Бир йил олдин, 2020 йил 1 июлда Гонконгда биринчи марта оммавий намойиш ўтказилмади. Анъанага кўра, бундай намойиш орқали мухолифат шаҳар-давлатнинг Буюк Британиядан Хитойга ўтган санасини нишонлайди. Ўтган йили расмийлар пандемия баҳонасида акцияга розилик беришдан бош тортганди, лекин 2021 йилга келиб бунинг сабаби сиёсат экани маълум бўлди. Хитой Халқ Республикаси (ХХР) сўнгги 24 йил давомида минтақа мустақиллигининг парчаларини изчил йўқ қилиб келмоқда. Гонконгни ХХР ҳукумати қўлига топшириш жараёни расман 2047 йилга қадар якунланиши керак эди, лекин Пекин бу муддатни кутиб ўтиришга эмас, балки ҳозирданоқ талабларни кучайтиришга қарор қилди. Гонконг ва Хитой ҳуқуқлари бўйича ихтисослашган адвокат Павел Бажанов Meduza сўровига биноан, шаҳар қандай қилиб нисбий мустақиллигини сақлаб қолгани, бу мустақиллик нима сабабдан ўта кескинлик билан якун топаётганини тушунтириб берди.
2021 йил 27 июлда Гонконгда бир йил олдин кучга кирган давлат хавфсизлиги тўғрисидаги янги қонунни бузиш бўйича биринчи жиноят иши якунланди. Судланувчи, мухолифат фаоли Тун Ин-Кит мотороллерда полиция қуршовини ёриб ўтгани учун террорчиликда айбдор деб топилди. Шунингдек, у маҳаллий мухолифатнинг бош шиорларидан бири «Гонконгга озодлик, замонамиз инқилоби» ёзуви туширилган байроқни намойиш қилиб, «айирмачиликка ундашда» айбланди. Тун тўққиз йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинди — бу муддат аввалги қонунларда белгиланган муддатга қараганда анча кўп.
Тунннинг суди қандай бўлганига қараб, бошқа фаолларга қарши суд жараёни қандай ўтиши ҳам маълум — бир йил ичида Гонконгда давлат хавфсизлигига қарши жиноятларда гумон қилинган юздан ортиқ одам ҳибсга олинган. Ҳакамлик судида «ҳакамлар ва уларнинг оила аъзолари шахсий хавфсизлигига таҳдид» туфайли Туннинг ишини кўриб чиқиш рад этилди. Худди шу сабаб билан судга қадар кафиллик остида озод этиш ҳам рад этилди. Ваҳоланки, илгари бу иккаласи ҳам одатий амалиёт бўлган. Полициячига қилинган ҳужумнинг ўзиниёқ суд террорчилик ҳаракати деб баҳолади — чунки гўёки Тун шу тарзда «жамоатчиликни қўрқитиш» ва «сиёсий мақсадларга эришиш»га уринган.
Гонконгда ҳар доим ҳам демократия бўлганми? (спойлер: умуман олганда йўқ)
Ҳар йили июль ойининг бошида Гонконг Буюк Британия мустамлакасидан Хитой ҳукумати остига ўтгани — ХХРда махсус маъмурий туман (ММТ) сифатида ташкил этилганининг яна бир йиллигини нишонлайди. Расмий байрамлардан ташқари бу байрам ҳам ҳар доим мухолифатнинг демократик ислоҳотларни қўллаб–қувватловчи намойиши билан нишонланган. Уни маҳаллий демократик партиялар ва фуқаролик жамияти ташкилотларининг аксариятини ўз ичига олган Инсон ҳуқуқлари фуқаролик фронти (ChRF) ўтказган. Гонконг демократлари давлат хавфсизлиги тўғрисидаги қонуннинг қабул қилинишига қарши курашиш учун 2002 йилда бу фронтни ташкил этганди (ҳа, расмийлар бу ҳақда ўша пайтда ҳам ўйлаган). Орадан атиги бир йил ўтиб, уларнинг оммавий норозилиги орол ҳукуматини қонун лойиҳасини парламентдан ўтказиш фикридан воз кечишга мажбур қилди.
