Туркманистонда Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев, туркман халқи миллий етакчиси Гурбангули Бердимуҳамедов ва Озарбайжон раҳбари Илҳом Алиев ўртасида музокаралар якунланди. Етакчилар ўзаро келишувлар юзасидан оммавий ахборот воситаларига баёнот берган. Бу ҳақда 22 август куни Президент матбуот хизмати хабар тарқатди.

Хабарга кўра, журналистларга музокараларда қатор масалалар муҳокама қилингани айтиб ўтилган. Жумладан, транзит йўлакларини ривожлантириш, хусусан, Туркманбоши ва Боку портлари имкониятларидан самарали фойдаланиш, замонавий логистика инфратузилмасини биргаликда шакллантириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилгани таъкидланган.

Миллий транспорт тизимлари интеграциясини чуқурлаштириш мақсадида минтақадаги мавжуд ва истиқболли йўналишларни ўзаро боғлаш режалари атрофлича муҳокама қилинган. Ўзбекистон бу борада ўзаро мувофиқлашган сиёсат юритиш тарафдори экани таъкидланган.
“Бу, биринчи навбатда, халқаро бозорларга чиқишда бизнес учун қулай шароитлар яратиш ва тариф сиёсати масалаларидир. Каспий денгизи орқали логистика инфратузилмаси ва паром ташувларини ривожлантириш лойиҳалари устида биргаликда ишлаш бўйича келишувларга эришилди. Бундан ташқари, уч мамлакат ўртасида энергетика соҳасида - углеводород конларини ўзлаштириш ва ишлаб чиқарилган электр энергиясини экспорт қилиш бўйича ҳамкорлик имкониятлари кўриб чиқилди”, дейилади манбада.

Матбуот анжуманида товар айирбошлаш ҳажмини каррасига ошириш ва саноат кооперацияси кўламини кенгайтириш вазифалари музокаралар кун тартибидан марказий ўрин эгаллагани айтилган.
Миллий ишлаб чиқарувчиларнинг сифатли маҳсулотларини ўзаро етказиб беришни рағбатлантириш чоралари кўрилиши ҳамда уч мамлакат ҳудудларининг салоҳиятини жалб этган ҳолда янги инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш учун шароитлар яратилиши таъкидланган.

Етакчилар сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш ва экологик таҳдидларга қарши курашиш соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтиришга келишиб олгани билдирилган. Бундан ташқари, туризм ва маданий алмашинувлар соҳасида қўшма дастур ишлаб чиқилади.
Қабул қилинган қарор ва ҳужжатларни амалга ошириш бўйича ишлар вазирлар томонидан “йўл харитаси” асосида амалга оширилади.
Шавкат Мирзиёев тарихий учрашув уч мамлакат ўртасидаги ўзаро манфаатли ҳамкорликни чуқурлаштиришга, барқарор савдо, транспорт ва энергетика йўлакларини яратишга, шунингдек, минтақавий интеграция жараёнларини жадаллаштиришга хизмат қилишини таъкидлаган.
Аввалроқ Туркманистонда президентлар Шавкат Мирзиёев, Илҳом Алиев ва туркман халқи миллий етакчиси Гурбангули Бердимуҳамедов учрашгани хабар қилинганди. Мулоқотда савдо-иқтисодиёт, транспорт-коммуникация, энергетика ва гуманитар соҳалардаги кўп қиррали ҳамкорликни ривожлантириш масалалари кўриб чиқилган. Музокаралар якунида томонлар учала давлат ўртасида қўшма баёнот имзоланган.
Изоҳ (0)