Термиз шаҳрида 219 туп дарахт ноқонуний тарзда кесиб ташлангани аниқланди.

Ижтимоий тармоқларда Термиз шаҳридаги арчазор майдон йўқ қилинаётгани ҳақида тарқалган хабар юзасидан Сурхондарё вилояти Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши бошқармаси, вилоят Прокуратураси ҳамда вилоят Миллий гвардия бошқармаси ходимлари томонидан ўрганиш ишлари олиб борилган.
Аниқланишича, мазкур ҳудудда кўп қаватли турар-жой мажмуаси қурилиши дастлаб “Гигант Тош Қурилиш” МЧЖ, кейинчалик эса ушбу объектни мерос қилиб олган Developments Rest МЧЖ томонидан амалга оширилмоқда.
Қурилиш учун ажратилган Термиз шаҳри “Дўстлик” маҳалласидаги ер майдонида 356 туп дарахт мавжуд бўлиб, улар 2025 йил март ойида вилоят экология бошқармаси мутахассислари томонидан расмий хатловдан ўтказилган. Қурилиш ишлари бошланишидан аввал жамоатчилик эшитувлари ҳам ташкил этилган, мавжуд дарахтларни кўчириб ўтказиш режалаштирилган эди. Мазкур МЧЖ дарахтларни кўчириб ўтқазишга юборган сўровига вилоят Экология бошқармаси дарахт кўчириб ўтқазиш мавсуми эмаслиги сабабли рад этилган.
Бироқ, белгиланган тартиб ва ҳужжатларсиз, июнь ойида ҳудуддаги 219 туп дарахт, жумладан элдор қарағайи, вергин арчаси, шарқ биотаси, чинор ва бошқа навлар ноқонуний тарзда кесиб ташлангани аниқланган.
Мазкур ҳолат орқали “Ўсимлик дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш тўғрисида”ги қонуннинг 21 (ўсимлик дунёси ўсадиган муҳитни муҳофаза қилиш) ва 37-моддалари (дарахт ва бутларни кесиш), шунингдек президентнинг 2021 йил 30 декабрдаги ПФ-46-сонли фармони талаблари бузилган. Унда давлат ўрмон фондига кирмайдиган дарахтлар ва буталар қимматбаҳо навларининг кесилишига мораторийнинг амал қилиши муддатсиз даврга узайтирилганди.
Қимматбаҳо ва кам қимматли дарахтларнинг ноқонуний кесилиши оқибатида ўсимлик дунёсига жуда катта миқдорда экологик ва иқтисодий зарар етказилган.
Ҳозирда ҳолат бўйича барча тегишли ҳужжатлар вилоят прокуратурасига ҳуқуқий баҳо бериш учун тақдим этилган.
Изоҳ (0)