“Тошкентнинг шўх қизи” сифатида эътироф этиладиган Дилфуза Исмоилова 17 февраль куни 57 ёшни қарши олди. Фаолиятининг дастлабки йилларида комик актриса сифатида томошабинлар назарига тушган хонанда ҳозирда муваффақиятли тадбиркор сифатида ҳам фаолият юритиб келмоқда.
“Отам Дипу ўғлим деб эркалатарди”
Дилфуза Исмоилова санъатга алоқаси бўлмаган оилада дунёга келган. Шу боис отаси унинг санъаткор бўлишига жиддий қаршилик қилган.

— Оилада етти қиз ва бир ўғил бўлганмиз. Ота ҳовлимиз шаҳар марказидаги Қоратош мавзесида бўлса-да, уйимизда чорва молларини ҳам боқардик. Эрталаб мактабга кетишдан аввал бетондаги сутларни сотиб келиш каминанинг вазифаси бўлган. Шу боисданми мен қизлардек нозик табиатли, нимжон бўлмаганман. Лой қориб, ғишт қуйишни ҳам уддалаганим учун отам раҳматли “Дипу ўғлим” деб эркаларди. Мен шаҳардаги 116-мактабда ўқиганман. “Баҳор қайтмайди” сериалида Анвар ролини ижро этган Рустам Абзалов мактабимизда директор эди. У инсон ҳам санъатни севгани учун драма тўгарагини ташкил қилганди. Кўпчилик қизлар қатори тўгаракка қатнашганман ва санъатга меҳр қўйганман. Онам “Фарзандларимдан бирортаси машҳур бўлса, пули кўп бўлса”, деб орзу қиларди, аммо отам раҳматли бу соҳани танлашимга жиддий қаршилик қилган. Кейинчалик ўзи дуо билан фотиҳа берган, дейди Дилфуза Исмоилова.
Москвадан келган таклиф
Дилфуза Исмоилова 1985 йили санъат институтининг “Кино ва драма” факультетига ўқишга кирган. Ўша йили машҳур режиссёр Шуҳрат Аббосов энг истеъдодли актёрларни излаётгани ҳақидаги гап-сўзлар тарқалади. Режиссёр истеъдодли абитуриентлар орасидан Дилфуза Исмоиловани танлаб олади.

— Шуҳрат Аббосовнинг курсида ўқиш осон эмасди. Талабчан, изланувчан ва ниҳоятда қаттиққўл устоз эди. Кўпчилик мени комик актриса сифатида танийди, аммо мен талабалик чоғларимда драматик ролларни ҳам ижро этганман. Ҳар куни тайёргарлик бўларди, рол кўнгилдагидек чиқмаса, устозимиз кетишимизга йўл қўймасди. Шундай кунларнинг бирида россиялик киноижодкорлар ўзбек қизи роли учун актриса излаётган экан. Мен ҳақимдаги маълумотлар уларга қандай бориб қолганини билмайман. 1987 йили улар Москвага таклиф қилди, самолёт чипталарини ҳам юборишди. Аммо кетишимдан курсдошларим хафа бўлган эди. Чунки мен кетсам рэпертуардаги спектаклларни қайта саҳналаштириш керак бўларди. Аэропортга борганман-у, бир соатча ўйлаб ортимга қайтганман. Менимча, менда содиқлик кучли, агар шундай бўлмаганида Тошкентда қолишга қарор қилмаган бўлардим, дейди Дилфуза Исмоилова.
“Келин пул олиб келса, ҳаммага ёқади”

— 1989 йили оила қурганман. 1990 йили эса тўнғич фарзандим дунёга келган. Афсуски, шундай кунларнинг бирида отам вафот этган. Ўшанда оиламизга жуда қийин бўлганди, чунки сингилларим ҳали ёш, оиламизнинг боқувчиси эса оламдан ўтди. Ҳамма нарсадан ҳафсалам пир бўлиб юрганида қайнонам театрга ишга киришим кераклигини айтган. Аввалига ишлашни хоҳламаганман, чунки отамнинг ўлими жуда оғир таъсир қилганди. Охири рози бўлиб, Аброр Ҳидоятов номидаги театрга ишга қабул қилинганман. Икки йилга яқин ишладим, аммо оладиган ойлигимдан ҳеч кўнглим тўлмасди. Шунда машина олди-сотдисига қизиқиб қолдим. Сармоя киритиб, машинани олиб, у ер бу ерини тузатиб қайта сотардим. Жуда яхши фойда қоларди, келин пул олиб келса ҳаммага ёқади. Хурсанд бўлиб, ишимни қўллаб-қувватлашарди, дейди Дилфуза Исмоилова.
“Сценарийни 50 йилда ҳам ёдлолмайман”
Дилфуза Исмоилованинг танилишида “Гап йўқ” жамоасининг ҳиссаси катта. Унинг такрорланмас роллари ҳам айнан ана шу жамоа билан биргаликда яратилган.