Гонконгнинг давлат хавфсизлиги тўғрисидаги эски қонуни янгисидан нимаси билан фарқ қилади?
Гонконгда уюшган мухолифатнинг мавжудлигини аномалия деб аташ мумкин. Буюк Британия ҳам, ХХР ҳам бу ҳудудда фуқаролик жамиятининг ривожланишидан манфаатдор эмасди. Лекин на униси, на буниси маълум бир вақтгача унинг ривожланишига тўсқинлик қилмаган. Иккала давлат учун ҳам шаҳар муайян бир функцияни бажарувчи — халқаро савдо ва молия маркази сифатида керак эди. Бу эса сиёсий барқарорликни талаб қиларди.
Гонконг дунё сиёсий харитасида 19-асрнинг ўрталарида пайдо бўлган. Ўшанда биринчи афюн уруши (1839—1842) натижаларига кўра, Буюк Британия заифлашган Хитойни ташқи савдо учун очилишга мажбур қилди ҳамда минтақанинг асосий савдо марказига айланган Гонконг оролининг «доимий мулкига» эга бўлди.
Хитойнинг ўзи мамлакат расмий тарихида «миллий хўрлик асри» деб номланган даврга қадам қўйди. Парчаланиб кетган мамлакат аста-секин ўз суверенитетини йўқотди ва ярим мустамлака давлатга айланди. Британия ҳукмронлиги даврида Гонконг демократик тартиб билан алоҳида ажралиб турмаган. Британия губернатори максимал даражада кенг ваколатларга эга эди, маҳаллий сайланган қонун чиқарувчи орган бўлмаган. Иккинчи жаҳон урушидан кейин Британиянинг бошқа колониялари мустақилликни тобора кўпроқ талаб қилди ва охир-оқибат мустақил давлатларга айланди, лекин Гонконгда иккита асосий сабаб демократияга эришишга йўл бермади.
Биринчидан, умумий сайлов ҳуқуқи ва сиёсий партияларнинг пайдо бўлиши муқаррар равишда шаҳарни коммунистик Хитой ва Тайвандаги Хитой Республикаси ўртасидаги ўзаро кураш майдонига айлантириб қўйган бўларди. Томонларнинг ҳар бири ўзини «бирлашган Хитой»нинг ягона қонуний вакили деб биларди, Буюк Британия эса бетарафликни сақлашга ҳаракат қилди.
Иккинчи сабаб — ХХРнинг ўжарлиги. Хитой Гонконгни демократлаштиришга бўлган ҳар қандай уринишларга фаол қаршилик кўрсатар ва оролда сиёсий барқарорликдан манфаатдор эди. ХХР тўлиқ дипломатик тан олинишга интилаётганда, Гонконг ташқи дунёга очилган дарча бўлди, у орқали ёш Хитой давлати қўшни давлатлар билан савдо қилиши мумкин эди. Бунга, асосан, Хитой диаспорасининг воситачилиги сабаб бўлди, ХХР ташкил этилгандан кейин ҳам ушбу воситачилик ипи узилмади.
Маданий инқилоб даврида ХХРнинг позицияси ўзгарди — энди Гонконгга «Британия босиб олган Хитой ҳудуди» сифатида қаралди. Энди айниқса у ҳеч қандай демократик ислоҳотларни кўзда тутмасди.
