Ўзбекистонда 3 июль соат 23:30 дан 4 июль соат 23:30 га қадар коронавирус юқтириб олиш билан боғлиқ 312 та ҳолат аниқланди. 23 июндан бери бир кунлик касалланишлар сони 200 тадан юқори бўлмоқда, икки кундан буён эса 300 тадан юқори бўлмоқда. Бир кун ичида 312 кишида коронавирус аниқланиши 3 июлдаги рекорддан (318 киши) кейинги иккинчи натижадир. Янги касалланиш ҳолатларидан сўнг Ўзбекистонда коронавирусга чалинганларнинг умумий сони 9708 нафарга етди.
Янги касалланиш ҳолатлари
Янги касалланганларнинг- 162 нафари карантин муассасаларида;
- 142 нафари аҳоли орасида (Тошкент шаҳрида — 105 нафар, Тошкент вилоятида — 36 нафар, Бухоро вилоятида — 1 нафар);
- 8 нафари халқаро юк ташувчи автомашина ҳайдовчиларида орасида (барчаси Сирдарё вилоятида) аниқланган.
Тошкент шаҳрида бир кун ичида 159 та янги ҳолат қайд этилди. Бу кун давомида бутун мамлакатда қайд этилган ҳолатларнинг ярмидан бироз кўпроқ дегани. Улардан 105 таси аҳоли орасида, 54 таси коронавирусга чалинганлар билан мулоқотда бўлиб, карантинга олинганлар орасида аниқланди. Пойтахтда 2 июль куни ҳам янги ҳолатлар 100 нафардан ошганди (аҳоли орасида 67, карантиндагилар орасида 48, жами 115). Аммо Тошкент шаҳридаги энг кўп касаллик аниқланган кун 7 июнь кунига тўғри келади. Ўшанда пойтахтда 195 та янги ҳолат қайд этилганди, касалланганларнинг 183 нафари битта компания ишчилари эди. Тошкентда 4 июндан буён узлуксиз равишда аҳоли орасида касаллик аниқланади.
Тошкент вилоятида Юқори Чирчиқдаги «Ўртасарой» карантин марказида 86 кишида коронавирус аниқланди. Шунингдек, вилоятда коронавирусга чалинганлар билан мулоқотда бўлиб, карантинга олинганлар орасида 15 та, аҳоли орасида 36 та ҳолат қайд этилди. Вилоят аҳоли орасида энг кўп касаллик аниқланадиган ҳудудлардан бири ҳисобланади. Тошкент вилоятида 17 июндан 4 июлгача фақат 29 июнь ва 1 июль куни аҳоли орасида касаллик қайд этилмаган. Лекин Тошкент вилоятида аҳоли орасида бир кун ичида бунча кўп одамда коронавирус аниқланмаётганди. Бунгача 18 июнда аҳоли орасида 14 та ҳолат қайд этилиши вилоят учун энг катта кўрсаткич бўлиб турганди. 26 июндан 3 июлгача Тошкент вилоятида аҳоли орасида қайд этилган ҳолатларнинг ўзи 35 тани ташкил этади.
Сирдарё вилоятида қайд этилган 8 та ҳолатнинг барчаси халқаро юк машинаси ҳайдовчилари орасида аниқланди. Сирдарё вилояти Тошкент вилоятидан сўнг халқаро юк ташувчи машина ҳайдовчилари тез-тез касаллик аниқланиб турадиган ҳудуд ҳисобланади. Вилоятда 1 июль куни ҳам 8 нафар ҳайдовчида коронавирус аниқланганди.
Навоий вилоятида аниқланган 6 та ҳолатнинг барчаси коронавирусга чалинганлар билан мулоқотда бўлиб, карантинга олинганлар орасида қайд этилди. Навоийда 11 июнь куни аҳоли орасида 18 та касалланиш ҳолати қайд этилганидан сўнг вилоятда аниқланаётган янги ҳолатлар коронавирусга чалинганлар билан мулоқотда бўлиб, карантинга олинганлар орасида қайд этилмоқда. 15 июнда 5, 18 июнда 6, 19 июнда 4, 24 июнда 5 ва 27 июнда 3 ва 2 июль куни 6 кишида касаллик аниқланганди.
Бухоро вилоятида қайд этилган 1 та ҳолат аҳоли орасида аниқланди. Вилоятда 1 июль куни ҳам аҳоли орасида 5 та ҳолат аниқланганди. Умуман олганда, Бухоро аҳоли орасида тез-тез касалланиш ҳолатлари кузатилиб турадиган ҳудудлардан биридир. Вилоятда июнь ойида 11 кунда аҳоли орасида коронавирус аниқланганди.
Қашқадарё вилоятида қайд этилган ягона ҳолат карантиндагилар орасида аниқланди. 5 июнда вилоятга коронавирус қайтганидан сўнг, асосан карантиндагилар орасида касаллик қайд этилмоқда. 5 июндан 4 июлгача Қашқадарёда қайд этилган 196 та ҳолатдан 185 таси карантиндагилар орасида, 11 таси аҳоли орасида аниқланган. Вилоятда охирги марта 23 июнь куни аҳоли орасида касалланиш ҳолати қайд этилганди.