— Режиссёр Тўхтамурод Маҳкамов билан танишишимга Олимжон ака сабабчи бўлган. Ҳаммамиз бир мактабда ўқиган, олдинма кейин санъат институтини тамомлаган талабалар эдик. Тўхтамурод Маҳкамов рол беришда инсоннинг феъл-атворини ҳам ҳисобга оладиган, самимиятни яхши кўрадиган инсон эди. Табиатан битта камчилигим бор, буни ҳеч тўғрилай олмадим. Эрталаб уйғонишим жуда қийин, уйғонган тақдиримда ҳам ролни ижро этолмайман. Тўхтамурод ака шуни билиб атайин мен билан боғлиқ саҳналарни тушдан кейин оларди. Сценарийни олдиндан кўрмасдим, шу боис Тўхтамурод ака ўша ерда шошиб ўқиб берарди. Битта сценарийни 50 йилда ҳам ёдлай олмайман, аммо гапириб беришса тезда ёдимда қолади. Аслида сценарийда сигир судраб кетиши-ю, поезд тепасида югуриш билан боғлиқ саҳналар бўлмаган. Ҳаммаси суратга олиш майдончасида тасодифан яратилган. Тўхтамурод Маҳкамов операторга “Индамай олавер, Дилфузанинг ўзи ролни қойиллатади”, дерди. Ҳақиқатан ҳам беш дақиқадан кейин қандай хатти-ҳаракатни қилишимни билмасдим. Ҳаммаси “мотор” дейилганида яратиларди, дейди Дилфуза Исмоилова.
Кунига 15 марталаб куйланадиган “Тошкентнинг шўх қизи”
Дилфуза Исмоилованинг қўшиқ куйлаши томошабинлар учун кутилмаган янгилик бўлган. Уни кўпчилик хонанда сифатида тан олмаган ва танқид тошларини отган. Шундай бўлса-да, у “Тошкентнинг шўх қизи” қўшиғи билан ўз мухлисларини топган.

Мазкур қўшиқ 2000 йилда Дилфуза Исмоилова ғояси, Тоҳир Муҳаммад сўзи асосида яратилган. Мазкур қўшиқдан сўнг хонандага омад кулиб, тўйларининг кети узилмай қолди.
— Йигирма йилдан буён “Тошкентнинг шўх қизи” қўшиғини кунига камида 10-15 маротаба ижро этаман. Кунига 4-5 та “бирров”им бўлса, ҳар бир тўйда камида икки-уч марта ижро этишимни сўрашади. Энг қувонарлиси, қўшиқни аввал ёшлар сўрарди, ҳозир 80 ёшли онахонлар ҳам шу қўшиққа рақсга тушяпти. Овози йўқ дейдиганларга жавобим — у эшакда ҳам бўлади. Мен ойлаб битта қўшиқ устида ишламайман, ярим соатда шеърни қўлимга олиб битта айтиб, студиядан чиқиб кетаман. Қўшиқ кўнгилдан чиқиши керак, шундагина самимий бўлади. Овози йўқ дейдиганларга айтар гапим 24 йилдан буён қўшиқ айтиб халқ хизматида юрибман. Битта чиқиб, йўқ бўлиб қолмадим. Санъатда овоз рол ўйнамайди, дейди Дилфуза Исмоилова.
“Аҳмадбойга машина бериб куйдим”
2017 йилда ижтимоий тармоқларда хонанда Дилфуза Исмоилова тўй вақтида Аҳмадбойни дуо қилаётгани тасвирланган видеолар пайдо бўлади. Қўшиқчи “Бахтимизга бой отамиз соғ бўлсинлар, умрлари узоқ бўлсин! Аллоҳ сизни ўз паноҳида асрасин. Бой отамизни ёмон кўзлардан, ёмон одамлардан худо асрасин!”, дейди.

