Бугун, 18 август куни президент Шавкат Мирзиёев Тошкент шаҳридаги “Янги Ўзбекистон” боғига ёндош қурилган меҳмонхоналар мажмуасини кўздан кечирди.

Президент матбуот хизмати хабарига кўра, мазкур ҳудудлар бир пайтлар қаровсиз бўлган, бугун эса обод масканга айланди.

“8 гектардан зиёд майдонда 12 та замонавий меҳмонхона, 375 ўринли “Янги Тошкент” конференция зали, 310 ўринли ресторан, соғломлаштириш маркази ҳамда очиқ спорт майдони барпо этилган. Меҳмонхоналарга Қорақалпоғистон ва вилоятлар номи берилган. Улар уч юлдузли бўлиб, беш қаватдан иборат, 62 та хона ва 124 ўринга эга. Мажмуа ягона концепция асосида фаолият юритади ва унинг бошқаруви халқаро тажрибага эга Leo Hospitality Solutions, Radisson Individuals, Trademark Collection by Wyndham каби нуфузли компанияларга топширилади”, дейилади манбада.

Маълум қилинишича, хусусий банклар шу каби мажмуалар бошқарувига шерик бўлиб кириш таклифини билдирган. Давлат раҳбари хизмат соҳалари кенгайиши, жойларда замонавий масканлар кўпайиши аҳоли фаровонлигига ҳисса қўшишини таъкидлаган.

“Меҳмонхоналар ресторан, анжуманлар зали ва дам олиш масканлари билан уйғун қурилгани хизмат қамровини оширади. Бу ерда юқори даражадаги тадбирлар ҳамда йирик халқаро анжуманлар ўтказилиши ҳам мумкин”, дея қайд этган манба.

Мажмуада 540 та янги иш ўрни яратилиб, йилига ўртача 55 минг туристга хизмат кўрсатилиши кўзда тутилган.
Президент мажмуада хизмат турларини кўпайтириш ва сифатини ошириш, маҳаллий ва хорижий сайёҳларни жалб этиш масалаларига эътибор қаратган. Бундай кўп тармоқли хизматларни бошқа ҳудудларда ҳам кенг йўлга қўйиш муҳимлиги таъкидланган.
Изоҳ (0)