“Дарё” Сурхондарё вилояти ҳокими Улуғбек Қосимов билан суҳбат уюштирди. Пойтахтнинг собиқ прокурори 2022 йил Сурхондарё вилоятига раҳбар этиб тайинланган бўлса, шундан бери илк маротаба оммавий ахборот воситалари вакилларига интервью берди. Ҳоким суҳбат давомида прокурорликдан ҳокимликка ўтиш масъулияти, вилоят раҳбарлигининг юки, ҳамкасблари — вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимлари ўртасидаги самимий мулоқот, ҳокимларнинг бош вазирга қўнғироқ қилиш имконияти ва Эркинжон Турдимовнинг устозлиги ҳақида гапирди.
Улуғбек Қосимов “Дарё” журналисти билан суҳбати чоғида вилоятда олиб бораётган ишлари ва уларнинг натижасини гапириш баробарида ҳокимлик борасида устози ким эканига ҳам аниқлик киритди.
-Qxr1zvlA.avif)
Мен туман ҳокими сифатида ишлаб юрган пайтда Сурхондарё вилоятида Эркинжон Оқбўтаевич ҳоким эди. Бизни тарбиялаб, ҳокимликка ўргатган шу киши бўлади. У кишининг талабчанлигини биласиз. Жуда қаттиқ ишлайди. Ҳозиргача маслаҳат оламиз. Телефон қилиб, тушунмаган жойларимизни сўраймиз. Йўл-йўриқ кўрсатади. У киши шундайки, муаммонинг осон ечимини айтади. Шу сабаб ҳам қўл остида ишлайдиганларга осон. Бирор бир ишни буюрса, уни мана шу йўл билан қиласан деб оддий ечимини ҳам ўзлари кўрсатади, дейди Улуғбек Қосимов.
Вилоят раҳбари шунингдек, Қашқадарё вилояти ҳокими Муроджон Азимов, Хоразм вилояти ҳокими Жўрабек Раҳимовлар билан ҳам маслаҳатлашиб туришини билдирди.
-gfaVZbSr.avif)
Ҳамкасбим, қўшни вилоят ҳокими Муроджон Бердиалиевич билан деярли ҳар икки-уч кунда топшириқлар юзасидан гаплашиб, маслаҳатлашиб турамиз. Нима қиляпсиз, бу топшириқ ижросини қандай қиляпсиз деб маслаҳатлашиб турамиз. Хоразм вилоят ҳокими билан ҳам гаплашиб турамиз. У кишининг ишлари ҳам биринчиликда. Нима қилдингиз, қандай қилдингиз деб сўраб турамиз, дейди ҳоким.
Сурхондарё ҳокими бош вазир Абдулла Арипов ҳам ҳокимлар билан мулоқотга очиқлигини таъкидлаб, вилоят раҳбарлари ўзларини ўйлантираётган масала юзасидан Бош вазирга шахсан қўнғироқ қилиб, билдириш имкони борлигини қўшимча қилди.
-UdhxYPdm.avif)
Ҳокимлар ўзаро маслаҳатлашишдан ташқари нафақат вазирлар, Бош вазирга ҳам кеча-ю кундуз тўғридан тўғри қўнғироқ қилиб, мана шу масаламиз ечилмаяпти десак, вазирликлардан қаттиқ реакция бўлади, дейди у.
Ҳоким шунингдек, давлат раҳбарининг топшириғи билан Президент администрациясидаги масъуллар билан ҳам тўғридан тўғри боғланиб, ечимини кутаётган масалаларни билдириш ва ёрдам олиш имконияти яратилганини айтмоқда.
Президентимиз топшириғи билан бугун тизим шундай яхши ишлаяптики, биз администрациядаги масъуллар билан ҳам гаплашиб, муаммони тўғридан тўғри айтиб, 2-3 кунда ечимини топиш имкониятига эгамиз. Бугунги кунда муаммо ечимини кутиб ўтирмайсиз. Ҳокимлар бош вазир ўринбосарлари, вазирлар ва масъулларга қўнғироқ қилиб, масала қўйса йўқ деган нарса йўқ. Фақат вилоятда ҳаракат қилиб ишласангиз, уларнинг бари сизга ёрдамчи бўлади. Президентимиз шундай тизим қилган, дейди Улуғбек Қосимов.
-iPwVJf7h.avif)
Вилоят раҳбари Сурхондарёдаги туман ва шаҳар ҳокимларини бир йилда икки маротаба Тошкентга юборишини ва улар ўзини қийнаётган масала юзасидан шахсан вазирга кириб, маслаҳатлашишини талаб қилишини айтмоқда.
Менинг ўзим туман ва шаҳар ҳокимларини ҳар олти ойда Тошкентга юбораман. Улар туманидаги муаммоларни ёзиб олиб, шахсан ўша соҳа вазири билан мулоқот қилади. Вазирлар ҳам туман ҳокимлари ёнига кириб, ҳудудида шу вазирнинг соҳасига доим муаммо борлигини айтса, вазирлар ҳам бошқача қабул қилади. Э, шу арзимас муаммо ечилмай турибдими деб, биргалашиб ҳал қилади, дейди вилоят раҳбари.
Улуғбек Қосимов ҳокимлар орасида ўзаро мулоқотдан ташқари ҳазил-мутойиба гурунглар бўлишини ҳам таъкидлади.
Изоҳ (0)