Буюк Британиянинг Империал коллежи ва Деменция тадқиқот институти олимлари аниқлашича, тунда такрорий кўриладиган даҳшатли тушлар инсон саломатлигига жиддий таҳдид солиши мумкин. Европа Неврология академиясининг Ҳелсинкида ўтган конгрессида тақдим этилган йирик тадқиқот натижалари буни исботлайди.

Аниқланишича, қўрқинчли тушлар биологик қариш жараёнини тезлаштиради ва 70 ёшга етмасдан вафот этиш эҳтимолини уч баробарга оширади.
Тадқиқотчилар 26 ёшдан 86 ёшгача бўлган 183 мингдан ортиқ катталар ҳамда 8–10 ёш оралиғидаги 2400 га яқин болаларнинг маълумотларини таҳлил қилди. Улар 1,5 йилдан 19 йилгача бўлган даврда кузатув остида ўрганилган. Натижаларга кўра, ҳафтасига камида бир марта даҳшатли туш кўрадиган одамлар орасида эрта ўлим хавфи чекувчи, семиз ёки спорт билан шуғулланмайдиган одамларга қараганда юқорироқ бўлган.
Тадқиқотда хромосомалар устки қисмида жойлашган ва ҳужайралар қариши билан қисқарадиган ДНК бўлаклари — теломералар узунлиги ҳам ўлчанди. Даҳшатли тушларни тез-тез кўрадиган одамларда бу теломералар анча қисқароқ бўлиб чиқди. Шунингдек, уларнинг биологик ёши паспорт ёшидан катта бўлиб, бу ҳолат турли ёшдаги, жинсдаги ва этник гуруҳларга мансуб кишиларда кузатилди.
Бундай салбий таъсирга уйқунинг бузилиши ва кучли стресс сабаб бўлади. Даҳшатли тушлар кортизол — ҳужайра қаришини тезлаштирувчи стресс гормони даражасининг кескин ошишига олиб келади. Уйқунинг бузилиши туфайли тана тўқималари ва органларининг тикланиш жараёнлари секинлашади.
Гарчи ушбу тадқиқот даҳшатли тушлар билан эрта ўлим орасидаги боғлиқликни кўрсатган бўлса-да, олимлар натижаларни эҳтиёткорлик билан талқин қилишни тавсия этади. Чунки даҳшатли тушлар ўзлари ҳам соғлиқ билан боғлиқ яширин муаммоларнинг белгиси бўлиши мумкин. Шунинг учун аниқ хулоса чиқариш учун қўшимча тадқиқотлар зарур.
Тунда даҳшатли тушлар кўриш ҳолатидан қутулиш учун олимлар хавотирни камайтириш устида ишлашни, депрессияни даволашни ва ухлашдан аввал даҳшатли фильмларни томоша қилишдан тийилишни тавсия қилади.
Изоҳ (0)