1 ҳисобида мағлуб бўлди. Бронза учун кечган ўйинда Гаити таслим этилди.
Кейинчалик Ўзбекистон ампутантлар терма жамоаси аъзоларига Cobalt автомобиллари топширилди.
Ўзбекистонлик футболчилар халқаро майдонларда
Охирги пайтларда захира ўриндиғида қолаётган «Рома»нинг ўзбекистонлик аъзоси Элдор Шомуродов май ойида соврин қўлга киритди. Жозе Моуриньо бошчилигидаги жамоа Конференциялар Лигаси финалида «Фейеноорд» устидан 1:0 ҳисобида зафар қучиб, ушбу кубокнинг дастлабки ғолибига айланди. Элдор Шомуродов учрашувнинг 89-дақиқасида Тэмми Абраҳам ўрнига майдонга тушди.Ўзбекистонлик футболчи Бобур Абдухолиқов Беларусь Олий Лигасининг 2022 йилги мавсуми якунларига кўра йилнинг энг яхши футболчиси деб топилди. Шунингдек, Бобур энг яхши ҳужумчи, энг яхши тўпурар ва энг фойдали футболчи номинацияларида ҳам ғолибликни қўлга киритди.
«Энергетик-БГУ» жамоаси мавсумни иккинчи ўринда якунлади. Абдухолиқов эса 26 та гол ва 7 та голли узатмани ўз ҳисобига ёздириб қўйди.
Ўзбек футболида 2022 йилнинг энг яхшилари
Тошкентдаги Renaissance Ҳалл саройида 26 ноябрь, шанба куни UZ Football Awards—2022 маросими бўлиб ўтди.
- Йилнинг энг яхши мураббийи – Темур Кападзе («Олимпик» ва Ўзбекистон U-23 терма жамоаси);
- Йилнинг энг яхши футболчиси – Жамшид Искандаров («Навбаҳор»);
- Суперлиганинг энг яхши мураббийи — Рўзиқул Бердиев («Насаф»);
- Суперлиганинг энг яхши футболчиси — Драган Черан («Пахтакор»);
- Ёш юлдуз — Аббосбек Файзуллаев («Пахтакор»);
- Суперлига-2021 тўпурари — Драган Черан («Пахтакор») — 20 та гол;
- Суперлиганинг энг чиройли голи — Исломжон Тошпўлатов («Сурхон»);
Баҳодир Жалолов профессионал боксда 3 та жанг ўтказди ва учаласида ҳам ғалаба қозонди. Дастлаб Камил Соколовски, кейин Жек Муловайи ва ноябрь ойида Кёртис Ҳарпер мағлуб этилди. Шунингдек, Жалолов БААнинг Абу-Даби шаҳрида 11 декабрь куни бокс бўйича IBA Champions Night мусобақасида Данис Латиповни енгиб, ИБА чемпионлик камарига эга чиқди.
Профессионал бокс бўйича иккинчи ярим енгил вазн (-55,34 кг) тоифасида WBA ва IBF камарлари соҳиби Муроджон Аҳмадалиев (11-0, 8 КО) 26 июнь куни АҚШда жанг ўтказди. Ўзбекистон вакил америкалик Ронни Риосни (33-4-0, 16 КО) 12-раундда нокаутга учратиб, камарларини ҳимоя қилди.
Профессионал бокснинг супер ўрта (-76,2 кг) вазн тоифасида Бектемир Мелиқўзиев 2022 йилда 2 та профессионал жанг ўтказди. Март ойида Дэвид Сегаррани мағлуб этган бўлса, августда Сладан Янянин таслим этилди.
Шаҳрам Ғиёсов (13-0, 9 КО) эса май ойида Лас-Вегасда (АҚШ) мексикалик Кристиан Гомес (22-3-1, 20 КО) билан жанг қилди. 10 раундга мўлжалланган жангда Ғиёсов очколар эвазига (99-88, 99-88, 98-89) ғалаба қозонди.Бокс бўйича аёллар ўртасидаги Жаҳон чемпионатида Ўзбекистон вакиллари тарихда илк бор совриндорлар қаторидан жой олди
Туркиянинг Истанбул шаҳрида бокс бўйича аёллар ўртасидаги Жаҳон чемпионатида ўзбекистонлик боксчилар Азиза Ёқубова ва Моҳира Абдуллаева мусобақада бронза медалини қўлга киритди. Ўзбекистон вакиллари аёллар ўртасидаги Жаҳон чемпионатида илк бор совриндорлар қаторидан жой олди. Бунга қадар катталар ўртасидаги Жаҳон чемпионатида ўзбек аёл боксчиси шоҳсупага кўтарилолмаганди.