Шу билан бирга, Гонконгдаги Британия губернатори ҳар доим ҳам аҳолининг фикрини инобатга олмаслик тамойилини қўллаб келган деб бўлмайди. Мустамлака маъмурияти ҳеч бўлмаганда маҳаллий ишбилармонларнинг фикрини инобатга олишга мажбур эди — улар орасида хитойлик тадбиркорлар ҳам бўлган. Масалан, 1940 йилда Гонконг ишбилармонлари губернаторни ўзларига ўзлари солиқ белгилашга рухсат беришга мажбур қилди. Ушбу тизимни ислоҳ қилиш йўлидаги барча уринишларга қарамай, у ҳозирги кунгача кичик ўзгаришлар билан сақланиб қолган.
Ҳаммаси қай тарзда ва нима сабабдан ўзгарди?
Гонконгда биринчи ҳақиқий демократик ислоҳотлар ўтган асрнинг 80 йилларида — мустамлаканинг келажаги ҳақида Буюк Британия ва ХХР ўртасида ўтказилган музокаралар билан бир вақтда бошланган. Шаҳарнинг Хитой ҳукмронлигига ўтиши (1997 йил 1 июлдан бошлаб) Британия—Хитой қўшма декларациясида 1984 йилдаёқ қайд этилган. Декларацияни имзолагандан сўнг Буюк Британия гонконгликларга фуқаролик ҳуқуқларини максимал даражада бериб, шаҳардан «ҳурмат билан кетишни» хоҳлади. ХХР эса демократлаштириш жараёни келишувлардан ташқарига чиқмаслиги устидан назорат ўрнатди.
Қоғозда ХХР шаҳар раҳбари ва парламент депутатлари учун умумий сайловлар ўтказишга рози бўлди, лекин сайловлар дарҳол эмас, «қачондир» ўтказилиши айтилди, чунки бу Гонконгнинг трансферига таҳдид соларди. Натижада Пекин олдинги парламентни тан олиш ўрнига, Гонконг учун муваққат Қонунчилик кенгашини тузди, кенгаш Гонконг ХХР бошқарувига ўтгандан кейин ўз ишини бошлади ва ҳалигача ишлаб келмоқда.
Гонконг Хитойга ўтгач, Пекиндаги ҳукумат маҳаллий ишларга бўлган қизиқишни йўқотди. Моҳиятан, бошқарув Пекинга содиқ ва йирик бизнес манфаатларини ифодаловчи маҳаллий сиёсатчиларга топширилди. Пекинга садоқат қитъадаги даромадли иш шароитлари билан рағбатлантирилган — ХХР Гонконг бизнесига Хитойнинг ички бозорида иш олиб бориш учун хорижий капиталга қараганда қулайроқ шароитлар яратди. Гонконг бизнеси қитъадаги бизнес манфаатлари билан қанчалик боғланса, унинг вакиллари орасида мухолифатга овоз бериш истаги шунчалик кам бўларди.
Шу билан бирга, йирик бизнес ҳукуматда номутаносиб равишда юқори ваколатларга эга бўлди. Унинг манфаатларини ифодаловчи депутатлар ММҲ Қонунчилик кенгашининг деярли ярмини, шаҳар раҳбари бўладиган масъул котибни сайлайдиган Сайлов комиссиясида эса кўпчиликни ташкил этди. Ушбу тизим туфайли ХХР Гонконгдаги шаҳар, ҳукумат ва парламент раҳбарларининг садоқатига ҳамиша ишона оларди.
Гонконгдаги мазкур бошқарув тизими, яъни тўғридан-тўғри аралашувларсиз, фақат бизнесга таяниш Хитойга орол устидан назоратни самарали ушлаб туришга имкон берди. Аммо унинг ҳам иккита катта камчилиги бор эди.
Биринчидан, бундай тизим кўпчилик аҳолининг манфаатларини ҳисобга олмас ва шаҳарда тўпланган ижтимоий муаммоларни ўз вақтида ҳал қилишга қодир эмасди. Гонконг — табақаланиш даражаси жуда юқори бўлган дунёдаги энг қиммат шаҳарлардан бири (Жини коэффициэнти — 0,53, Бразилия даражаси билан бир хил), чекланган қурилиш ва Хитойдан келувчи харидорлар туфайли шаҳарда уй-жой нархлари юқори, шунингдек, ижтимоий кафолатлар жуда заиф (Жини коэффициэнти — мамлакат ёки минтақа табақаланиш даражасининг статистик ўлчови).
