Самарқанддаги “Омонқўтон” миллий табиат боғига ноқонуний кирган 5 киши дарахт ва ўсимликларга зарар етказгани ҳақида хабар берилган эди. Бош прокуратура ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилганини маълум қилди.
Ушбу миллий табиат боғининг “Йўлсой” бўлими ҳудудида бир қатор фуқаролар томонидан ноқонуний равишда йўл очилиб, 869 метр квадрат майдондаги тупроқлар сурилиб, 1427 метр квадрат майдон тупроқ билан кўмилгани оқибатида жами 2693,9 метр куб муҳофаза этиладиган ҳудудда ўсувчи Ўзбекистон “Қизил китоби”га киритилган 7 турдаги 1 112 туп, ноёб ва йўқолиб бораётган 5 турдаги 1 479 туп ўсимликлар нобуд қилинган, 8 турдаги 64 туп дарахт ва буталар кесилган, нобуд қилинган ва шикастлантирилган.
Бунинг натижасида табиатга 1 миллиард 115 миллион 907 минг сўмлик зарар етказилган.
Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги матбуот котиби ушбу фуқаролар “Йўлсой” бўлимида жойлашган собиқ оромгоҳ ҳудуди орқали рухсатсиз ва ҳеч қандай ҳужжатсиз экскаватор ва бульдозерлар билан кириб борганини маълум қилганди.
Боғ раҳбарияти табиат боғи муҳофаза этиладиган табиий ҳудуд экани, бу ерга рухсатсиз кириш, қурилиш ва қазиш ишларини олиб бориш мумкин эмаслиги ҳақида огоҳлантирган ҳамда ҳудуддан чиқиб кетишни талаб қилган. Огоҳлантиришларга қарамай, фуқаролар ноқонуний тарзда боғ ҳудудига киришда давом этган ва бир неча дарахт ва ўсимликларга жиддий зарар етказган.
Мазкур ҳолат юзасидан Самарқанд вилояти прокуратураси томонидан Жиноят кодексининг 204-моддаси (муҳофаза этиладиган табиий ҳудудларнинг режимини бузиш) 2-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатларига киришилди.
Жиноят иши тергови устидан Бош прокуратура назорати ўрнатилган.
Жиноят кодексида Муҳофаза этиладиган табиий ҳудуд ёки объектларни қасддан нобуд қилиш ёки уларга шикаст етказиш кўп миқдорда зарар етказилиши ёхуд бошқача оғир оқибатларга сабаб бўлса, БҲМнинг 50 бараваридан 100 бараваригача миқдорда жарима ёки 2 йилдан 5 йилгача озодликни чеклаш ёхуд 5 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланиши белгиланган.
Изоҳ (0)