— Аҳмадбойга пул бермаганман. Машина бергандим. Машинага куйдим. У ҳам бир инсон. Беайб парвардигор. Дўстга ҳам, душманга ҳам айтадиганим — омадини берсин, дейди Дилфуза Исмоилова.
“Лўлилар қўшиқчиларга кўп пул беради”
Дилфуза Исмоилова интервьюларининг бирида лўлиларни яхши кўриши, улар тўйда айтилган нархдан ўн баравар кўп бериши ҳақида гапирганди.

— Лўлиларнинг буюртмаси билан тўйларига бораман. Мен уларни роса ҳурмат қиламан, уларни яхши кўраман, меҳмондўст бўлишади. Буюртма қилишади, улар мард. Қанча беришини айтмайман, лекин ўзимизнинг инсонлардан ўн баравар кўп тўлашади. Жуда ҳам мард бўлишади, улар мени яхши кўришади, мен ҳам уларни яхши кўраман”, дейди хонанда.
“Турмушга чиқишга уялдим”
Дилфуза Исмоиловага арабистонлик шайхдан совчи келгани, у бир нечта чемоданда тилла ва кийимларни совға қилиб юборгани, хонанда эса уни инсонларга тарқатиб юборгани ҳақида ҳам айтганди.

— Бундан бир неча йил аввал умрага бориш жуда қийин бўлган пайтда биз Юлдуз Усмонова билан қадр кечасида умра қилиб келганмиз. Ўшанда савол-жавобдан ўтиш роса қийин эди. Саудиянинг элчихонасига суҳбатга кирганимизда Наиф деган ёшгина араб йигити мени ёқтириб қолган. Ўша менга совчи қўйган. Умрага борганимизда ҳам менга алоҳида машиналар қилиб қўйган. Лекин мен ҳамма қатори автобусда юрганман. Концертларимга тушган, жуда кўп совға-саломлар жўнатган. Ундан кейин яна бордик, яна бир араб кўнгил қўйибди. Ундан ҳам чамадон-чамадон кийимлар, бриллиант ва тилла тақинчоқлар келди. Олмайман, дедим, чиройли муомала билан йўқ дедим. Лекин қойил қолганим, рад жавобини айтсам ҳам, совғаларини ташлаб кетган, уларнинг ҳаммасини яқинларимга тарқатганман, бирортасини ўзим ишлатмаганман.
Сизга айтсам, ҳозиргача ёш йигитлар яхши кўриб қолиб, иккинчи хотинликка таклиф қиляпти. Билмадим, балки улар “Мени боқиб юрар” деб ўйлаб севги изҳор қилар. Мен эса умуман хоҳламайман. Калламни ишлатаман. Менда ҳам севги бор. У севги Аллоҳга, яқинларимга. Мен икки инсоннинг ўртасидаги севгига ишонмайман, бандасининг севгиси ҳеч қачон боқий бўлмайди, дейди хонанда
“Қайнонам ҳам қўшиқчи бўлган”
Хонанда шахсий ҳаётда омади кулмагани турмуш ўртоғининг нотўғри қадами сабаб уч бола билан ажрашгани ҳақида сўзлаб берган.

— Турмуш ўртоғим билан ажрашиб кетганимизга 18 йилдан кўпроқ бўлди. Турмуш ўртоғим курсдошим эди. Жуда ҳам тарбияли, яхши инсон бўлган. Санъаткорлар оиласига келин бўлиб тушганман. Қайнонамга ҳам гап бўлиши мумкинмас. Қайнонам Нодира Аҳмедова, қўшиқчи бўлган.
Турмуш ўртоғим билан ажрашишимга уларнинг нотўғри қадами сабаб бўлган. Қўпол бўлса ҳам айтаман, мен ҳеч қачон ҳаром нарсани ўзимга яқинлаштирмайман. Менинг бир одатим борки, яқин инсоним алдаса, ҳеч қачон кечирмайман. Айбини кечиришим мумкин, лекин у одам мен учун йўқ, дейди Дилфуза Исмоилова.
Дилфуза Исмоилова нима сабабдан фильмларда рол ижро этмаяпти?