Бу ҳолат умуман олганда шаҳар аҳолисига маъқул келган бўларди (ижтимоий харажатларнинг ортиши солиқни кўпайтиришни талаб қилади, улар бунга рози бўлиши амри маҳол эди), аммо агар ҳукумат қиймати шубҳали инфратузилма лойиҳаларига катта маблағ сарфламаганда.
Мисол учун, 2018 йилда Гонконг раҳбари Кэрри Лам қиймати 60 миллиард доллардан ошадиган Lantau Tomorrow Vision сунъий оролларини қуриш бўйича улкан лойиҳа бошланганини эълон қилди. Мухолифат ва экологлар лойиҳа атроф-муҳитга таҳдид солиши ва шаҳар бюджетини вайрон қилиши мумкинлигидан хавотирланиб, уни дарҳол танқид қилди. Оролларни қуришни режалаштираётган йирик бизнесларгина бундан манфаатдор эди, холос.
Бундан ташқари, Гонконгнинг ХХРга қўшилиши фақат иқтисодиёт билан чекланган, лекин ижтимоий-сиёсий соҳага тааллуқли эмас эди. Гонконг 50 йил давомида, яъни 2047 йилгача ўзининг олдинги мавқейини сақлаб қолиши кафолатланган. Гонконг ҳақиқатан ҳам аввалги эркинликларининг кўпини сақлаб қолди: матбуот цензура қилинмади, ХХРда тақиқланган ташкилотлар шаҳарда фаолият юрита оларди, мухолифат эса сиёсий партиялар тузиши мумкин эди.
Бунга бир исбот: ХХРда тақиқланган «Фалуньгун» диний ҳаракати Гонконгда очиқ фаолият кўрсатган. Ҳаракат Хитой расмийларининг норозилигига қарамай, ҳатто Гонконг судида ХХРнинг расмий ваколатхонасида пикет ўтказиш ҳуқуқини ҳимоя қила олди.
Вақти-вақти билан ҳукумат вазиятни ўзгартиришга уринди. Бироқ Гонконг мухолифати уларга қарши оммавий намойишлар орқали муваффақиятли курашди. Натижада бир вақтлар мустамлакачилик маъмурияти метрополия солиқларни ошириш ташаббусларига барҳам бергани каби, Гонконг маҳаллий ҳукумати ҳам халқ орасида оммалашмаган қонунларни кучайтиришни истамади.
Бундай мустақилликни сақлаб қолиш дастлаб Пекиннинг кескин реакциясини келтириб чиқармади. Шунинг учун Гонконгда ушбу режим 2047 йилдан кейин ҳам давом этиши мумкин, деган фикр кучайди. Бироқ 2014 йилда «соябонлар инқилоби» номи билан танилган талабалар норозилигидан сўнг, маълум бўлишича, ХХР нафақат сайлов тизимида ҳеч қандай имтиёзлар ва ислоҳотларни режалаштирмаяпти, балки Гонконгни Хитой ичидаги оддий шаҳар сифатида янги мавқега «мослаштирмоқчи».
Ушбу демократия қандай қилиб тугатилди?
Мухолифатнинг июль намойиши одатдагидек, полиция қаршилигисиз ўтар ва ҳеч қандай ҳаддан ошишларсиз тугарди. Бу анъана экстрадиция қонунига қарши норозилик намойишлари пайтида биринчи марта бузилди — 2019 йилда намойишчилар Қонунчилик кенгаши жойлашган ҳукумат биносини қамал қилиб, ичкарига кириб олди.
