Андижонда фуқарони ўқишга киритишни ваъда қилиб, ундан 4 минг доллар олган ОТМ ходими қўлга олинди. Бу ҳақда “Дарё” мухбири хабар бермоқда.
Маълум бўлишича, мазкур ҳолат ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан ўтказилган тезкор тадбирда фош этилган.
Андижон давлат университетининг ўқув услубий бошқарма инспектори Ш.И. фуқарони гўёки ўзининг Тошкент шаҳридаги юқори лавозимларда ишловчи танишлари орқали университет биология йўналишининг сиртқи бўлимига ўқишга киритиб қўйишини ваъда қилиб, эвазига 4 минг АҚШ доллари талаб қилган.
2023 йилнинг 3 июль куни ДХХ ҳамда Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаментининг ҳудудий бошқармаси ходимлари тезкор тадбирда Ш.И. талаб қилинган пулларни олаётган вақтида уни ушлаган.
Ҳолат юзасидан жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.
Аввалроқ, Фарғона, Андижон, Гулистон давлат университетлари ва “Нархоз”га ўқишга киритиб қўйиш эвазига пул олган шахслар ушлангани хабар қилинганди.
Изоҳ (0)