Хитойда қишлоқ аҳолиси ва сайёҳлар тўрт соатдан ортиқ машина калитини ўғирлаган суғурни қидиришди. Бу ҳақда South China Morning Post нашри хабар бермоқда.

Маълум қилинишича, дам олиш учун тўхтаган сайёҳлар гуруҳи маҳаллий суғурларга мева ва енгил таомлар бермоқчи бўлишган. Улар озиқ-овқат солинган сумкани яқин жойда қолдиришган, унда мобил телефон ва автомобиль калитлари ҳам бор бўлган.
Суғурлардан бири ҳидни сезиб, сумканинг олдига югуриб келган ва сайёҳларнинг кўз ўнгида калитларни илиб олиб, ўз инига ғойиб бўлган. Таёқ билан калитларни олишга уринишлар натижа бермаган ва сайёҳлар маҳаллий аҳолидан ёрдам сўрашга мажбур бўлишган.

Оқибатда қишлоқ аҳолиси сайёҳлар билан биргаликда суғурни топиш учун ерни ковлай бошлашган. Кейинчалик қидирув ишларига қишлоқ оқсоқоли ва маҳаллий партия котиби ҳам қўшилган. “Ёппасига қидириш”дан тортиб, кучли магнитлар билан тажрибалар ўтказишгача усуллар билан изланган. Фақат тўрт соатдан сўнг, кечқурунга яқин калитларни топишга муваффақ бўлишган.
Бу воқеа хитойлик интернет фойдаланувчиларининг қизғин муҳокамаларига сабаб бўлди. Кўпчилик вазиятни ҳазил тарзида қабул қилди, бироқ маҳаллий ҳокимият ҳодисага жиддий ёндашган. Улар сайёҳларга суғурларни боқиш мумкин эмаслиги эслатишган.
“Бу нафақат бундай “ўғрилар”ни рағбатлантиради, балки соғлиқ учун ҳам хавфлидир. Ҳайвонлар тишлаши мумкин, уларнинг тишлаши эса кўпинча турли касалликларга олиб келади”, дейилади маҳаллий ҳокимлик баёнотида.
Изоҳ (0)