2025 йилда Тошкент шаҳрига 8 млрд доллар миқдорида сармоялар киритилади. Бу ҳақда бугун, 10 июль куни президент Шавкат Мирзиёев Тошкент шаҳри Шайхонтоҳур туманига ташрифи чоғида маълум қилди.

Президент ахборот хизмати хабарга кўра, давлат раҳбари Шайхонтоҳур маҳаллаларидаги қурилиш, саноат ва бошқа соҳалар ривожи қандай кетаётгани билан танишган. Хусусан, “Янги Камолон” маҳалласида бўлиб, ҳудуд аҳолиси билан суҳбатлашган.

“Сўнгги йилларда кўп корхоналар очилди, иқтисодиёт ўсяпти. Шу билан бирга, ёшларимиз ҳам етишиб келяпти. Уларнинг таълим-тарбияси, соғлиги, иш ўринларини ҳозирдан ўйлашимиз керак. Шунинг учун бу йил Тошкент шаҳрига 8 миллиард доллар инвестиция олиб келяпмиз. Бунинг ҳисобидан Шайхонтоҳурда ҳам янги-янги иш жойлари, таълим масканлари, инфратузилма иншоотлари бўлади”, деган Шавкат Мирзиёев.

Маълум қилинишича, “Янги Камолон” маҳалласида 4 600 нафардан зиёд аҳоли яшайди. Ҳудудда 60 дан ортиқ савдо ва хизмат кўрсатиш шохобчаларида маҳалла ёшлари иш билан банд. Жорий йилда маҳаллада ҳунармандлар маскани, дала маҳсулотлари ва қандолатчилик дўконлари, новвойхона ташкил этилди, хусусий тиббиёт пункти очилди. Натижада маҳалла ишсизликдан холи ҳудудга айланди.

“Шайхонтоҳурда ҳунармандчилик азалдан бўлган. Бугун ҳам туманда одамларни иш билан, даромад билан таъминлашда бу катта манба. Шунинг учун Шайхонтоҳур мисолида хизматлар соҳасини ривожлантириш бўйича янги чора-тадбирлар режасини қабул қиламиз”, деган президент.

Шу билан бирга, маҳалладаги каби кичик кутубхоналарни бошқа маҳаллаларда ҳам ташкил этиш муҳимлиги таъкидланган.
Изоҳ (0)