Xiaomi компанияси 5 000 мА/соат сиғимга эга бўлган Magnetic Ultra Slim номли янги ташқи аккумуляторни тақдим этди. Унинг қалинлиги атиги 8,7 миллиметрни ташкил этади. Қурилма MagSafe’га мос iPhone ҳамда бошқа гаджетларга уланадиган 17 та магнит билан жиҳозланган.

Корпус алюминий қотишмасидан тайёрланган, магнитли томони эса мустаҳкам шиша толали панелдан иборат. Заряд олиш сиғимини йўқотмай, аккумулятор ўлчамни кичрайтириш мақсадида ишлаб чиқарувчилар юқори зичликдаги литий-кобалт-оксидли батареядан фойдаланган. Қурилма ҳатто 300 марта қувватлаш циклидан сўнг ҳам дастлабки сиғимининг 80 фоиздан ортиғини сақлаб қолади.

USB‑S порти орқали 22,5 Вт гача симли қувват етказиб берилади, магнитли симсиз қувватлаш эса 5 дан 15 Вт гача етади. Повербанк бир вақтнинг ўзида икки қурилмани зарядлашга қодир.
Термодатчик тизими ҳар дақиқада 12 000 марта ҳароратни назорат қилади, 826 мм² майдонга эга иссиқлик ўтказувчи қатлам эса ортиқча ҳароратни чиқариб юборади. Ишлаб чиқарувчининг таъкидлашича, аккумулятор ортиқча заряд олиш, қизиб кетиш, қисқа туташувдан ҳимояланган.

Повербанк Хитойда 169 юанга (тахминан 25 доллар) нархда сотувга чиққан. Ҳозирда тўртта ранг: кўк, қора, бинафша ва олтин ранглиси сотувда.
Изоҳ (0)