Жуда кўп миқдорда ўзлаштириш ва талон-торож қилиш жиноятини содир этгани учун қидирувда бўлган Ўзбекистон фуқароси АҚШда қўлга олиниб, депортация қилинди. Бу ҳақда Интерполнинг Ўзбекистондаги Миллий марказий бюроси хабар бермоқда.

Қайд этилишича, ушбу шахс Ўзбекистон Интерпол Миллий марказий бюросининг ахборот кўмаги ҳамда АҚШнинг ваколатли органлари ўртасидаги яқин ҳамкорлиги натижасида қўлга олиниб, Ўзбекистонга қайтариб юборилган.
Фуқаро Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 167-моддаси 3-қисмида назарда тутилган (кўп миқдорда ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш) жиноятни содир этгани учун қидирувда бўлган. Ушбу ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилган, айбланувчи чет элга қочиб, терговдан яширинган ва халқаро қидирувга эълон қилинган.
Интерпол ММБ томонидан АҚШ ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлари ва АҚШнинг Ўзбекистондаги элчихонаси билан ахборот алмашинуви ва музокаралар натижасида унинг депортация қилинишига эришилган.
Санкт Петербургда 2021 йилда содир этилган қотиллик учун қидирувда бўлган Ўзбекистон фуқароси 28 май куни Салвадордан экстрадиция қилинганди. Ўзбекистонда 9 миллион долларни талон-торож қилишда айбланган шахс Россияда ушланиб, 15 майда Ўзбекистонга экстрадиция қилинганди. Шунингдек, Ўзбекистон Интерпол Миллий марказий бюроси халқаро қидирувда бўлган жиноятчи аёлни БААдан чиқариб юборганди.
3 июлда эса Уммондан Ўзбекистон Жиноят кодексининг 135-моддасида назарда тутилган одам савдосида айбланаётган фуқаро экстрадиция қилинган.
Изоҳ (0)