Тўхташни истамайдиган Оксана Чусовитина
Озарбайжоннинг Боку шаҳрида спорт гимнастикаси бўйича Жаҳон Кубоги ўтказилди. 46 ёшли Оксана Чусовитина таяниб сакраш машқи бўйича ўтказилган финал баҳсида 13,226 очко тўплаб, 1-ўринни эгаллади ва олтин медалга сазовор бўлди.
Руслан Нуриддинов — Жаҳон чемпиони!
Олимпиада чемпиони Руслан Нуриддинов август ойида Туркиянинг Коня шаҳрида бўлиб ўтган V Ислом бирдамлиги ўйинларида даст кўтаришда 187 кг, силтаб кўтаришда 230 кг ва икки кураш бўйича 417 кг билан ўйинлар рекордини ўрнатган ҳолда ғалабани тантана қилди.
Колумбияда бўлиб ўтган Жаҳон чемпионатида эса Руслан даст кўтаришда 177 кг, силтаб кўтаришда 220 кг ва умумий ҳисобда 397 кг тошни бўйсундириб, учта йўналишда ҳам олтин медалга эга чиқди. Бу орқали Нуриддинов иккинчи марта жаҳон чемпионига айланди ва бу натижани қайд этган илк ўзбекистонлик бўлди.Футзал бўйича Осиё Кубогида Ўзбекистон 3-ўрин соҳибига айланди
Ўзбекистон миллий терма жамоаси Осиё Кубогида иштирок этди. Гуруҳ босқичи 1-турида ўзбекистонликлар Туркманистонга қарши баҳс олиб борди ва жавобсиз 8 та гол урди. 2-турда эса Тожикистон 3:2 ҳисобида мағлуб этилди. 3-турда Баҳрайн 6:1 ҳисобида таслим этилди ва Баҳодир Аҳмедов шогирдлари 100 фоизлик натижа билан плей-оффга йўл олди.
Чорак финалда Ўзбекистонга Кувайт рақиблик қилди. Ўзбекистонликлар Кувайт дарвозасига жавобсиз 3 та гол урди. Ярим финалда эса Японияга тўқнаш келди. Афсуски, бу сафар Баҳодир Аҳмедов жамоасидан омад юз ўгирди. 1:2 ҳисобида мағлуб бўлиб, финал йўлланмасидан қуруқ қолди. 3-ўрин учун баҳсда эса Таиланд Ўзбекистон 8:2 ҳисобида ғалаба қозонди ва Осиё Кубогида 3-ўринни эгаллади.Тарихий ғалаба. Ўзбекистон терма жамоаси шахмат Олимпиадаси ғолибига айланди
Ҳиндистоннинг Ченнаи шаҳрида 44-Бутунжаҳон шахмат Олимпиадаси ўтказилди. Ўзбекистон эркаклар терма жамоаси шахмат Олимпиадасида Непал (4:0), Фарер ороллари (4:0), Словения (3:1), Словакия (4:0), Перу (4:0), Германия (2,5:1,5), Арманистон (3:1) термаларини ютган бўлса, АҚШ, Ҳиндистон ва Ҳиндистон-2 билан дуранг (2:2) ўйнади.
Ўзбекистон вакиллари ҳал қилувчи турда Нидерландияга қарши баҳс олиб борди ва 2,5:1,5 ҳисобида ғалаба қозонди.
Мазкур ғалаба орқали Ўзбекистон эркаклар терма жамоаси олтин медал масаласини ҳал қилди ва ўз тарихида илк бор Олимпиада чемпионига айланди.
Мусобақада ғолиб бўлган ҳар бир шахматчиларга 600 млн сўмлик пул мукофотлари ҳамда «Equinox» автомашинаси калитлари топширилди.
UFC’даги ўзбекистонлик жангчилар
Ўзбекистонлик UFC жангчиси Маҳмуд Муродов UFC 280 мусобақасида Бразилия вакили Кайо Борралёга қарши октагонга чиқди ва мағлубиятга учради.
Заррух Адашев эса июнь ойида UFC Vegas 56 мусобақаси доирасида ямайкалик Оде Осборнга қарши жанг қилди. Ўзбекистонлик яккакурашчи жангнинг биринчи раундидаёқ кучли зарбани ўтказиб юборди ва чуқур нокаут ҳолатига тушди. 25 июнь куни Заррух UFC билан шартномаси бекор бўлганини маълум қилди.
Яна бир UFC жангчиси Саидёқуб Қаҳрамонов 2022 йилда 2 марта октагонга кўтарилди. Июль ойида UFC Вегас 58 да жанг қилган Саидёқуб Ронни Лоуренсни мағлуб этди.
Декабрь ойида эса Қаҳрамоновга Россия вакили Саид Нурмагомедов рақиб бўлди. Биринчи раунд тўлиқ Саидёқубнинг устунлигида ўтди. Иккинчи раундда ҳам фаоллик Қаҳрамонов томонида эди, бироқ Нурмагомедов раунд ўртасида рақибини бўғиш усули билан таслим этди.
Изоҳ (0)