Кейинги йили бундай имкониятнинг ўзи бўлмади: полиция эпидемия туфайли чекловлар ўрнатилганини рўкач қилиб, намойишга розилик беришдан бош тортди. Маршдан бир кун олдин ХХР давлат хавфсизлиги тўғрисида янги қонун қабул қилди, қонун ўша куниёқ кучга кирди ва бундай жиноятлар учун жавобгарликни умрбод қамоқ жазосига қадар кучайтирди. Янги қонунга қарши 2020 йилнинг 1 июлида рухсатсиз ўтказилган митинглар оммавий ҳибсга олишлар ва бу қонуннинг бузилиши бўйича очилган биринчи жиноий ишлар билан якунланди.
2021 йилга келиб, парад етакчиларсиз қолди: май ойида ChRF раҳбари Фиго Чан «рухсатсиз митинглар» ўтказганликда айбланиб, ҳибсга олинди; ҳозирда у 18 ойлик қамоқ жазосини ўтамоқда. Ташкилотнинг ўзи эса ноқонуний деб эълон қилиниши мумкин, чунки у гўёки чет элдан молиялаштирилмоқда.
Янги қонунга биноан, чет элдан молиялаштириладиган ҳамда «қонунлар ва сиёсатни қўллашга аралашиш», «сайлов жараёнини манипуляция қилиш ва бузиш» ёки «хорижий давлатлар ёки хорижий кучлар» билан ҳамкорликда «Марказий халқ ҳукумати (ХХР) ёки Гонконг ММТ ҳукуматига нафрат қўзғатиш» бўйича фаолият юритадиган барча ташкилотларнинг раҳбарлари умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилиниши мумкин.
Бошқа фуқаролик бирлашмаларига 1 июль куни митинг ўтказишга рухсат берилмади. Шундай қилиб, 2021 йил 1 июлдаги ягона кўзга кўринган воқеа — полициячини ўлдиришга уриниш бўлди: ҳужумчи ўз жонига қасд қилди, аммо шаҳардаги бир қанча кишилар учун у «қаршилик кўрсатиш қаҳрамони»га айланди.
Гонконгдаги июль намойишлари тарихи шаҳарнинг сўнгги йилларда қандай ўзгарганини кўрсатади. Илгари мухолифат тинч намойишларга эътироз билдирмайдиган ва жамоатчилик фикрини инобатга олган ҳолда ҳаракат қилувчи маҳаллий ҳукумат билангина иш олиб борарди. Бироқ экстрадиция тўғрисидаги қонунга қарши бир йил шов-шув бўлган норозилик намойишларидан сўнг Пекиндаги марказий ҳукумат талабларни кучайтира бошлади.
Маҳаллий ҳукумат бу жараёнда ХХР сиёсатига тўлиқ амал қилади, у овоз бериш ҳуқуқига эга эмас. Давлат хавфсизлиги тўғрисидаги қонун Гонконг учун таҳдид бўлиб хизмат қилади, у фақат алоҳида ҳолатларда қўлланилади деган умидлар пучга чиқди. Шаҳарни тарк эта олмаган таниқли мухолифатчилар панжара ортига ташланди. Мухолифатни бошсиз қолдирган Пекин ташаббусни ўз қўлига олиб, Гонконг мустақиллигини изчил парчалай бошлади.
Ҳозир Гонконгда нималар бўляпти?
Биринчидан, Пекиндаги марказий ҳукумат тобора Гонконг ишларида бевосита иштирок этмоқда. Сўнгги йиллардаги энг муҳим Гонконг қонунлари Гонконгда эмас, Пекинда қабул қилинган. Бу Гонконгнинг асосий қонунига зид эмас, аксинча, Хитойга «умуммиллий қонунлар»ни шаҳарга ёйиш ҳуқуқини беради.
