Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавровнинг Украинага берилиши мумкин бўлган хавфсизлик кафолатлари ҳақидаги баёнотлари Америка Қўшма Штатлари билан олиб борилаётган музокараларга путур етказди. Бу ҳақда Bloomberg нашри ёзди.
Манбага кўра, Лавров хавфсизлик кафолатлари Россияни яккалашга қаратилса, бу Москва томонидан қабул қилинмаслигини айтган. Бу эса АҚШ ва Россиянинг тинчлик бўйича музокараларни издан чиқариши мумкин.
Эндиликда Кремль Оқ уйни хавфсизлик кафолатларидан воз кечишга ундайди. Қолаверса, Россия ва Украинанинг бўлажак учрашувларида президентлар қатнашмаслиги мумкин. Бу эса Россияга янги санкциялардан қочишга имкон беради.

Европалик амалдорлар Сергей Лавровнинг баёнотларини вақт чўзишга бўлган уриниш сифатида таърифлайди. Улар Россия президенти Владимир Путиннинг тинчлик келишувига эришишни хоҳлаётганига шубҳа билан қарайди.
Россия дипломатияси раҳбарининг таъкидлашича, Украина президенти ва Европа давлатлари илгари сураётган хавфсизлик кафолатлари Россияни яккалаш мантиғи асосида қурилади. Кремль эса бундай кафолатларни умуман қабул қилмоқчи эмас.
Лавров 2022 йили Истанбулда ўтказилган Россия ва Украина ўртасидаги музокараларни эслаган. Унинг фикрича, ўша пайтда илгари сурилган хавфсизлик кафолатлари бугунги кунда ҳам долзарбдир. Истанбулда Украина делегацияси БМТ Хавфсизлик Кенгашининг доимий аъзолари — Россия, Хитой, Франция, АҚШ ва Буюк Британия каби давлатлар иштирокида хавфсизлик кафолатлари ишлаб чиқишни таклиф қилганди.
Жорий йилнинг 18 август куни Украина президенти Владимир Зеленский ва Европанинг бир қатор етакчилари Оқ уйда Дональд Трамп билан учрашди. Кун тартибидаги асосий мавзу Украинага хавфсизлик кафолатлари берилиши бўлган.
Изоҳ (0)