Американинг техногиганти Apple 2027 йилда ўз маҳсулотлари тарихида янги даврни бошлаб берувчи турли хил инновацион қурилмаларни тақдим этади. Бу ҳақда таниқли технологиялар журналисти Марк Гурман хабар берди. Яқин икки йил ичида компания iPhoneʼлар линиясини тубдан қайта кўриб чиқади, ақлли соатлар ва қулоқчинлар каби қурилмаларни модернизация қилади ҳамда роботлаштирилган гаджетларни ишга туширади.

2024 йилда Apple бир қатор янгиликларни намойиш этган бўлса-да, компания ҳали ҳам “тубдан ўзгартирилган” қурилмаларни тақдим этмаганликда танқид қилинмоқда. Масалан, iPhone 16 бозордаги энг яхши смартфонлардан бири бўлиб қолмоқда, аммо у аввалги моделлардан деярли фарқ қилмайди. Янги авлод МаcBook ноутбукларида инновацион процессорлар қўлланган, бироқ бошқа техник жиҳатлар деярли ўзгаришсиз қолган. Шунингдек, Vision Pro гарнитураси ҳам технология оламида янгилик ҳисобланади, аммо у фойдаланувчилар орасида етарли даражада машҳур бўла олмади, шунинг учун унинг келажаги ҳозирча ноаниқ бўлиб қолмоқда.
Apple томонидан янгиликларнинг йўқлиги iPhone ва Apple Watch савдосига салбий таъсир кўрсатди. Купертино компанияси янги маҳсулотлар ишлаб чиқиш суръатини сезиларли даражада пасайтирди. Буларнинг бари технологиялар бозори кучли рақобат босқичига кирган даврда юз бермоқда. Xiaomi ва Huawei каби Хитой компаниялари турли сегментларда инновацион ечимлар билан тобора фаолроқ бўлмоқда.
Шунга қарамай, Appleъда ўз вақтида Nokia, BlackBerry ёки Compaq каби техногигантларнинг тақдирига дуч келмаслик учун барча ресурслар мавжуд. Шу сабабли компания айнан 2027 йилга келиб илк iPhone ишлаб чиқарилганининг 20 йиллиги муносабати билан мутлақо янги қурилмалар туркумини тақдим этиши кутилмоқда.
Янги авлод iPhoneʼлари

2027 йилгача ишлаб чиқарилиши режалаштирилган энг муҳим янгиликлардан бири — Apple тарихидаги биринчи букилувчи смартфон бўлади. Гарчи бундай гаджетларни бошқа компаниялар аллақачон ишлаб чиқарган бўлса-да, Apple маҳсулоти ўзига хос дизайн ва технологияга эга бўлади. Жумладан, у эластик титан асосидаги илғор ғилоф механизми ва экраннинг марказий қисмида деярли кўзга ташланмайдиган букилиш чизиғи билан ажралиб туради.
Яна бир инновацион iPhone — бутунлай янги дизайнга эга модел бўлиб, кўринишидан бир парча шишани эслатади. Қурилма рамкасиз гаджетга айланади. Бу, эҳтимол, Apple компаниясининг 2019 йилги патентларига асосланган дизайн бўлиб, унда телефон атрофида “узлуксиз ҳалқа ҳосил қилувчи” ягона шишадан ясалган корпус тасвирланган.
Ақлли кўзойнаклар, камерали соатлар ва сунъий интеллектга эга бошқа гаджетлар

2027 йилгача Apple сунъий интеллект платформаси — Apple Intelligence функцияларини ўз ичига олувчи турли қурилмаларни ишлаб чиқади. Хусусан, Меtа компаниясининг Ray-Ban кўзойнакларига рақобат сифатида Apple қуёшдан сақловчи “ақлли” кўзойнаклар тақдим этиши кутилмоқда. Улар махсус янги чип, камера, динамика ва микрофонлар билан жиҳозланади ва Visual Intelligence технологияси орқали атроф-муҳит билан мулоқот қилади.
Ушбу кўзойнаклар ChatGPT ёки Google Search ёрдамида объектларни аниқлай олади, диққатга сазовор жойлар ҳақида маълумот беради ёки матн таржимаси ва маҳсулот буюртмаси каби топшириқларни бажаради.

Visual ntelligence технологияси AirPods қулоқчинлари ва Apple Watch ақлли соатларига ҳам жорий этилади. Улар ҳам камералар билан жиҳозланади ва атрофдаги маълумотларни сунъий интеллект ёрдамида таҳлил қилади. Оддий Apple Watch модели дисплей остидаги датчик билан, Ултра версияси эса ён томонидаги тугма яқинига жойлаштирилган линза билан жиҳозланади. Фойдаланувчи билагини объект томон йўналтириши билан қурилма у ҳақида маълумот беради.
Робот қурилмалар ва сунъий интеллект ривожи
Бундан ташқари, Apple “ақлли уй” экотизимини ривожлантириш мақсадида роботлаштирилган қурилмалар устида ишламоқда. 2027 йилгача компания махсус механик қўл ва “ўз шахсига эга” сунъий интеллект билан жиҳозланган уйни бошқариш марказини тақдим этиши мумкин. Шунингдек, компания оила аъзоларни таниб оладиган, уйни кузатадиган, ичимлик олиб келиб берадиган ва уй ҳайвонларини овқатлантириш каби вазифаларни бажара оладиган мобил робот устида ишламоқда.

Бундан ташқари, 2027 йилда Apple Intelligence платформасида икки муҳим янгилик кутилмоқда. Биринчиси — сунъий интеллект имкониятларини кенгайтирувчи янги, кучли чиплар билан жиҳозланган AI-серверлар. Иккинчиси эса Siri овозли ёрдамчиси базасига янги тиллар моделидир.
2027 йил Apple Intelligence платформаси яна иккита муҳим янгилик билан ажралиб туради. Биринчидан, сунъий интеллект имкониятларини оширадиган янги ва кучлироқ чиплар қўлланилади, иккинчидан, Siri овозли ёрдамчиси учун кўплаб янги тил моделлари ўрнатилади.
Изоҳ (0)