Украина ва Америка Қўшма Штатлари вакиллари Россия томони билан учрашади. Бу ҳақда Интерфакс Украина нашри хабар берди.
Манбага кўра, Владимир Зеленский АҚШ президенти Дональд Трампнинг махсус вакили Кит Келлогг билан Россия билан эҳтимолий учрашув масаласини муҳокама қилиш учун кўришади.
Жорий йил 18 август куни Дональд Трамп Европа етакчилари билан учрашувлардан сўнг Путин ва Зеленский ўртасидаги учрашувга тайёргарлик бошланганини эълон қилди.

Европа мамлакатлари эса Украинага мустаҳкам хавфсизлик кафолатларини бериш масаласини муҳокама қилишни бошлади. Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров эса Россиянинг иштирокисиз бериладиган кафолатни Москва тан олмаслигини билдирди. Шундан сўнг, Ғарб оммавий ахборот воситалари Путин Зеленский билан учрашиш ниятида эмаслигини ва унинг асосий мақсади вақтдан ютиш эканини ёзди.
Дональд Трампнинг ўзи ҳам тинчлик музокараларини президентлар даражасида ўтказиш масаласи ҳақида 18 августдан бери аниқ баёнот бергани йўқ. Аксинча, у Украинанинг ҳужум қилмасдан туриб Россияни мағлуб эта олмаслигини таъкидлади. Шунингдек, у икки ҳафтадан сўнг тинчлик музокараларининг сустлашувида ким айбдорлигига қараб янги чораларни кўришини маълум қилди.
Изоҳ (0)