Ижтимоий тармоқларда юзлаб одамлар уй сотиб олиш мақсадида тўлов қилиб, алдангани ҳақида хабарлар тарқалди. Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги мазкур ҳолат юзасидан маълумот берди.

Унга кўра, Тошкент шаҳри Олмазор туманидаги “Чилтўғон” маҳалласи, Уста Олим 2-берк кўчасида жойлашган қурилиш ишлари Стронг cитиэс МЧЖ томонидан амалга оширилган. Бироқ ушбу объект бўйича қонунчиликда белгиланган тартибда зарур рухсатнома ва ҳужжатлар олинмаган. Хусусан, Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 20 апрелдаги 200-сонли қарори талабларига кўра:
- қурилишга рухсатнома олинмаган;
- архитектура-режалаштириш топшириғи ишлаб чиқилмаган;
- лойиҳа-смета ҳужжатлари Тошкент шаҳар Қурилиш бошқармаси билан келишилмаган.
Тошкент шаҳар Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги соҳасида ҳудудий назорат қилиш инспекцияси томонидан ўтказилган текширувда, объектда фақат ер учун кадастр ҳужжатлари мавжудлиги, қурилиш ва монтаж ишларини амалга ошириш учун эса зарур ҳужжатлар йўқлиги аниқланган.
Натижада белгиланган тартибда огоҳлантириш хати юборилиб, қурилиш ва монтаж ишлари тўхтатилган. Шунингдек, объект сейсмик хавфсизлик талабларига жавоб бермагани боис, қурувчи ташкилот томонидан ўз ихтиёри асосида объектда демонтаж ишлари амалга оширилган.
Шу билан бирга, лойиҳа-смета ва бошқа тегишли техник ҳужжатлар қайта кўриб чиқилиб, тўлиқ расмийлаштирилган ҳолда қурилиш ишларини белгиланган тартибда давом эттирилиши қурувчи ташкилот вакиллари томонидан таъкидланган.
“Шу ўринда эслатма: фуқаролардан уй-жой харид қилишда обектнинг барча ҳуқуқий ҳужжатлари ва рухсатномалари мавжудлигини синчиклаб текшириш тавсия этилади”, дейилади хабарда.
Бундан бир неча кун аввал Тошкент вилоятининг Қуйи Чирчиқ туманида кўп қаватли уй қурилиши тўхтатилгани ҳақида хабар берилганди.
Президент топшириғига асосан қурилиш соҳасидаги жараёнларни самарали ва шаффоф бошқариш мақсадида янги қурилишларда давлат назорати тизими жорий этилган. Ҳар бир объект учун QR кодли паспорт жорий этилган бўлиб, ушбу код орқали объект ҳақидаги барча маълумотларни реал вақт режимида олиш мумкин. Бу республикадаги барча фуқаролар ва жамоат назорати вакилларига қурилиш объектлар ҳолатини қулай тарзда кузатиш имконини беради.
Ўзбекистонда 2025 йил 1 июлдан эскроу тизими ҳам ишга туширилди. Эндиликда ҳали битмаган уйдан хонадон сотиб олмоқчи бўлган фуқаро, ўша уйга ўз маблағларини тикиш орқали улушдорга айланади. Бунинг учун қурувчига эмас, банкка тўлов қилади. Улушдорнинг тўлаган пуллари алоҳида эскроу ҳисобварағида йиғиб борилади. Уй битмагунча қурувчи компания бу пуллардан фойдалана олмайди. Турар жойни эса ўз маблағлари ёки банк кредити асосида қуриб битказади.
Изоҳ (0)