Авиацияда хавфсизликни таъминлаш бутун фуқаролик авиацияси тизимининг асоси ҳисобланади. Инсон омили ва техник носозликлар билан боғлиқ хатарларни камайтириш учун кўплаб қоидалар, йўриқномалар ва низомлар мавжуд. Кенг оммага унчалик маълум бўлмаган, аммо муҳим хавфсизлик чораларидан бири бу учувчиларнинг, яъни самолёт командири ва иккинчи учувчининг бир хил таом емаслигидир. Бу чора дастлаб унчалик муҳим эмасдек туюлиши мумкин, лекин аслида бу қоида асосли сабабларга эга.

Хавфни камайтириш ва захира тамойили
Авиацияда хавфсизликни таъминлаш учун муҳим тизимлар ва функциялар дубликат (захира) қилинади, шунингдек, ҳар қандай фавқулодда ҳолатларнинг олди олинади. Бу нафақат самолётнинг техник тизимларига (масалан, электр таъминоти ёки навигация қурилмалари), балки инсон омилига ҳам тегишли. Экипаж камида икки учувчидан иборат бўлади, агар бирортаси ишга яроқсиз ҳолатга тушса, бошқаси парвозни давом эттира олиши лозим.
Шу сабабли учувчиларнинг алоҳида овқат ейиши талаб қилинади. Асосий сабаб иккала учувчининг бир вақтнинг ўзида овқатдан заҳарланиши ёки ўзини ёмон ҳис қилиши хавфини камайтиришдир. Агар улар ҳар хил овқат истеъмол қилса, таом эса турли маҳсулотлардан тайёрланган бўлса ёки уларни икки хил ошпаз пиширган бўлса, иккаласининг бир пайтда заҳарланиши эҳтимоли паст бўлади.
Авиацияда озиқ-овқат билан боғлиқ хавфнинг келиб чиқиши

Борт овқатларини тайёрловчи кейтеринг хизматлари қатъий назоратдан ўца ҳам, озиқ-овқатдан заҳарланиш хавфи бутунлай йўқ деб бўлмайди. Муаммо исталган босқичда — маҳсулот сотиб олиш, сақлаш, тайёрлаш ёки самолётга етказиш пайтида юзага келиши мумкин. Айниқса, узоқ ва қитъалараро парвозлардаги таомлар идеал шароитда сақланмаслиги мумкин. Учувчиларнинг иш ва овқатланиш вақти ҳам одатий жадвалга мос келмайди, бу эса озиқ-овқатнинг хавфсизлигига таъсир қилади.
Тасаввур қилинг, бирор маҳсулот зарарланди, ундаги хавфли бактериялар (масалан, салмонелла ёки ичак таёқчаси) пайдо бўлди. Агар икки учувчи ҳам айнан шу маҳсулотдан тайёрланган овқатни истеъмол қилса, уларнинг иккаласи бир вақтда ўзини ёмон ҳис қилиши мумкин. Бунда кўнгил айниши, қусиш, ич кетиши, иситма каби аломатлар пайдо бўлади. Демак, иккала учувчи бир пайтнинг ўзида касал бўлиб қолса, парвоз кўплаб инсонлар ҳаёти учун хавфли тус олади.
Амалий қоидалар ва бошқа эҳтиёт чоралари

Алоҳида овқатланиш тартиби авиакомпанияларда ҳар хил тарзда амалга оширилади, лекин асосий тамойил барчасида ўхшаш, яъни учувчилар бир хил овқат емайди. Улар учун бир нечта овқат варианти таклиф қилинади. Баъзи ҳолларда, ҳатто, асосий маҳсулотлар ҳам фарқ қилиши шарт бўлади. Масалан, капитан балиқ еса, иккинчи учувчи товуқни танлайди.
Бу талаб учувчиларнинг соғлом ва фаол ҳолатда бўлиши учун мўлжалланган кўплаб чоралар қаторига киради. Масалан, парвоздан олдин тиббий кўрикдан ўтиш, дам олиш ва иш вақтининг аниқ тартибланиши, кабинадаги иш қоидалари (аниқ вазифа тақсимоти, стандарт иборалардан фойдаланиш) шулар жумласидандир. Яна бир мисол: агар учувчилардан бири ҳожатхонага чиқса, унинг ўрнини вақтинча катта борт кузатувчи эгаллайди. Бу ерда кузатувчи учувчи вазифасини бажармайди, лекин у кабинадаги қолган учувчини кузатиб туради ва агар фавқулодда ҳолат юз берса, дарҳол хабар беради.
Бугунги самолётлар автопилот тизимлари билан жиҳозланган бўлиб, улар белгиланган йўналишда парвозни давом эттира олади, ҳатто айрим ҳолатларда қўнишни ҳам автоматик тарзда амалга оширади. Шунга қарамай, жиддий муаммоларда тез ва тўғри қарор қабул қила оладиган тирик ва ҳушёр учувчилар мавжуд бўлиши хавфсизликнинг ажралмас қисмидир.
Изоҳ (0)