Ғазо секторида очликнинг тарқалиши инсон қўли билан яратилган фалокатдир. Бу ҳақда Бирлашган Миллатлар Ташкилоти (БМТ) бош котиби Антониу Гутерришнинг БМТ расмий веб-сайтида эълон қилинган баёнотида маълум қилинди.

“Ғазодаги жаҳаннамни тасвирлаш учун сўз қолмагандек туюлганида, яна бир сўз қўшилди: ъочликъ. Бу жумбоқ эмас — бу инсон қўли билан яратилган фалокат, ахлоқий ҳукм ва инсониятнинг ўз муваффақиятсизлигидир”, деди халқаро ташкилот бош котиби.
Шунингдек, Гутерриш очлик инсониятнинг яшаб қолиши учун зарур бўлган тизимларни атайлаб вайрон қилиш эканини таъкидлаган. Унинг сўзларига кўра, Исроил анклав аҳолисини зарур озиқ-овқат ва дори-дармонлар билан таъминлаш бўйича “сўзсиз мажбуриятлар”га эга.
БМТнинг “Озиқ-овқат хавфсизлиги босқичларининг интеграциялашган таснифи” (IPC) ташаббуси илк бор Ғазо секторида очарчилик мавжудлигини расман тасдиқлади.
IPC таснифни ўткир озиқ-овқат танқислиги шкаласининг энг юқори даражаси ҳисобланган 5-босқичга кўтарди.
Ташкилот ҳисоботида айтилишича, сентябрь ойи охирига келиб Ғазодаги вазият “фожиали даражага” етади. Шунингдек, тўйиб овқатланмаслик келаси йилнинг июнь ойигача Ғазода беш ёшгача бўлган 132 минг боланинг ҳаётига хавф солиши таъкидланган.
IPS ўзининг 59 саҳифали ҳисоботида “тезкор ва кенг кўламли чоралар кўриш”га чақирмоқда.
“Ҳар қандай кечикиш — ҳатто бир неча кунлик бўлса ҳам — очлик билан боғлиқ ўлимнинг мутлақо қабул қилиб бўлмайдиган даражада кўпайишига олиб келади”, дейилади ҳисоботда.
Исроил ҳукумати IPC ҳисоботини қатъий рад этиб, уни “ёлғон ва нохолис” деб атади. Исроилнинг ёрдамни мувофиқлаштирувчи ҳарбий ташкилоти COGAT “ҳисобот ҲАМАСдан олинган қисман, нохолис маълумотлар ва юзаки ахборотларга асосланганини” таъкидлаган.
Изоҳ (0)