— Фильм ва сериалларга таклифлар жуда кўп бўлади. Рад жавобини бераман. Яқинда мана, режиссёр Ҳилол Насимов фильмга таклиф қилди. Қанақа рол, десам, “ичадиган аёл” образи экан. Ичиб рол ўйнар эканман, яна қўлимга кишан солиб олиб кетишар экан. Бунақа ролни ўйнамайман. Миллион доллар берса ҳам. Ойига 100 минг доллар берса ҳам, рози бўлмайман. Мен рол танлайдиган актрисаман, дейди у.
“Сув заводим бор”
Дилфуза Исмоилова ўғилларининг ҳам санъаткор бўлишини истаганди. Аммо уларнинг қўшиқлари у қадар оммалашмади. Ҳозир ўғиллари тадбиркорлик билан шуғулланади.

— Катта ўғлим ҳовли қуриб сотади. Кичкина ўғлим Сарварнинг сув заводи бор. Қўли қўлига тегмай ишлайди, сув бешта филтрдан ўтади. Сув ҳам ернинг тагидан олинади, ҳалол қилиб ишлаб чиқарилади. Менинг ҳам беш хил сув заводим бор, дейди актриса.
Юлдуз Усмонова билан ораларига совуқчилик тушгани ҳақида

Ўзбекистон халқ артисти Юлдуз Усмонова ва хонанда Дилфуза Исмоилова бир пайтлар бир-бирини қаттиқ ҳурмат қилган, яқин дугоналар, устоз-шогирд эди. Аммо ҳозирги пайтда уларнинг ўртасига совуқчилик тушган. Дилфуза Исмоилова интервьюларидан бирида ушбу совуқчиликнинг сабабини қуйидагича изоҳлаган:
— Ҳозир Юлдуз опам билан муносабатимиз яхши эмас. Салом-алигимиз бор, лекин дардлашмаймиз. Юлдуз опамнинг шундай характери борки, ишонувчан. Мен уларга айтардим, ҳеч қачон бировнинг гапига ишонманг, деб. Одам кўзи билан кўриши, қулоғи билан эшитиши керак. Мен, масалан, биров менга бировни гапириб келса, ишонмайман. У одамни ҳурмат ҳам қилмайман, бор, дейман. Инсон ўзига, ақлига, қулоғига, кўзига ишонганидан кейин гапириши керак. У унақа дебди, бу бунақа дебди, деган гапларга ишониб қоладиган одатлари бор эди. Унақа бўлиши керак эмас. Юлдуз опа жуда ишонувчан, шунинг учун уларга ишонманг ҳеч кимга, дегим келади. Инсоннинг ичини билиш жуда қийин. Тоза дўст топиш жуда қийин. Олдиларига ким қанақа ниятда келади, Худо билади. Бизга ҳамманинг ҳаваси келарди. Гадонинг душмани гадо бўлади. Мен ҳақимда санъаткорлар уларга нима деяётганини ўз қулоғим билан эшитганман, дейди Дилфуза Исмоилова.
Дилфуза Исмоилова кун келиб, устози билан муносабатлари яна аввалгидек бўлишига ишонишини ҳам айтиб ўтган.
“Вақти келади, ҳали яна дардлашиб ўтирамиз. Ўшанда уларга айтадиган гапларим бор. Мен уларга фақат яхшилик тилайман. Чунки бундай инсонлар бошқа туғилиши қийин”, дейди хонанда.
“Шу пайтгача 22 кишига машина тарқатибман”
Дилфуза Исмоилова ўзбек шоу-бизнесидаги энг қўли очиқ хонандалардан бири эканлиги ҳеч кимга сир эмас. У яқинларига қимматбаҳо совғаларни улашишни яхши кўради.
— Бу мақтаниш эмас, инсон жигаржон бўлиши керак. Шундай инсонлар борки, пул топади, лекин на ота-онасига, на опа-синглисига ҳеч нарса қилмайди. Фақат ўзини ўйлайди. Ваҳоланки қанча бировга пул берсангиз, шунча пул келаверади. Шу пайтгача, опа-синглим, қариндош-уруғим ва ҳатто қуда-андаларимга ҳам жами 22 кишига машина совға қилибман, деган эди хонанда.
Изоҳ (0)