Уларнинг ижроси учун Пекиндаги марказий ҳукуматга бевосита бўйсунадиган ва маҳаллий ҳокимият назорати остида бўлмаган янги тузилмалар пайдо бўлмоқда. Масалан, Гонконг ММТ Давлат хавфсизлик бошқармаси Хитой хавфсизлик кучлари билан тўлиқ таъминланган. Ўз навбатида, маҳаллий ҳукумат Пекинни диққат билан кузатмоқда ва «давлат хавфсизлигини ҳимоя қилиш» йўлида фаолроқ ҳаракат қилмоқда: 2021 йилда Гонконгда биринчи марта Тяньаньмэнь майдонида хотира митингини ўтказиш тақиқланди.
Иккинчидан, ҳукуматни қўллаб-қувватловчи сиёсий партиялардан ташқарида ҳар қандай сиёсий ҳаётда иштирок этиш ўта хавфли ишга айланди. Нафақат оғир жиноятлар учун, балки «тақиқланган» чақириқлар билан ижтимоий тармоқларга пост жойлаш, пул йиғиш, тинч намойишларда қатнашиш учун ҳам давлат хавфсизлигига қарши жиноят содир этганликда гумон қилиниш мумкин.
Бундан ташқари, сайлов ислоҳоти аксарият демократларни ҳуқуқий сиёсатда иштирок этиш имкониятидан маҳрум қилди. Баъзи мухолифатчилар ҳалигача шаҳарда таҳлика ва хавф остида қолмоқда, улар осонлик билан сиёсий маҳбусга айланиши мумкин. Шунингдек, Гонконгда Пекин назорати остида бўлмаган матбуот деярли қолмади. 2021 йил 23 июнда, хавфсизлик ходимларининг рейдлари ва журналистларнинг ҳибсга олинишидан сўнг мухолифатнинг асосий газетаси Apple Daily ўз фаолиятини тўхтатди.
Учинчидан, Гонконг ҳаётидаги ўзгаришларнинг таъсири фақат мухолифат фаоллари билан чекланиб қолмайди. Масалан, шахсий маълумотларни ҳимоя қилиш қоидалари ўзгаргани сабабли (улар полициячилар ва бошқа давлат амалдорларини ҳимоя қилиш учун қабул қилинган) хорижий ижтимоий тармоқлар ва сервислар — Google, Facebook ва Twitter Гонконгдаги фаолиятини тўхтатиши мумкин.
Бундай ўзгаришлар билан Гонконгдаги ҳаёт ўзига тортмайди, шунинг учун шаҳардан эмиграция қилиш давом этмоқда. Аммо гонконгликларнинг жимгина кетишига ҳам рухсат берилмайди. Британия ҳукуматининг оролдан келган муҳожирларга соддалаштирилган схема бўйича Британия фуқаролигини бериш ҳақидаги таклифига жавобан, Хитой ҳукумати бундай паспортларни тан олиш тўхтатилишини эълон қилди.
ММТни 2047- йилга келиб тугатиш шунчаки расмиятчилик бўлиб қолиши учун, катта эҳтимол билан, ХХР ўз назорати остидаги маҳаллий ҳукумат ёрдамида Гонконгни «такомиллаштириш» сиёсатини давом эттиради.
Тўғри, Гонконгни «хитойлаштириш» аввалгидан кескинроқ бўлган қаршиликларга учраши мумкин. Хитой ҳукуматининг янги сиёсати радикаллашувга ва 2021 йил 1 июлда полиция ходимини ўлдиришга уриниш руҳидаги жиноятлар сонининг кўпайишига олиб келиши мумкин, бу шаҳарнинг обрўсига салбий таъсир қилади. Қолаверса, Гонконгнинг демократик лагерида бир миллиондан ортиқ одамни кўчаларга олиб чиқа оладиган кенг кўламли қўллаб-қувватлаш базаси мавжуд. Ягона савол — қандай сабаблар бу каби оммавий намойишни яна ўтказишга олиб келиши мумкин ва бу сабаб узоқ йиллик қамоқ жазоси хавфидан устун келадими?
Изоҳ (0)