“Ракурс” подкастининг навбатдаги сонида халқаро журналист Соҳиба Ҳаёт меҳмон бўлди. У билан мигрант аёллар ва улар дуч келадиган қийинчиликлар ҳақида суҳбатлашилди. Подкаст давомида у журналистикадан кетиб мигрантликни танлашга мажбур бўлгани, аёлларнинг таъқибларга учраши ва виза олиш умидида хорижлик эркакларга турмушга чиқаётган ҳамюртларимиз ҳақида гапирди.
“Журналистикадан кетишга мажбур бўлганман”
— Университетни тамомлагач, Фавқулодда вазиятлар вазирлигига қарашли “Вазият” газетасида иш бошлаганман. Оила қуриб, бир ўғлим билан ажрашганман. Ўзбек жамиятида негадир фарзанд фақат она билан қолади ва унинг бор масъулияти фақат унга тегишли деган қараш бор. Фарзандимни боқиш ва эҳтиёжларини қондириш учун 3-4 жойда ишлашимга тўғри келган. Тошкентда ижарада яшардик ва кам ойликни етказиш жуда қийин эди. Етти йил давомида ҳаммасидан чарчадим, чунки ёлғиз онага кам ойлик эвазига кўп иш қилиш жуда қийин. Журналист маошига уй олиб бўлмаслигини тушунганимдан кейин, муҳожирликка кетишга қарор қилганман, дейди Соҳиба Ҳаёт.
“Эгасиз аёллар мигрант бўлади”

— Эгасиз аёлларгина мигрантликка рози бўлади. Чунки оиласини, юртини ташлаб, иш излаб кетишига эгаси йўл қўймайди. Эгаси деганда фақат турмуш ўртоғини тушунмаслик керак. Аёлнинг оиласи бузилган бўлиши мумкин, аммо унинг ака-укаси, қон-қариндоши йўқми? Наҳотки, моддий ёрдам беролмаган тақдирда ҳам руҳан қўллаб-қувватлаб, уни ўз юртида олиб қолишга ҳаракат қилишмаса? Чет элга чиқиб ишлаш қанчалар қийинлигини муҳожирлик нонини тотган инсонлар яхши билишади. Қийинчилик ҳар қандай юртда бўлади, аммо ҳамма ҳам муҳожирликни танлаётгани йўқ-ку?! Назаримда бу йўлни танлаганлар дилида хафалиги бор инсонлар, улар кетиб ҳаммасини қайтадан бошлашга умид қилишади. Афсуски, ҳамма ерда ҳам муҳожирни илиқ қарши олишмайди, у учрайдиган қийинчиликларни сўз билан таърифлаб бўлмайди.
Масалан, мен ҳам Россияда анча йил ўз соҳам бўйича ишлолмаганман. Олий маълумотли бўлишимга қарамай, ҳамма мигрантлар сингари ошхонада ишлашдан бошлаганман. Ундан кейин уй хизматчилигини ҳам қилганман. Ҳожатхона тозалаб ўтирганимда йиғлаб юборганман, наҳотки шу ишни қилиш учун беш йил ўқиган бўлсам дегандим, дейди Соҳиба Ҳаёт.
“Зўрланган, таҳқирланган ҳам аёл”

— Ишлаб кичкина ноутбук олганман. Россиядаги ўзбекларнинг кўпчилиги рус тилини билмайди, қонунларни ҳам тушунмайди. Касбимга садоқатим сабаб ошхонада ишласам ҳам ижтимоий тармоқларга мигрантлар учун керакли маълумотларни улашиб борардим. Кейинчалик қийин вазиятга тушиб қолган аёллар ҳам ёрдам сўраб мурожаат қилишни бошлашди. Шунақа воқеаларни эшитдимки, бу ишни наҳотки инсон қилган бўлса дедим. Дала ҳовлида тозалаш ишлари борлиги ҳақида ёзишади, агар муҳожир аёл борса, қоровули уни таҳқирлайди, зўрлайди. Энг алам қиладигани ўша қоровулнинг ўзи ҳам муҳожир, у ўз юртида онаси тенги аёлга бундай муносабатда бўлмайди. Тил билмаслик, қонунларни тушунмаслик, нолегал ёки андишанинг кучли эканлиги сабаб аксарият аёллар тегишли ташкилотларга ҳам мурожаат қилолмайди, дейди Соҳиба Ҳаёт.
Қуйидаги ҳавола орқали YouTube’даги “Дарё медиа” каналига ташриф буюришингизни ва подкастни тўлиқ томоша қилишингизни тавсия қиламиз.
Изоҳ (0)