Касалликдан даволаниш
4 июль куни Тошкент шаҳридаги тиббиёт муассасаларида аввалига 55 нафар, сўнгра яна 119 нафар бемор тузалиб, жами 174 нафар фуқаро соғайди. Охирги марта 20 июнь куни ҳам коронавирусдан соғайган беморлар фақат Тошкентдаги тиббиёт муассасаларида тузалиб чиққанди. Аммо ўша куни бугунгидан 10 баравар кам бемор тузалган — 17 нафар. Ҳозирда Тошкентда коронавирусдан тузалган беморлар сони 4000 нафардан ошди.Ҳозирда касаллик қайд этилган жами 9708 нафар бемордан 6425 нафари соғайиб, даволаниш кўрсаткичи 66 фоизни ташкил этмоқда. Бу борадаги кўрсаткич 29 июндан буён ўзгармаяпти.
17 июнь куни шифохоналардаги беморлар сони биринчи марта 1500 нафардан ошганди, 23 июньда уларнинг сони 2000 нафардан, 28 июнда 2500 нафардан, 2 июлга келиб эса шифохонадаги беморлар сони 3000 нафардан ошди. Айни вақтда шифохоналардаги 3252 нафар бемордан 2800 нафари Тошкентдаги тиббиёт муассасаларида даволанмоқда (Сирдарё вилоятидаги беморлар ҳам Тошкент шаҳрига ўтказилган). Қолган 452 нафар бемор мамлакатнинг 10 ҳудудидаги шифохоналарда даволанмоқда.
Қорақалпоғистонда 9, Наманганда 15, Хоразмда 23, Андижонда 33, Бухорода 34, Жиззахда 38, Навоийда 43, Самарқандда 74, Қашқадарёда 82 ва Сурхондарёда 101 нафар бемор қолди. Фарғона вилояти коронавирусдан холи ягона ҳудуд бўлиб турибди.
Ўлим ҳолатлари ва аҳволи оғир беморлар
Соғлиқни сақлаш вазирлиги 4 июль куни икки беморнинг коронавирусдан вафот этгани ҳақида хабар берди.Биринчи ўлим. 1 июль куни тошкентлик 65 ёшли эркак В.М. ўта оғир аҳволда Ибн Сино номидаги 1-сон шаҳар клиник шифохонасининг жонлантириш бўлимига ётқизилиб, сунъий нафас олдириш аппаратига уланган.
Унга гипертония касаллиги, атеросклероз, бош мияда қон айланишининг ўткир бузилиши (инсульт)нинг иккинчи бор қайталаниши (биринчи ҳолат 2020 йил июнь ойида юз берган), геморрагик инсульт ташхиси қўйилган.
3 июль куни шифокорлар томонидан стандарт асосида кўрсатилган тезкор реанимацион муолажаларга қарамасдан бемор ўпка артерияси тромбоэмболияси, ўткир нафас ва юрак етишмовчилигидан вафот этган. 65 ёшли В.М. коронавирусдан вафот этган Тошкентдаги 17, Ўзбекистондаги 30-бемор бўлди.
Иккинчи ўлим. Ғиждувон туманида яшовчи 35 ёшли аёл Д.Ш. 1 июль куни коронавирус инфекциясига гумон қилиниб, Бухоро вилояти юқумли касалликлар шифохонасининг реанимация бўлимига ётқизилган.
Унга икки томонлама пневмония, ўткир нафас етишмовчилиги 3-даража, семизлик 2-даража ташхиси қўйилган.
«Шифокорлар томонидан стандартлар асосида ўтказилган тезкор реанимацион муолажаларга қарамасдан бемор ўткир нафас ва юрак етишмовчилигидан вафот этди», — дейилади ССВ хабарида.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги бемор аёл қайси куни вафот этганига аниқлик киритмаган. Аммо «Дарё»га маълум бўлишича, бемор 3 июль куни ҳаётдан кўз юмган. 35 ёшли Д.Ш, коронавирусдан вафот этган Бухородаги иккинчи, Ўзбекистондаги 31-беморга айланди.
35 ёшли Д.Ш. исмли аёл Ўзбекистонда коронавируснинг энг ёш қурбони бўлиши мумкин. ССВ коронавирусдан вафот этган 31 кишидан 6 нафарининг ёшига аниқлик киритмаган. Ёши келтирилган беморлар ичида энг ёши эса бухоролик аёл бўлиб турибди.
Айни пайтда тиббиёт муассасаларида даволанаётган 3252 нафар бемордан 15 нафари оғир, 9 нафари эса ўта оғир аҳволда. Бир сутка аввал аҳволи оғир беморлар сони 16, аҳволи ўта оғир беморлар сони 8 нафарни ташкил этаётганди.
Изоҳ (0)