Эроннинг Шаҳид-Ражаи портида 26 апрель куни юз берган портлаш қурбонлари сони 70 га яқинлашди. Мамлакат Ички ишлар вазирлиги портлаш сабабини маълум қилди.

Ички ишлар вазири Искандар Моаменига кўра, портлашга бепарволик, жумладан, хавфсизлик қоидаларини бузиш ва эҳтиётсизлик сабаб бўлган. Айбдорлар қўлга олинган. Ҳозирда тергов комиссияси воқеа тафсилотларини аниқлашда давом этмоқда.
Воқеани текшириш учун махсус комиссия тузилди, айбдорлар ҳибсга олинди, улар портлаш билан боғлиқ айрим масалаларни тушунтириб берди, тергов жараёни давом этмоқда, деди вазир.
Эроннинг энг йирик контейнер порти бўлмиш Шаҳид-Ражаида 26 апрель куни портлаш содир бўлди. Ҳодиса оқибатида мингдан ортиқ киши жароҳат олди.
Мамлакатда миллий мотам эълон қилинди. Эрон президенти Масъуд Пезешкиён қурбонларнинг оиласига ҳамдардлик билдирди. У Бандар Аббос шаҳрига ташриф буюриб, шифохоналардаги жароҳатланганлар билан учрашди ва тезроқ соғайиб кетишни тилади.
New York Times нашри кимёвий моддалар нотўғри сақлангани сабабли портлаш юз бергани ҳақида хабар берди. Эрон расмийлари ташқаридан аралашув версиясини рад этди. Бироқ эронлик депутат портдаги портлашга Исроилнинг алоқаси борлигини айтди. Муҳаммад Сераж бунга ишора қилувчи “далиллар” мавжудлигини айтди.
Портловчи моддалар контейнерларга ёки улар ишлаб чиқарилган мамлакатда, ёки ташиш йўлида жойлаштирилган. Биз портловчи моддаларни контейнерларга жойлаштиришда ички манбалар ҳам иштирок этган бўлиши мумкинлигини инкор этмаймиз. Портлаш тўртта турли жойда юз берди, деган у.
Изоҳ (0)