Тошкент шаҳри ва Наманган вилоятида ўқишга киритиб қўйишни ваъда қилган шахслар ушланди. Бу ҳақда Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти хабар берди.

Унга кўра, ҳолатлардан бири Бош прокуратура ҳузуридаги департаментнинг Учтепа тумани бўлими ва ДХХ ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирда аниқланган. Фуқаро Д.Х. фуқаро З.А.нинг ишончига кириб, гўёки юқори лавозимда ишловчи танишлари ёрдамида Ўзбекистон давлат хореография академиясига кириш учун ўтказиладиган ижодий имтиҳондан юқори балл олиб бериб, давлат гранти асосида ўқишга киритиб қўйиши эвазига 2 000 АҚШ долларини олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.
Шу каби, департаментнинг Норин тумани бўлими ва ДХХ ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирда фуқаро А.V. фуқаро Ж.У.нинг ишончига кириб, уни Тошкент шаҳридаги хусусий университетлардан бирига 3 курсдан ўқишга киритиб қўйиши эвазига 2 000 АҚШ долларини олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.
Мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) ва 28, 211-моддаси (пора бериш) билан билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.
Фирибгарлик ва коррупция ҳолатлари
Март ойида Тошкент шаҳри ва вилоятида фуқароларни ишга киритиб қўйиш учун пул олган Миллий гвардия ходимлари қамоққа олинди. Февралда Тошкент шаҳрининг Яшнобод, Навоий шаҳри ҳамда Фарғона вилоятининг Олтиариқ туманларида фуқароларга имтиёзли кредит олиб беришни ваъда қилган шахслар ушланди. Хоразмда транспорт бошқармаси бош мутахассиси 80 минг доллар олаётганида қўлга тушди. Январда Тошкентнинг Учтепа туманида ҳоким ёрдамчиси 30 минг доллари олаётганига ушланди.
12 июлда Тошкент ва Фарғонада университетлар кафедра ўқитувчилари пора билан ушланганди.
Изоҳ (0)