Наманган, Андижон ва Қорақалпоғистонда ҳоким ўринбосари ҳамда агентлик ва инспекция ходимлари пора билан ушланди.

Хабар берилшича, Қорақалпоғистон Республикаси Беруний тумани ҳокимининг ўринбосари Тахиатош туманида фаолият олиб бораётган қизилмия илдизларини қайта ишлашга ихтисослашган МЧЖ раҳбарига қизилмия илдизини етиштириши учун Беруний тумани ҳудудидан 150 гектар ер майдони ажратиб бериш эвазига 12 минг АҚШ доллари олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланди.
Наманган вилоятида қайд этилган ҳолатда, Косонсой туманидаги боғдорчиликка ихтисослашган фермер хўжалик раҳбари мазкур хўжаликнинг 24 гектар ер майдонини мансабдор таниши орқали харидор номига расмийлаштириб бериш эвазига 240 минг АҚШ доллари талаб қилиб, олдиндан 50 минг АҚШ доллари олган вақтида ушланди.
Шунингдек, тезкор тадбир давом эттирилиб, унинг мансабдор таниши ҳисобланган Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги “Агросаноатни ривожлантириш агентлиги” давлат муассасасининг Косонсой туман лойиҳа офиси бош мутахассиси юқоридаги ер майдонини расмийлаштириб бериш эвазига 10 минг АҚШ доллари олган вақтида ушланди.
Бошқа ҳолатда эса Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Агросаноат мажмуи устидан назорат қилиш инспекциясининг Андижон вилояти бошқармасида бўлим бошлиғи лавозимида фаолият юритувчи мансабдор шахс Андижон туманидаги пахта ва ғалла етиштиришга ихтисослашган фермер хўжалик раҳбари томонидан 6 сотих ер майдонига ноқонуний қурилган бино ва иншоотлар бўйича ҳисобланиши керак бўлган зарарни камайтириб хулоса бериш эвазига 1000 АҚШ доллари олган вақтида ушланди.
Ҳозирда мазкур шахсларга нисбатан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Ерни ноқонуний сотишга уриниш бўйича бошқа ҳолатлар
Фарғонада фуқаро 2,5 гектар ерни 650 минг долларга сотишга келишиб, олдиндан 100 минг долларни олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланганди. Тошкент вилояти Оҳангарон туманида жойлашган ва қишлоқ хўжалигига мўлжалланган 32 гектар ерни 2,4 млн долларга ноқонуний сотмоқчи бўлган шахс қўлга олинганди.
Сурхондарё вилоятида фуқаро қишлоқ хўжалигига мўлжалланган 45 сотих ерни 60 минг долларга сотишга келишиб, 56,7 минг доллар ва 43 миллион сўм олган вақтида қўлга тушганди. Хоразм вилоятининг Урганч туманида фуқаро давлат захирасида бўлган 24 сотих ер майдонини кадастр тизимида ишловчи танишлари орқали харидор номига расмийлаштириб бериш эвазига 45 минг доллар ва 13 миллион сўм олган вақтида ушланганди.
Пора олган инспекция ходимлари
Зангиота туманида солиқ инспекциясининг шўба бошлиғи вазифасини бажарувчи шахс қурилиш моллари ишлаб чиқаришга ихтисослашган оилавий корхонанинг фаолиятига раҳнамолик қилиш ва 1 йил давомида текширув ўтказмаслик эвазига 1200 доллар олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланганди.
Сирдарё вилояти Солиқ бошқармасининг солиқ тўловчиларга хизмат кўрсатиш бўлими бош инспектори Гулистон шаҳрида фаолият юритувчи учта МЧЖнинг солиқ қарзларини, ушбу МЧЖларни соддалаштирилган тартибда банкрот деб топиш йўли билан бартараф қилиб бериш эвазига 4 минг доллар олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.
Наманган вилояти Янгиқўрғон тумани солиқ инспекцияси катта инспектори боғдорчиликка ихтисослашган фермер хўжаликнинг 2023 ва 2024 йиллар учун ер солиғидан аниқланган 11 миллион 200 минг сўм миқдоридаги қарздорлигини бартараф қилиб бериш эвазига 7 миллион сўм, шунингдек, ушбу фермер хўжалик раҳбарининг танишига тегишли нотурар жойнинг мол-мулк ва ер солиқларидан бўлган 55 миллион 100 минг сўм қарздорлигини ҳам тўлиқ бартараф қилиб бериш эвазига 28 миллион сўм талаб қилади. У талаб қилинган жами 35 миллион сўм пул маблағини олган вақтида ушланган.
Изоҳ (0)